Замбуруғларнинг табиатда 100 мингдан ортиқ тури маълум бўлиб, ҳайвонот ва ўсимликлар дунёсининг оралиғида бўлган алоҳида гуруҳ ҳисобланади. Диёримизда қалпоқчали замбуруғларнинг 170 дан ортиқ тури учрайди, унинг 16 тага яқин тури истеъмолга яроқли, 7 та тури эса заҳарли ва қолганлари истеъмол учун яроқсиздир.

Баҳор ҳамда куз ойларида қир-адирлар ва ариқ бўйларида ҳар хил турдаги қўзиқоринлар ўса бошлайди. Бу эса, қўзиқорин истеъмол қилишни ёқтирадиган фуқаролар учун қулай фурсат ҳисобланади.

Истеъмол қилиш мумкин бўлган ва заҳарли қўзиқоринларни турларга ажратиш жуда мураккаб. Кўп ҳолларда улар бир-бирига ўхшаб кетади. Истеъмолга яроқли қўзиқоринларга оқ қўзиқорин, қизил қўзиқорин, шам-пиньион ва опёнок киради. Заҳарли қўзиқоринларга: қизил мухамор, кулранг мухамор, сатанин, сариқ сохта  қўзиқорин ва бошқалар киради. Тузланган ёки мариновка қилинган қўзиқоринларни рухланган идишларда сақланганда ҳам заҳарланиш рўй бериши мумкин.

Қўзиқориндан заҳарланган вақтда касаллик белгилари истеъмол қилинган   қўзиқориннинг турига қараб қуйидагича намоён бўлади. Масалан, қизил мухамор таркибида мускаридин ва мускарин алколоидлари мавжуд. Қизил мухамордан заҳарланганда касаллик белгилари 1-2, соат ўтгач намоён бўлади. Асаб тизими фаолиятидаги ўзгаришлар  характерли белги ҳисобланади. Бундан ташқари сўлак оқиши, кўп терлаш, кўздан ёш оқиши кузатилади, томир уриши секинлашади ва сустлашади, алаҳсираш (галлюцинация), титраш кузатилади, беморларда айниқса, кўз қорачиғининг кенгайиши ёки торайиши кузатилади. Беморларга ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатилса, одатда 1-2 кундан кейин соғайиб кетадилар. Аксинча, шифокорга мурожаат қилмаса ёки ўз вақтида даво чоралари кўрилмаса, беморнинг аҳволи оғирлашиб, баъзан бу ҳолат ўлим билан якун топиши ҳам мумкин.

Бундай нохуш ҳолатларнинг олдини олиш учун ҳар бир шахс заҳарли қўзиқоринлардан истеъмолга яроқлиси яъни заҳарланмаганини ажрата билиши лозим. Бозорлар ва савдо дўконларидан қўзиқорин харид қилмоқчи бўлсангиз, гигиеник ва мувофиқлик сертификатлари ҳамда ветеринария лаборатория мутахассислари томонидан бериладиган маълумотномани талаб қилиш керак.

С.Расулова, туман ДСЭНМ озиқ-овқат

гигиенаси врач ёрдамчиси.

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.