2018 йилнинг декабрида Ўзбекистон Республикаси Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилотининг безгак касаллигини элиминация қилинганлиги тўғрисидаги сертификатини олиб, бу касалликдан холи бўлган ҳудуд мақомига эга бўлди.  Ҳақиқатан мазкур хасталик билан 2006 йилдан буён аҳоли ўртасида зарарланиш ҳолати қайд этилмаган бўлса-да, безгак  кенг тарқалган эндемик ҳудудларга бориб-келганлар орқали касалликнниг тарқалиш хавфи ортмоқда. Айниқса, қўшни Тожикистон, Афғонистон, Қирғизистон давлатларида безгак касаллиги қайд этилаётганлиги ниҳоятда ҳушёр бўлишни талаб этади.

Касаллик бемордан анофелес чивинларининг чақиши орқали ўтади. Чивин чаққанида инсон ошқозонига сўрилаётган қон билан биргаликда паразитлар тушади. Тана ҳарорати кўтарилиши, бош ва бўғимлар ҳамда кўз косаларида оғриқ, ҳолсизланиш, кўнгил айниши, йўтал каби  белгилар кузатилади. Ёш болаларда иштаҳа йўқолиб, қусиш пайдо бўлади.

Безгак фақатгина махсус чивинлар мавжуд жойлардагина тарқалади. Шунинг учун чивинлар  кўпайиши ва чақишига қарши кураш чораларини вақтида кўриш лозим. Деразаларни ҳимоя тўрлари билан қоплаш, сўриларга пашшахона ўрнатиш, ҳашаротларга қарши курашда махсус кимёвий воситалардан фойдаланиш ва тананинг очиқ қисмларига чивинларни қўрқитувчи воситалар суртиш тавсия этилади.

Касаллик белгилари пайдо бўлганда, албатта, шифокорга мурожаат қилиш керак. Тўғри ва аниқ ташхис қўйиш учун қон махсус усулда текширилади. Ҳозирги кунда бу оғир хасталикни даволашда самарали дори-дармон воситалари қўлланилмоқда. Ўз вақтида тўғри даволаш орқали оғир оқибатларнинг олдини олиш  мумкин.

З. АБДУЛЛАЕВА, туман СЭО ва ЖСБ энтомологи.                           

                Р. МУРОДОВ, ёрдамчи энтомолог.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.