Истеъмол қилиш мумкин бўлган ва мумкин бўлмаган, яъни заҳарли қўзиқоринларни ажратиш жуда мураккаб. Кўп ҳолларда улар бир-бирига жуда ўхшаб  кетади. Истеъмолга яроқли қўзиқоринларга оқ кўзиқуйруқ, кўк оёқ, шампиньон сингарилар киради. Қизил мухомор, кулранг мухомор, сариқ сохта қўзиқорин сингарилар эса заҳарли ҳисобланади. Тузланган ёки мариновка қилинган қўзиқоринларни рухланган идишларда сақлаганда ҳам, заҳарланиш рўй бериши мумкин.

Қўзиқориндан заҳарланган вақтда касаллик белгилари истеъмол қилинган қўзиқориннинг турига қараб, 20 дақиқадан бир неча соатгача чўзилиши мумкин. Беморда сўлак оқиши, кўп терлаш, кўздан ёш оқиши, кўнгил айниши, қоринда оғриқ бўлиши ва қайт қилиш кузатилади. Томир уриши секинлашади ва сустлашади, алаҳсираш, титраш кузатилади.

Тез тиббий ёрдам кўрсатилса, одатда 1-2 кундан кейин бемор соғайиб кетади. Ўз вақтида даво чоралари кўрилмаган вақтларда  эса зарарланган одам аҳволи  оғирлашиб, воқеа ўлим билан тугаши ҳам мумкин.

Бундай  нохуш ҳолатлар кузатилмаслиги учун ҳар бир шахс ейиш мумкин бўлган ва бўлмаган қўзиқоринлар ҳақида маълумотга эга бўлиши керак. Дала ҳовлиларда, яйловларда ва ариқ бўйларида ўсган ҳар хил қўзиқоринларни истеъмол қилиш тақиқланади.

А. МИРҲОМИДОВ, туман СЭО ва ЖСБ санитария врачи.

  С. РАСУЛОВА, врач ёрдамчиси.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.