Шу кунларда туманимиз деҳ-қон-фермерлари ғалла экилган майдонларга ишлов беришни авж олдириш билан бирга ғаллазор четларига ошқовоқ экишга киришишди.

Ошқовоқ шифобахш неъмат бўлиб, азалдан халқимизнинг дастурхонидан жой олиб келган. Ошқовоқдан тансиқ таомлар, мураббо, чанқоқ босди ичимликлар, дори-дармонлар тайёрланади. Унинг таркибида қандлар, органик кислоталар, кўплаб витаминлар, минерал тузлар, оқсил ва бошқа моддалар бор. Халқ табобатида ошқовоқ қадимдан турли касалликларни даволашда ишлатиб келинади.

-Ошқовоқ сердаромад қишлоқ хўжалик маҳсулоти ҳисобланади,-дейди туман фермерлар кенгаши раиси Усмонжон Холмонов.- Агар бир туп ошқовоқдан 4 дона ҳосил олишга эришилса, 1000 тупдан 4 мингта олиш мумкин. Ҳосилнинг ҳар бири ўртача 5 килограмм тош босса, бу 20 тонна ҳосил дегани. Бозор нархида ҳар бир килограммини 1 минг сўмдан баҳоласак, бу неъматдан олинадиган даромад келиб чиқади.

Республика Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 22 декабрдаги 06-03-13-1-сонли йиғилиш баён қарори ижросини таъминлаш мақсадида вилоят, туман ҳокимларининг қарорлари қабул қилинди. Ушбу ҳужжатларга асосан дон маҳсулотлари корхоналари фермер хўжаликлари билан ҳар 1 тонна топшириладиган дон ҳисобига 50 килограммдан ошқовоқ сотиш бўйича контрактация шартномалари тузилди. Сифатли уруғга бўлган талаблар ўрганиб чиқилиб, хориждан ошқовоқ уруғи келтирилди.

Туманимиз релефи паст-баланд адирлик ерлардан иборатлигини ҳисобга олсак, ошқо-воқ экинлари экиб, мўл ҳосил олиш имконияти мавжуд. Бунга бир қатор фермер хўжаликлари тажрибаси мисол бўла олади. Жумладан, «Насиба Дилшода», «Файз барака» каби фермер хўжаликлари деҳқонлари ўтган йили ғалла майдонлари четларига, бўш ерларга ошқовоқ экиб, мўл ҳосил олишди.

Ошқовоқ экинини экиш муддати тупроқ ҳарорати билан боғлиқ. Тупроқнинг 8-10 сантиметр чуқурликдаги ҳарорати 9-10 даража бўлганда уруғ экила бошланади. Унинг экиш чуқурлиги уруғнинг майда ёки йириклиги, тупроқнинг намлиги, физик ҳолати ва экиш муддатига кўра, 3-4 сантиметрдан 6 сантиметргача бўлиши мумкин. Уруғ чириган гўнг ва ўғит билан экилса, мақсадга мувофиқ бўларди. Чиритилмаган гўнг экинни қуритишини унутмаслик керак. Ошқовоқнинг бошқа ўсимликлардан характерли жиҳати шундаки, бу ўсимликнинг оналик ва оталик гул тугунчалари алоҳида-алоҳидалиги учун ташқи муҳитдан чангланади. Бу жараён асосан ҳашарот, яъни асалари орқали амалга ошади. Кекса деҳқонларимиз тажрибасидан маълум бўлишича, механик, яъни қўл билан чанглатиш ошқовоқдан кўзланган ҳосилни олиш имкониятини беради. Хуллас, ошқовоқ етиштиришни  янада кўпайтиришдан мақсад, аҳолини шифобахш озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабини янада тўлиқроқ қондиришдан иборатдир.

А. Олимов,

М. Акрамов.

 

 

 

 

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.