Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига қараганда, ҳозирги кунда дунёда 35 миллиондан ортиқ киши  ОИВ/ОИТС инфекциясидан жабр чекмоқда. ОИВ инфекциясини юқтирганлар орасида аёллар сонининг ўсиши дунё ҳамжамиятини ташвишга солмоқда. Анатомик-физиологик хусусиятларга кўра, аёллар ОИВ инфекцияси юқиши жиҳатидан энг заиф гуруҳ ҳисобланади. Юзага келган вазият ОИВ инфекцияси тарқалишига қарши саъй-ҳаракатларни ҳамда унинг оқибатларини бартараф этишни  фаоллаштириш зарурлигини тақозо этади.

Юртимизда ушбу касалликка қарши кураш, унинг олдини олиш самарадорлигини ошириш мақсадида «Одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш тўғрисида» Ўзбекистон Республикасининг Қонуни қабул қилинган. Ушбу қонун 5 боб, 28 моддадан иборат бўлиб, бунда барча чора-тадбирлар мужассамлаштирилган. ОИВни юқтириб олганларга тиббий ёрдам кўрсатиш ОИТСга қарши курашиш марказлари ва даволаш профилактика муассасаларида яшаш жойи бўйича диспансер  ҳисобига қўйилганидан кейин амалга оширилади. ОИВни юқтириб олганларга тиббий ёрдам кўрсатиш ОИВ инфекциясини махсус даволаш, шунингдек, ОИВ инфекцияси билан боғлиқ касалликлар ривожланишининг олдини олиш, ташхис қўйиш ҳамда даволашни ўз ичига олади.

Шуни таъкидлаш жоизки, киши соғлом турмуш тарзи билан яшаса, оиласига садоқатли бўлса, гиёҳвандлик, ичкиликбозлик ва бошқа зарарли иллатлардан воз кечса ОИВ инфекцияси ва бошқа иллатлардан холи бўлади.

Вилоят ОИТСга қарши кураш маркази мутахассислари, шаҳар ва туманлар тиббиёт ходимлари томонидан аҳолининг барча қатламлари  орасида мунтазам санитария тарғибот тадбирлари олиб борилмоқда.

Соғлом турмуш тарзи билан яшасак, ҳеч қачон ёмон иллатли касалликларга дучор бўлмаймиз. Турмушимиз обод, фарзанд-ларимиз соғлом ва ҳаётимиз юксак даражада кечади.

ОИВ/ОИТС касаллиги билан боғлиқ саволлар  билан Наманган шаҳар, 4-кичик туман, «Ғалла» кўчасида жойлашган вилоят ОИТСга қарши кураш марказига ёки 232-14-35 «ишонч телефони»га мурожаат қилишингиз мумкин. Бизда тиббий хизматлар бепул.

Г.Мамажонова, ОИВ/ОИТСга қарши кураш маркази бўлим мудири, А.Абдуллаев, туман катталар поликлиникаси бош фельдшери.

 

 

 

 

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.