Севимли шоиримиз Иқбол Мирзо кўҳна Косонсойнинг мафтункор табиатига таъриф бераркан, «Гап, албатта, обу ҳаводагина эмас, косонсойликлар билан бир бор учрашган одам узоқ вақт хуш хаёлларда юради. Бу ғайратли, шижоатли, ҳалол ва самимий одамлар сизга инсонлигингизни, дунёда дунёдан кўра юксакроқ дунёлар борлигини эслатиб туради», деб ёзган эди.

Саксонга тўлиб, тўқсонга қадам қўйган болалар шифокори Мукаррамхўжа ота Саидов билан суҳбатлашар эканман, халқ шоири айнан шу кишига ўхшаш инсонларга таъриф берганлигини чуқур ҳис қилдим. Тўғри, шу ёшда у кишидаги ғайрат-шижоатни кўриб ҳавас қилдим, самимийлик, камтарлик ва ҳалоллик ҳар қандай мақтову таърифларга лойиқ.

Айтишларича, Мукаррамхўжа ака туманимизнинг биринчи болалар шифокорларидан бири эканлар. Бу гап ҳам ҳақ. Чунки ўтган асрнинг эллигинчи йилларида туманимизда шифокорлар бармоқ билан санарли бўлган. 1959 йили олийгоҳни битириб келган М. Саидов олий маълумотли врачлар сафини яна биттага кўпайтирди. Бир неча йил марказий шифохонада болалар врачи, бўлим мудири, болалар поликлиникаси мудири, бош врачнинг даволаш ишлари бўйича ўринбосари вазифаларида сидқидил меҳнат қилди.

-Биласизми, ўша кезларда туманда наинки олий маълумотли шифокорлар, балки тиббиёт ҳамширалари ҳам етишмасди,-дейди М. Саидов.- Қизил Ярим Ой жамияти туман бўлими қошида икки йиллик ҳамширалар тайёрлаш курси очиб, қиз-жувонларни ўқитардик.

Ўғилжон Дадабоева деган шогирдим бор. У туғилганда, мен иш бошлагандим. Катта бўлиб, ўқиди ва менга шогирд бўлди.

Ўз ишига беҳад қизиқар, зукко ва қобилиятли тиббиёт жонкуярларидан бири сифатида обрў топди. У мени устоз деб биларди. Вақтнинг ўтишини қаранг, шу қизимиз ҳам яқинда пенсия ёшига етибди...

Исомиддин Жалолов, Мария Славгородская, Зейнал-зода, Усубжон Усмонов каби тажрибали устозлар билан ёнма-ён ишладим. Улар номини ҳурмат билан эслайман. Мени устоз, деб билган, ҳозирда ўзлари тажрибали устоз сифатида ном қозонган Заҳрожон Абдуллаева, Маърифатхон Бобохонова, Маъсудажон Ҳомидова, Мирзаолим Арслонов кабилар билан ҳар доим фахрланаман.

Мукаррамхўжа ота тиббиёт соҳасидаги меҳнат фаолияти ҳақида сўзлар экан, мустабид тузум йилларида оқ халат соҳибларининг бошидан кечирганлари, орзу ва армонлари хаёлидан кечди.

-Шифохоналарда жой озлиги, мутахассислар етишмаслиги сабабли болалар оддий касалликлардан ҳам вафот этишарди.

Туман марказида атиги 4 нафар патронаж ҳамшира бор эди. Улар дуч келган жойда-кўчами хонадонда дифтерия, қизамиқ, кўк йўтал каби 3-4 та касалликларга қарши эмлаш ишларини олиб борарди. Ҳозир-чи? Ҳозир ҳар бир маҳаллада патронаж ҳамшира ишлайди. Болалар 13 та дан зиёд касалликларга қарши тиббий муассасалардаги махсус хоналарда эмланади.

Истиқлол шарофати билан юртимизда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, фарзандларимизнинг соғлом ва баркамол вояга етишиши учун етарли шарт-шароитлар яратишга эътибор кучайтириляпти. Бу вазифаларни бажаришга тиббиёт ходимлари ҳам масъулдир.

Мукаррамхўжа ота шифокорлик касбида ярим асрдан зиёд вақт меҳнат қилиб, кам бўлмади. Яхшиликнинг мукофоти яхшиликдир, деганларидек фақат яхшилик кўрди.

Дарвоқе, отахоннинг турмуш ўртоғи Мунисхон Ортиқова туманимизнинг биринчи инженер-муҳандис аёли эдилар.

-1961 йили тўйимиз бўлганди,-деб хотирлайди М. Саидов.- Мунисхон олий маълумотли сув хўжалиги мутахассиси эдилар.

Тизимда нафақага чиққунга қадар масъулият билан ишладилар. Биргаликда уч нафар фарзандни камолга етказдик.

Афсуски, Мунисхонга набира ва эваралар камолини кўриш насиб этмади. Охиратлари обод бўлсин...

Шафқат, қўли очиқлик, тавозе, очиқ юзли бўлиш олижаноб кишиларга хос хислатлардандир. Мукаррамхўжа ота  Саидов ҳақида гап кетганда кўпчилик ана шундай самимий фикрлар билдиради. Бу олижаноб инсонга узоқ умр, мустаҳкам соғлиқ тилаб қоламиз.

М.АКРАМОВ.

 

 

 

 

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.