*1990 йилда мамлакатимиз аҳолисининг озиқ-овқат товарлари, аввало дон, картошка, гўшт, сут ва қандолат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжи импорт ҳисобидан қопланган бўлса, ҳозирги вақтда уларнинг 96 фоизи ўзимизда ишлаб чиқарилаётгани, мустақиллик йилларида аҳоли жон бошига гўшт истеъмоли 1,3 баробар, сут ва сут маҳсулотлари-1,6 карра, картошка-1,7 марта, сабзавот-2 баробардан ортиқ, мева- қарийб 4 карра кўпайди.

Жорий йилнинг ўтган даврида туманимизда қишлоқ хўжалиги йўналишида 5 та лойи-ҳа амалга оширилиб, чорвачилик, паррандачилик каби соҳаларни янада ривожлантириш ва чорва маҳсулотларининг қайта ишлаш ҳажмини кўпайтириш, янги ишчи ўринлари яратиш имконияти кенгайди.

Айниқса, фермер хўжаликларида қишлоқ хўжалиги, чорва маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича лойиҳаларнинг ҳаётга татбиқ этилиши ўзининг ижобий самарасини бермоқда.

Жумладан, Қўқимбойдаги «Осмон сайёраси» фермер хўжалигида сутни қайта ишлаш корхонасининг ишга туширилганлиги юртимизда қишлоқ хўжалиги соҳасида мутлақо янги иқтисодий муносабатлар жорий этилиб, фермерлик ҳаракати ривожига кенг йўл очиб берилаётганлигининг ёрқин далилидир.

-Фермер хўжалигимиз қошида сутни қайта ишлашни йўлга қўйиш лойиҳаси учун 150 млн. сўм маблағ сарфлаш кўзда тутилганди,-дейди «Осмон сайёраси» фермер хўжалиги сутни қайта ишлаш цехи бошлиғи Аъзамхон Юсупов.-Қисқа вақтда бу лойиҳа амалга оширилди. Дастлаб кунига 2 тонна сут қайта ишланиб, уч-тўрт турдаги маҳсулот ишлаб чиқарилган бўлса, бугунга келиб 4,5-5 тонна сутни қайта ишлаш, 6-7 турдаги маҳсулот тайёрлаш имконияти яратилди.

Лойиҳада белгиланганидек, 3 та ўрнига 11 та янги ишчи ўрни яратилди. Маҳсулотларимиз харидорларга манзур бўлиши учун сифатга эътиборни кучайтираяпмиз.

 

 

 

 

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.