- Қандли диабет  ўзи нима, мазкур касалликда организмда қандай жараёнлар бузилади, шу ҳақда маълумот берсангиз.

- Қандли диабет  танада углевод ва сув алмашинувининг бузилиши оқибатида юзага келадиган касаллик. Оддий тилда тушунтирадиган бўлсак, қандни қайта ишлашда қатнашадиган инсулин гормонини ишлаб чиқарувчи меъда ости бези фаолияти бузилгач, организм қондаги глюкоза миқдорини меъёрда ушлаб тура олмайди ва қанд миқдори ошиб кетади. Шунда организм ортиқча глюкозани сийдик орқали чиқариб юборади.

- Унинг қандай турлари бор?

- Касалликнинг турлари бошланғич даврда бир-биридан тубдан фарқ қилади. Бу қанча узоқ давом этса, даволаш усуллари бир-бирга ўхшаб кетаверади.

Касалликнинг биринчи тури инсулинга боғлиқ диабет дейилади. Кўпинча ёшлар, 30 ёшгача бўлганлар, озғин одамлар азият чекади. Мазкур тур билан зарарланган беморлар парҳезга амал қилишса, яхши натижага эришиш мумкин, аммо доимий равишда сунъий инсулин қабул қилиш талаб этилади. Яъни инсулин ошқозон-ичак трактида парчаланиб кетганлиги боис у фақат инъекция орқали овқатланиш вақтида киритилади.

Қандли диабетнинг иккинчи тури инсулинга боғлиқ бўлмаган диабет дейилади. Кўпинча ёши катталар, тўлароқ, 30 ёшдан ўтганлар азият чекади. Даволашда ҳар доим ҳам инсулин жўнатиш керак бўлавермайди, аммо бунда ҳам парҳез буюрилади. Шифокор тавсиясига амал қилиш муҳим аҳамиятга эга. Тана вазнини меъёрга келгунича аста-секин, ойига 2-3 килограммдан тушириб бориш тавсия этилади. Парҳезга амал қилинмаганда, қонда шакар миқдорини туширувчи дорилар, энг оғир ҳолларда эса инсулин буюрилади.

- Қандли диабeт бeлгилари нималарда акс этади?

- Мазкур касалликнинг аломати яширин бўлади ва шу ҳолатда ривожланади, айниқса, дастлабки босқичлари енгил ўтади. Шунинг учун дастлабки белгилари қандайлиги ва унинг хавфли омиллари ҳақида иложи борича кўпроқ маълумотга эга бўлиш зарур.

Беморда касаллик пайдо бўла бошланганида, бир неча аломатлар қайд этилади. Масалан, оғизнинг доимий қуриши, қондириб бўлмас чанқоқлик, кунлик сийдик ажралишининг ошиши, тана вазнининг камайиши ёки бирдан ошиб кетиши, кучли тери қичиши ва қуруқлашиши, тери ва юмшоқ тўқималарда йирингли ярачалар пайдо бўлиши, мушакларнинг кучсизлиги, ҳаддан ташқари терлаш ва ҳар қандай яраларнинг қийин битиб кетиши кузатилади. Оддийгина уй ҳайвони, масалан, мушук тирнаб олган яранинг тузалиши ва битиши учун ҳам ҳафта, балки ойлар керак бўлади. Бу эса қандли диабет белгиларининг аломатидир. Сабаби қон томирлари ва капиллярларнинг деворлари қондаги қанд миқдоридан азият чекади, организм энди янгиланиш учун етарли ресурсларга эга эмас. Яраларнинг секин битиши инфекция юқиш даражасини орттиради.

- Бу дард қандай асоратлар қолдириши мумкин?

- Қандли диабет жиддий асоратлар қолдириши билан хавфли.  Бунда кўришнинг бузилиши, бош оғриғи ва ақлий фаолият пасайиши, юрак оғриғи, жигарнинг катталашиши рўй беради. Қолаверса, оёқларда оғриқ пайдо бўлади ва юриш қийинлашади, терида, айниқса, оёқларда сезгирлик камаяди. Қон босими ортадиган бўлиб қолади, юз ҳамда  оёқда шишиш кузатилади. Яна бир ўзига хос белги, бемордан ацетон ҳидига ўхшаш ўткир ҳид келади.

Қандли диабетни даволамаслик бутун вужудга катта таъсир кўрсатади, бу эса соғлиқ ва ҳаёт учун хавфлидир. Касаллик билан оғриган одамларда кўпинча бошқа заифликлар ҳам бирга хуруж қилади. Яъни беморда юрак билан боғлиқ муаммолар пайдо бўлади. Инсульт, асаб шикастланиши хавфи ортади. Буйрак касаллиниши ва эркак ҳамда аёллар жинсий касалликларга йўлиқишлари мумкин.

- Касаллик ривожланишига нималар сабаб бўлади?

- Аввало, бу ирсиятга боғлиқ. Шунингдек, тана вазнининг ортиши, инсулин ишлаб чиқариш учун жавобгар бета ҳужайралари шикастланишига олиб келувчи касалликлар, мисол учун, панкреатит, меъда ости бези саратони ва бошқа эндокрин безлар касалликлари киради. Шунингдек, вирусли инфекциялар, ортиқча асабийлашиш, стресс ҳам қандли диабетни келтириб чиқариши исботланган. Тағин шуни унутмаслик лозим, ёш ортиши билан ҳар ўн йилда диабет ривожланиши хавфи икки бараварга ортади.

- Қандли диабетга чалинмаслик учун нималарни тавсия этасиз?

 - Бу жуда муракаб эмас, аввало, соғлом турмуш тарзига амал қилиш керак. Тўғри овқатланиш, мева-сабзавотларни кўпроқ истеъмол қилиш, фаол жисмоний машқларни бажариш лозим. Муҳими, одам ўзини стресс ҳолатга тушиб қолишдан сақлаши керак. Яъни асабийлашмаслик учун интилиш, кўпроқ ёқимли суҳбатларда бўлиш тавсия этилади. Ортиқча вазн тўпламаслик мақсадида ёғли овқатлар, ширинликлардан камроқ ейиш зарур. Чекиш ёки спиртли ичимликлардан эса бутунлай воз кечган маъқул.

А. ЗАРИПОВ суҳбатлашди.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.