Мамлакатимизнинг иқтисодиётини барқарор ривожланиши, аҳоли турмуш даражасини ўсиши, ҳудудда криминоген вазият барқарорлиги ва қонунийликни таъминлашнинг муҳим омили бўлган тадбиркорлик фаолиятини жадал ривожлантириш ва шу ҳисобидан янги иш ўринларини яратиш борасида кенг кўламдаги ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Мазкур соҳада изчиллик билан амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 15 майдаги ПФ-4725-сонли «Хусусий мулк, кичик безнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига асосан жорий йилнинг 20 августида «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун қабул қилинди.

Мазкур қонун ҳужжатларининг асосий мақсади хусусий мулк ўрни ва ролини тубдан ошириш, тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш ва жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқ ва чекловларни бартараф этиш, соғлом рақобат ва ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштириш орқали ялпи ички маҳсулотда хусусий мулк, жумладан, чет эл капитали иштирокидаги улушни изчил ошириш, тадбиркорларнинг фаолиятига ноқонуний аралашув ва тўсқинликлар учун жавобгарликни, шу жумладан жиноий жавобгарликни янада кучайтириш, бундай ҳолатлар бўйича айбдорларга нисбатан жазо муқаррарлиги принципини қатъий таъминлаш, тадбиркорлик субъектларининг ишончли ҳимоясини таъминлашда суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва бошқа давлат органларининг ролини янада ошириш, давлат идоралари томонидан тадбиркорларга имтиёз ва преференцияларни сўзсиз қўллаш тартибини жорий этишдан иборат.

Бир сўз билан айтганда, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини барча жиҳатига дахл қиладиган 43 та қонун ҳужжатига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Мамлакатимиз Конституциясида хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясида экани белгиланган. Мулкдор ўз мулкига ўз хоҳишича эгалик қилади, ундан фойдаланади ва тасарруф этади. Шу нуқтаи назардан қабул қилинган мазкур қонундаги ҳуқуқий меъёр ва қоидалар мамлакатимиз иқтисодий салоҳиятини равнақ топтириш, рақобатбардош товарларни ишлаб чиқаришни ташкил этиш орқали экспорт имкониятларини кенгайтиришга мустаҳкам замин яратади.

Хусусан, қонундаги янги меъёрларга асосан агар тадбиркор Ўзбекис-тон Республикаси Жиноят кодексининг 184-моддасида кўрсатилган солиқлар ёки бошқа тўловларни тўлашдан бўйин товлаш жиноятини илк маротаба содир этиб, жиноят аниқланган кундан 30 кун давомида зарарни тўлиқ қоплаган, пеня ва бошқа молиявий жарималарни тўлаган тақдирда унга нисбатан жиноят иши қўзғатилмаслиги ва шахс жавобгарликдан озод этилишини кўзда тутувчи тартиб жорий қилинди.

Бундан ташқари, тадбиркорликни моддий аҳволи ва солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этиш мотивини инобатга олиб, суд молиявий санкцияни энг кам қисмидан ҳам камроқ, бироқ белгиланган энг кам миқдорининг  25 фоизидан кам бўлмаган ҳолда қўллашга ҳақли эканлиги белгиланди.

Яна бир муҳим жиҳат, Жиноят кодексининг 180 ва 181-моддаларида қайд этилган  сохта банкротлик ва банкротликни яшириш жиноятларини содир этган шахс етказилган моддий зарарни уч карра миқдорида қоплаган тақдирдагина унга озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланмас эди. Энди етказилган моддий зарар қопланишининг ўзи тадбиркорга озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум қилиш тариқасида жазо қўлланмаслигини кафолатлайди. Жорий этилган бу каби янги ҳуқуқ нормалари мулкдорлар моддий аҳволининг барқарорлигини таъминлабгина қолмай, уларга катта маънавий куч ва фаолиятини янада ривожлантиришга далда беради.

Сир эмас, ҳар қандай текшириш тадбиркорни асосий фаолиятидан четлаштириб, уни турли сарсонгарчилигу оворагарчиликларга рўбарў қилади. Текширишлар тартибини белгиловчи нормалар Ўзбекистон  Республикасининг «Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида»ги Қонуни ва яна ўнлаб қонун ҳужжатида ўз ифодасини топган. Худди шунингдек, лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга бошқа ҳужжатларни бериш тартиблари Ўзбекистон Республикасининг «Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида»ги, «Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги қонунлар ҳамда бир қанча қонуности ҳужжатлари билан тартибга солинади.

Эндиликда Жиноят кодексига тадбиркорлар фаолиятини текшириш  ва тафтиш қилиш тартибини бузганлик учун жавобгарликни белгиловчи янги   1922-модда киритилгани, лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга бошқа ҳужжатларни беришнинг белгиланган тартиби ҳамда муддатларини бузиш учун ҳам жиноий жавобгарлик меъёрлари белгилангани тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолати бўлиб хизмат қилади.

Маълумки, барқарор иқтисодий ўсиш ва мамлакатимизнинг келажак истиқболи, аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифати кўп жиҳатдан хусусий мулк ва тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий ҳимоя қилишни кучайтиришга қаратилган янги қонун нормаларининг амалда сўзсиз қўлланилишини тақозо этади.

Эндиги вазифа ҳар биримиздан энг аввало, қонун ижодкорлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ҳамда назорат идораларидан аниқ ва мақсадли ишларни амалга оширишни талаб этади.

Таъкидлаб ўтиш жоизки, прокуратура органлари томонидан тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий ҳимоя қилишга қаратилган қонунлар ижроси устидан доимий назорат ўрнатилган.

Назорат тадбирларида, тадбиркорлик субьектларининг ҳуқуқ ва эркинликларини бузиш, уларга турли бюрократик тўсиқлар яратиш, фаолиятига асоссиз аралашиш каби қонунбузилишлар мавжудлиги аниқланиб, уларни бартараф этиш чоралари кўрилмоқда.

Хусусан, жорий йилнинг ўтган даврида 13 та ҳолатда тадбиркорлик субъектларининг хуқуқлари бузилганлиги, шундан 1 та ҳолатда тадбиркор фаолиятига ноқонуний аралашилганлиги, 6 та ҳолатда мурожаатлар ўз вақтида кўриб чиқилмаганлиги, 3 та ҳолатда ноқонуний топшириқ ва мажбуриятлар юкланганлиги аниқланди. 

Мазкур қонун бузилиш ҳолатларини бартараф этиш мақсадида жойларга 3 та тақдимнома юборилди, 3 нафар шахс интизомий ва 1 нафари маъмурий жавобгарликка тортилди.         

Президентимиз таъбири билан айтганда, тадбиркорлар фаолиятига ҳар қандай ноқонуний аралашув иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш бўйича давлат сиёсатига қарши қаратилган ҳаракат ҳисобланади ва бу борада мансабдор шахсларнинг жавобгарлигини кучайтириш биринчи даражали аҳамиятга эга бўлиши лозим.

Д. Умаралиев, туман прокурори.

 

 

 

 

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.