Маймун чечаги табиий ўчоқли, вирус қўзғатадиган зооноз касаллик ҳисобланиб, иситмалаш, организмнинг умумий заҳарланиши ҳамда терида ўзига хос папула-пустулали тошмалар тошиши билан кечадиган ўта хавфли юқумли касалликдир. 1970 йилгача маймун чечаги вируси одам учун юқумли  ҳисобланмаган. Лекин тиббиёт тарихида маймун чечаги касаллигининг одамга юққанлиги 1970 йилнинг август ойида Зоир давлатида аниқланган касалликнинг клиник кечиши чин чечак касаллиги клиникасидан деярли фарқ қилмаган.

Маймун чечаги вирусининг табиий резервуарлари ва манбалари кемирувчилар ҳамда маймунлар ҳисобланади. Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилотининг 3 йил давомида Зоир давлатида олиб борган эпидемиологик назорати натижаларига кўра, 31,4 % ҳолатда маймун чечаги касаллигининг одамдан одамга юққанлиги кузатилган. Маймун чечагига қарши вакцина ишлаб чиқилмаган.

Маймун чечаги касаллигида вирус худди чин чечак касаллигидек бурун-томоқ ва юқори нафас йўллари шиллиқ қаватлари орқали лимфа тугунларига киради ва уларда кўпая бошлайди, 1-2 кундан кейин вируслар лимфа барьеридан ўтиб, қонга тушади.

 Маймун чечаги касаллигининг клиник кечиши худди чин чечакдагидек намоён бўлади. Касалликнинг инкубацион даври 7-19 кун, ўртача 12 кун давом этади. Касаллик продромал давр (касаллик авж олишдан олдинги давр) билан бошланади. Бу давр 1-3 кун давом этиб, бироз иситмалаш, ҳолсизлик, бош оғриғи билан бошланади, баъзида томоқда оғриқ, йўтал бўлиши, айрим беморларда қусиш, иштаҳанинг йўқолиши каби аломатлар қайд этилади.

Касаллик ўткир, эти увишиб, қалтираш, тана ҳароратининг кўтарилиши билан ҳам бошланиши мумкин. Бемордаги тана ҳароратининг кўтарилиши билан бир пайтда, баъзида эса 1-2 кундан кейин бўйиндаги, қов ва қўлтиқ ости лимфа безларининг катталашиши кузатилади.

Касалликнинг 65 фоизида теридаги тошмаларнинг пайдо бўлишидан олдин лимфаденитлар кузатилади. Тошмалар кўпроқ юз ва оёқ-қўллар териларида (кафт ва товонларда) тошади. Тошмалар шиллиқ қаватлар, тил ва жинсий органларда ҳам учрайди.

А. МИРҲОМИДОВ, туман СЭО ва ЖСБ эпидемиолог врачи.

М. НЕЪМАТУЛЛАЕВА,  ёрдамчи эпидемиолог.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.