Вилоят ҳокимлиги ва Бандлик бош бошқармасининг бевосита бош-қошлигида туманимизда бўш иш ўринлари ярмаркаси ўтказилди.

Шу куни ярмарка ўтказиш учун танланган жой- Косонсой технология ва иқтисодиёт касб-ҳунар коллежида эрта тонгданоқ, наинки туманимиз, балки вилоятимизнинг бир қатор туманларидан ва Наманган шаҳридаги тўқсондан ортиқ корхона ва ташкилотлар вакиллари ўзларига ажратилган жойни эгаллаб, фуқароларнинг қабул қилиш учун пухта тайёргарлик кўришди. Ҳар бир корхона ва ташкилот ўзларида мавжуд бўш ўринларнинг рекламасига алоҳида эътибор қаратди.

Соат миллари эрталабки тўққизга яқинлашмай туриб, коллеж одамлар билан гавжумлаша борди. Улар орасида маҳаллаларда ишсиз юрган фуқаролардан ташқари коллеж битирувчиси бўлган ёшлар, хотин-қизлар, Президентимиз фармонига асосан жазони ижро этиш муассасаларидан авф этилиб, уйларига қайтганларни учратиш мумкин.

Ҳар қандай расмиятчиликдан ҳоли, самимий руҳда кечган тадбирда фуқаролар ўзлари учун муносиб иш жойи танлаш имкониятига эга бўлишди.

-Корхонамизда 2 нафар уста этикдўз ва шунча малакали тикувчига эҳтиёж бор эди,-дейди "Ал-Азиз" МЧЖ вакили Матлуба Сидиқова. - Бу ярмаркани ўтказилиши биз учун ҳам айни муддао бўлди. Эрталабданоқ, тўрт киши билан шартнома имзолашга эришдик.

-Фермер хўжалигимизнинг ишлаб чиқариш корхонасига янги технологияни жорий этилиши муносабати билан янги 4 та бўш иш ўрни вужудга келганди,-дейди "Чашмаи сафед" фермер хўжалиги вакили Музаффар Паттиллаев. - Бўш ўринларга 6 нафар талабгор чиқди. Энди танлов асосида улардан тўрт кишини ишга қабул  қиламиз.

-Меҳнат ярмаркаси одамлар билан жуда гавжум ўтмоқда. Соат 11-00 гача 60 дан зиёд кишини рўйхатга олдик,-дейди Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги вилоят филиали раҳбари Отабек Мақсудов. - Бугун биз Россиянинг йирик шаҳарлари, жумладан, Санкт Петербургга 24 тадан ортиқ касб-ҳунар бўйича иш жойларини таклиф этмоқдамиз. Чет элда ишлашга қизиқувчилар билан ноқонуний миграциянинг салбий оқибатлари, четга ишга боришнинг тартиб ва қоидалари ҳақида суҳбатлар ўтказиш имкониятига эга бўлаяпмиз.

-Вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан кенг миқёсда бундай меҳнат ярмаркасининг ташкил этилиши аҳолини иш билан таъминлашга, ишсизлик муаммосини барҳам беришга хизмат қилади, бундан эса халқимиз хурсанд,-дейди меҳнат фахрийси А. Бозоров. - Бу тадбирдан сўнг ўнлаб кишилар ишли бўлишига шак-шубҳа йўқ.

-Бугунги меҳнат ярмаркасида вилоятимизнинг корхона ва ташкилотлари ишсиз фуқароларимизга 750 тадан зиёд бўш иш ўринларини таклиф қилишди, -дейди туман Бандликка кўмаклашиш маркази директори З. Аҳмедов.- Якунда 122 нафардан зиёд фуқарога доимий иш билан банд бўлишлари учун йўлланмалар берилди, 65 нафардан ортиқ киши билан корхона ва ташкилотлар ўртасида меҳнат шартномаси расмийлаштирилди.

Ярмарка жараёнида кўплаб фуқароларга меҳнат қонунчилиги бўйича маслаҳат ва тушунтиришлар берилди.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.