Кейинги йилларда мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий соҳани янада такомиллаштиришга, халқаро алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган қонунлар қабул қилинди. Янги таҳрирдаги «Электрон тижорат тўғрисида»ги Қонун ана шулар жумласидан. «Электрон тижорат тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Қонун 2015 йилнинг 17 апрелида Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган, 15 майда Сенат томонидан маъқулланган.

Мазкур янги таҳрирдаги Қонун 20 моддадан иборат бўлиб, унинг мақсади электрон тижорат соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборатдир.

Шуни таъкидлаш жоизки, ҳозирги вақтда мамлакатимизда давлат органлари ва хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятига, шунингдек, фуқароларнинг кундалик турмушига ахборот технологияларини кенг жорий этишга катта эътибор берилмоқда.

Хусусан, банк хизматлари, электрон тўловларнинг янги турларини ҳаётга татбиқ этиш орқали тўлов амалиётининг янада соддалаштириш имконияти яратиляпти. Ушбу қонун электрон тижоратни, тадбиркорликни янада ривожлантиришга, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш учун қўшимча шароитлар яратиш имконини беради. Шунингдек, электрон савдода замонавий ахборот коммуникация технологияларини жорий этишга, электрон тижорат иштирокчилари ҳуқуқларини рўёбга чиқаришнинг ҳуқуқий механизмларини ўрнатиш ва ҳимоя қилишга хизмат қилмоқда.

Электрон тижорат нима? Қонуннинг 3-моддасида: «Ахборот тизимларидан фойдаланган ҳолда тузиладиган шартномага мувофиқ амалга ошириладиган товарлар (ишлар, хизматлар) олди-сотдиси электрон тижоратдир», деб белгиланган.

Ушбу Қонун билан электрон тижоратда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш эркинлиги, шартномалар тузишнинг ихтиёрийлиги, унда иштирок этиш шарт-шароитларининг тенглиги, электрон тижорат иштирокчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилиниши таъминланади. Электрон тижорат соҳаси давлат томонидан тартибга солинади (6-модда). Электрон тижорат соҳасидаги низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади (19-модда). Электрон тижорат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик Қонуннинг 20-моддасида белгилаб қўйилган.

Б. Алиев, туман прокуратураси терговчиси.

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.