Афсуски, коронавирус билан зарарланиш ҳолати туманимизни ҳам четлаб ўтмади. Яъни яқинда тождор вирус инфекциясини юқтириб олган фуқаро аниқланди ва шу туфайли у билан мулоқотда бўлган барча шахслар карантинга олинди.

Шунингдек, махсус гуруҳлар томонидан вирус тарқалиши хавфи юқори бўлган ҳудудларда дезинфекция ишлари изчил амалга оширилмоқда. Қолаверса, фаолият кўрсатаётган ташкилот, корхона ва муассасаларда карантин қоидаларига қатъий риоя этилиши юзасидан тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда.

Мутахассис сифатида энг аввало, қўлни тез-тез совунлаб ювишни тавсия этамиз. Яъни қўлларни оддий кирсовун ёки махсус геллар ёрдамида камида 20 сония ювиш мақсадга мувофиқ. Агар бунинг имкони бўлмаса, дезинфекцияловчи воситалар кўмаги билан қўлларни зарарсизлантириш керак.

Вирус тарқалмаслигига қарши самарали кураш воситаси уйда қолиш ҳисобланади. Мабодо бунинг имкони бўлмаса, бошқалар билан қўл бериб сўрашишдан тийилиш лозим, ўзаро мулоқот пайтида эса 2 метрли ижтимоий масофани сақлаш шарт. Оммавий ахборот воситалари орқали тарқатилаётган хабарлардан билиб, кўриб турибмизки, дунё бўйича тарқалиб, пандемия тусини олган тожсимон вирус ниҳоятда юқувчан ва инсон организмига турли зиён етказиши билан хавфли. Бунинг устига, янги вирус ҳали тўлиқ ўрганилмаган ва у одам танасига киргач, қандай оқибатларни юзага келтириши-да ҳозирча номаълум. Ҳаттоки, у нафақат зотилжам касаллигини келтириб чиқариб, ўпкани зарарлаши, балки мия ҳамда бошқа муҳим аъзоларда ўзининг асоратини қолдириши тўғрисида дунё олимлари томонидан тахминлар билдирилмоқда.

Шундай экан, огоҳ ва ҳушёр бўлайлик, АҚШ, Россия ҳамда Европадаги бир неча давлатларда зарарланиш ҳамда ўлим ҳолатлари юқори даражада бўлаётганлигини унутмайлик. Республикамиз раҳбарияти томонидан ўз вақтида кўрилган чора-тадбирлар натижасида мамлакатимизда тожсимон вирус билан зарарланганлар сони у қадар кўп эмаслиги ҳеч биримизни лоқайд қолдирмаслиги керак. Аксинча, барчамиз ҳушёр бўлиб,  тадбирлар самарадорлигини янада оширишимиз зарур. Бунинг учун эса сиздан ортиқча ҳаракат талаб этилмайди. Юқорида таъкидлаганимиздек, оддийгина санитария-гигиена қоидаларига риоя этилса, бас.

Яна бир бор такрорлаймиз, ўзини ўзи яккалаш,  ижтимоий масофани сақлаш,  ниқоб тақиш,  қўл бериб сўрашмаслик, қўлларни тез-тез совунлаб ювишни унутманг. Вазият бундан-да ёмонлашиб кетмаслиги сизларнинг қўлингизда. Уйда қолинг.

Олимжон ҚОСИМОВ, туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.