Заҳм, люэс, сифилис - барча аъзо ва тизимларнинг зарарланиши билан кечадиган сурункали таносил (венерик) касаллик ҳисобланади. У соғлом одам хасталанган бемор билан жинсий алоқа қилганда ёки унинг идиш-товоқларидан фойдаланганда, юқади. Кейинги йилларда қон қуйиш йўли билан ҳам заҳмнинг юқиши кузатиляпти.

Заҳмнинг биринчи белгиси - оғримайдиган бирламчи сифилома (қаттиқ шанкр) пайдо бўлади. Лимфа тугунлари яллиғланиб, шишади. Кўпинча дармон қурийди, иситма чиқади, бош оғрийди. Айниқса, кечаси суяклар қақшаб оғрийди, уйқусизлик кузатилади. Бемор қунт билан даволанса, албатта, соғайиб кетади. Даво қилмай қўйса, касаллик тўсатдан қайтала-нади.

Заҳмнинг уч босқичи мавжуд. Бунга алоҳида эътибор қаратиш лозим. Чунки дастлабки босқичларда эътиборсиз қолинса, охирги, учинчи даврда мия, юрак, қон томир, жигар каби ҳаёт учун муҳим аъзолар зарарланади ва бемор ҳаёти хавф остида қолади.

Заҳм ҳамма вақт ҳам учинчи даврга ўтавермайди. Бемор касалликнинг биринчи даврида астойдил даволана бошласа, иккинчи даври пайдо бўлмай, тузалиб кетади. Касаллик ўтказиб юборилса, учала даври бирин-кетин рўй беради.

 Беморлар венерология диспансерларида ҳисобга олиниб, мунтазам текшириб турилади. Касаллигини яшириб, даволанмай юрган ёки даволанишни тўхтатиб қўйган беморлар қонун йўл билан мажбурий даволанадилар.

Касалликка чалинмаслик учун соғлом турмуш тарзига қатъий риоя қилиш лозим. Айниқса, тасодифий жинсий алоқалардан одам ўзини тийиши керак. Шунда нафақат заҳм, балки бошқа юқумли касалликларга чалиниш хавфи камаяди.

Муқадддас НЕЪМАТУЛЛАЕВА, туман СЭО ва ЖСБ эпидемиолог врач ёрдамчиси.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.