Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 8 майдаги "Ўзбекистон Республикаси Президентининг туманлардаги (шаҳарлардаги) Халқ қабулхоналари ҳузуридаги Давлат хизматлари марказлари биноларининг давлат-хусусий шерикчилик шартлари асосида қурилишини ташкил этиш тўғрисида"ги ПҚ-3701-сонли қарори қабул қилинди.

Мазкур қарорда Ўзбекистон Республикаси Президенти Халқ қабулхоналари ва Давлат хизматлари марказларини фуқароларга қулайлик яратиш мақсадида бир бинога жойлаштириш ҳамда ташриф буюрувчиларга тезкор ва сифатли хизмат кўрсатиш учун қулай шарт-шароитларни яратиш назарда тутилди.

Бунинг учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Халқ қабулхоналари ва Давлат хизматлари марказларининг биноларини замонавий талаблар асосида қуриш лозим бўлади. 

Қарорга асосан, биноларни инвесторларнинг кенг иштирокини таъминлаш ва тадбиркорлик субъектларини фаол жалб қилиш ҳисобига давлат-хусусий шерикчилик шартлари асосида қуриш назарда тутилди. 

Мазкур қурилишда ташаббус кўрсатган инвесторларга бир қатор имтиёз ва шартлар белгиланди.

Жумладан, инвесторларга тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун (келишув бўйича ёки Давлат хизматлари марказлари билан бир бинода ёхуд бошқа жойда) жойнинг ташқи меъморий қиёфасига мос келадиган, қурилиш учун ажратилган Давлат хизматлари марказлари биноларидан кичик бўлмаган майдонга эга бўлган Давлат хизматлари марказлари биноларига туташ қўшимча шунга ўхшаш объектлар ҳам ажратилади. Бунда мазкур объектларнинг фаолият олиб бориши Давлат хизматлари марказлари фаолияти учун ноқулайликлар яратмаслиги ёки давлат хизматлари сифатли ва тезкор кўрсатилишига бирор-бир шаклда тўсқинлик қилинмаслиги;

Иккинчидан, инвесторнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, Давлат хизматлари марказлари биноларига туташ объектларда амалга оширилиши мумкин бўлган фаолият турлари ва йўналишлари, шунингдек Давлат хизматлари марказлари биноларини қуриш бўйича давлат-хусусий шерикчиликнинг бошқа шартлари Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқиладиган намунавий шакллар бўйича инвестор ва вилоят ҳокимлиги ўртасида тузиладиган битимларда мустаҳкамлаб қўйилиши;

Учинчидан, Давлат хизматлари марказлари бинолари давлат-хусусий шерикчилик тўғрисидаги битимда қатъий белгиланган муддатларда ва белгиланган тартибда маъқулланган лойиҳалар асосида, туташ ҳудуд обод қилиниши, шу жумладан замонавий бепул автомототранспорт воситалари турар жойи барпо этилишини назарда тутган ҳолда қурилиши;

Тўртинчидан, қурилиши битказилган Давлат хизматлари марказлари биноларидан кейинчалик фойдаланиш тартиби давлат-хусусий шерикчилик тўғрисидаги битим билан белгиланиши;

Бешинчидан, инвестор белгиланган тартибда қурилган қўшимча объектлар фойдаланишга топширилган санадан бошлаб 5 йил муддатга ер солиғи ва мулк солиғи, шунингдек юридик шахсларнинг фойда солиғи, ягона солиқ тўлови тўлашдан (тегишли равишда ушбу қарор доирасида тақдим этиладиган ер участкаси ва унда қурилган кўчмас мулкка нисбатан), шунингдек, юридик шахсларнинг фойда солиғи, ягона солиқ тўлови тўлашдан (мазкур объектларда амалга ошириладиган тадбиркорлик фаолиятидан олинадиган фойда ёки даромадга нисбатан) озод этилиши;

Олтинчидан, инвесторларга Давлат хизматлари марказлари бинолари фойдаланишга топширилган санадан бошлаб 3 йил давомида мазкур биноларда фойдаланилмаётган хоналарни ижарага беришдан тушадиган маблағлар юборилиши таъкидланган.

Шунинг билан бирга, тижорат банкларига Давлат хизматлари марказлари биноларини қуриш ва ажратилган ер участкаси доирасида тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш мақсадида қўшимча объектлар қуриш учун инвесторларга 5 йиллик имтиёзли давр билан бирга 10 йил муддатга Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаштириш ставкаси миқдоридан ошмайдиган ставка бўйича кредитлар бериш белгиланган.

ҲУРМАТЛИ ТАДБИРКОРЛАР! Ўзбекистон Республикаси Президенти Халқ қабулхоналари ва Давлат хизматлари марказлари биноларини қурилишида фаол иштирок этинг ҳамда  имтиёзлардан фойдаланинг.

У.муйдинова, туман давлат хизматлари

маркази директори в.б.

Қўшимча маълумотлар олиш учун марказга мурожаат этишингиз мумкин. Тел.: 65-24-868,65-25-206.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.