Президентимиз томонидан ишлаб чиқилган «Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси»да демократик бозор ислоҳотларини ва иқтисодиётни либераллаштиришни янада чуқурлаштириш энг муҳим устувор вазифалардан бири сифатида алоҳида қайд этиб ўтилган.

Мамлакатимизда мустақилликнинг илк йилларидан бозор иқтисодиёти асослари, биринчи навбатда, қонунчилик базасини шакллантиришга етарли шарт-шароитлар яратишга эътибор кучайтирилди. Жумладан, биргина «Ташқи иқтисодий фаолият тўғрисида»ги Қонуннинг қабул қилиниши ва жорий этилиши кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспорт фаолиятларини ривожлантиришида муҳим ўрин тутмоқда.

Президентимизнинг мамлакатимизни 2014 йилда ижтимоий-иқтисодий  ривожлантириш якунлари ва 2015 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг мажлисидаги маърузасида ўтган йилда мамлакатимизда 500 дан зиёд янги корхона, биринчи навбатда, кичик бизнес субъектлари экспорт фаолиятига жалб этилганлиги, ташқи савдо балансидаги ижобий салдо 180 миллион долларни ташкил этганлиги аллоҳида қайд этиб ўтилган. Маърузада Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ҳузуридаги махсус ташкил этилган Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси фаолияти ҳақида ҳам ижобий фикрлар билдирилган. «2014 йилда мазкур жамғарма томонидан 2 минг 400 та  тадбиркорлик субъектига ўз товар ва хизматларни ташқи бозорларга чиқариш бўйича ҳуқуқий, молиявий, ташкилий хизматлар кўрсатилди. Жамғарма кўмагида тадбиркорлик субъектлари томонидан 1 миллиард 250 миллион доллар миқдоридаги экспорт шартномалари тузилди. Мазкур шартномалар асосида ўтган йили қиймати 840 миллион доллардан зиёд товарлар экспорт қилинди».

Тадбиркорларнинг ташқи бозорларни ўрганиши, чет эллик шериклар топиши, халқаро ярмарка ва тендер савдоларида қатнашиш, шартномалар тузиш, зарур ҳужжатлар тайёрлашда ва божхона расмийлаштируви бўйича ҳам жамғарманинг хизматлари салмоқли бўлмоқда. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг ташқи иқтисодий фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва янада ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар самараси ўлароқ, нафақат йирик шаҳарлар, балки чекка туманларда ҳам бу борада ижобий силжишлар кузатилмоқда. Биргина Косонсой туманида ўтган даврда кичик бизнес субъектлари томонидан енгил саноат, озиқ-овқат маҳсулотлари ва хизматлар  экспорт қилиш салмоғи  ортганлиги кузатилди. Шуниси эътиборлики, 2015 йилга мўлжалланган туманнинг иқтисодий дастурида бошқа  маҳсулот ва хизматлар қатори мева ва сабзавот маҳсулотларини экспорт қилишни янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилган.

Режаларнинг рўёбга ошиши учун ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожи учун етарли шарт-шароитлар яратиш ва қўллаб-қувватлаш талаб этилади.

Соҳибжон ЁҚубов, олий ҳарбий

божхона институти 213-гуруҳ тингловчиси.

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.