Мамлакатимиз Президентининг жорий йил 27 июндаги «Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг йигирма олти йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги қарорида «Халқ бой бўлса, давлат ҳам бой ва қудратли бўлади» деган ғоя илгари сурилганлиги эътиборга моликдир. Дарҳақиқат, юртимизда аҳоли, айниқса, ёшларни тадбиркорликка кенг жалб  этиш, оилавий бизнес ва касаначилик, томорқа хўжалигини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, Бурҳонжон Юсупов ана шундай қишлоқ аҳлига берилаётган имкониятлардан самарали фойдаланиб келаётганлардан бири.

Узоқ йиллар  мактабда ўқувчиларга сабоқ бериб келган устоз-мураббий Б. Юсупов 2006 йилда собиқ Ш. Рашидов хўжалиги ҳудудидаги 0,40 га ерни биржа орқали сотиб олиб, боғ яратишга аҳд қилди. Унинг бу ташаббусини оила аъзолари қўллаб-қувватлашди. Дастлабки, йилиёқ, гилос, шафтоли кўчатларини экиб парваришлашни бошлашди. Қатор ораларига эса турли сабзавотлар экишди. Шу йили оиланинг сабзавот хирмони баракали бўлди. Ўзларидан ортганини бозорга олиб чиқиб, сотишди.

-Муҳтарам Президентимизнинг жойларда халқ билан мулоқотлари чоғида турли мевали дарахтлар парваришлаш, айниқса, ёнғоқ, лимон экиш, унинг даромади ортида эл фаровонлиги борлиги хусусидаги фикрлари наинки мени, балки оила аъзоларимни руҳлантириб юборди,-дейди Бурҳонжон Юсупов. -Аслида, меҳнат қилган кам бўлмас экан. Оила аъзоларим орасида меҳнатга лаёқатлилар олти кишимиз. Ҳаммамиз иш билан бандмиз. Айниқса, боғдаги юмушларни ўз вақтида ва сифатли адо этишимиз натижасида яхшигина даромад олаяпмиз.

Биргина ўтган йили, олма, гилос, помидор ва картошкадан ўттиз миллион сўмдан ортиқ даромад кўрдик. Боғдорчиликни бошлаган пайтимизда оиламизда эски «Жигули» автоулови бор эди. Ҳозир энг сўнгги русумдаги «Кобалт», «Лабо» автомашинали бўлдик.

Ерга қанчалик меҳрли бўлсак, ер ҳам бизга шунча саховат кўрсатади. Бу бугунги ҳаётимизда ўз исботини топмоқда. Ўзбекистон – ҳалол меҳнат эъзозланадиган юрт. Бизнинг ҳам ҳалол меҳнат билан турмушимиз фаровон бўлиб бормоқда. Шундай юртда яшаб, меҳнат қилаётганимиздан қалбим фахр ва ифтихорга тўлади.

Маҳмуджон Эсонзода.

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.