Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги фракцияси партия электорати манфаатларига доир қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва қабул қилишда  фаол иштирок этиш билан бирга, қонунларнинг жойлардаги ижросини назорат қилишга ҳам алоҳида эътиборни қаратмоқда. Жумладан, айни кунларда  фракция аъзолари туманларда бўлишиб, фермер хўжаликларининг фаолияти билан яқиндан танишмоқдалар. 

Бу бежиз эмас, албатта, чунки бугунги кунда мамлакатимизда фермерлик ҳаракатини  янада кучайтириб, уларни кўп тармоқли фермер хўжаликларига айлантириш, шу аснода қишлоқларни ободонлаштириш, инфратузилмасини ривожлантириш, иш ўринлари яратиш энг долзарб вазифалардан биридир. Зеро, ҳукуматимиз Бош вазири томонидан жорий йилнинг 5 июнь куни ўтказилган селектор йиғилишда ҳам  бу борадаги энг муҳим вазифалар белгилаб берилди. 

Косонсой тумани об-ҳавосининг ўзига хослиги бу ҳудудда  деҳқончилик қилиш ҳам  анча маҳорат, матонат ва сабр –тоқатни талаб этади. Табиат инжиқликларини мардонавор енгиб, давлатга пахта, ғалла сотиш шартнома режаларини ортиғи билан бажараётган, бундан ташқари, маҳсулотларни қайта ишлаш, чорвачилик, боғдорчилик, асаларичилик, балиқчилик каби қўшимча фаолият турлари билан шуғулланиб, бундан кутилган самараларни олаётган фермер хўжаликлари туманда жуда кўп. Хусусан, вилоят Кенгаши депутати Ҳумидхон Мўйдинхўжаев раҳбарлигидаги “Чашмаи сафед” фермер хўжалиги, бу ерда тайёрланаётган жаҳон андозаларига мос келадиган сут маҳсулотларининг довруғи нафақат вилоят, балки республикамизда ҳам маълуму машҳур.

Бироқ шу билан бирга туманда ўз имкониятларидан етарли даражада фойдалана олмаётган, шартнома режаларини сурункали равишда бажара олмаётган фермер хўжаликлари ҳам йўқ эмас. ”Илонқир шаббодаси”, “Навжартепа барака  ҳосили”, “Абдужаббор ота Ғаниев”, “Ниҳол ғунчаси”, “Самодаги оққуш”, “Илонқир олтин толаси”, “Шириной олтин толаси”, “Испаронсой келажаги”, “Бўстон файз баракаси”, “Оқтеппа чаманзори”, “Асадбек Косоний” каби фермер хўжаликлари ана шулар жумласидан.

 Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, O’zLiDeP фракцияси аъзоси Шуҳратжон Шарофиддинов тумандаги ана шундай фермер хўжаликлари далаларида бўлиб, уларнинг меҳнат шароитлари билан яқиндан танишди. “Қобил Файз Мирзо” фермер хўжалигида бўлган учрашувда асосий эътибор сув масаласига қаратилди. Фермер хўжалиги раҳбари Ғофиржон Аҳмедовнинг таъкидлашича, ҳосилдорликнинг паст бўлишига асосий сабаб сув масаласи экан. Тумандаги қолоқ деб саналган  бошқа қатор фермер хўжаликлари  ҳам сувдан қийналишаётганлигини таъкидлашди. Халқ депутатлари туман Кенгаши ҳузуридаги “Жамоатчилик назорати кенгаши»  раҳбарининг эътироф этишича, туманда сув тортиб берадиган насосларни янгилаш ва уларнинг қувватини янада ошириш юзасидан тадбирлар режаси ишлаб чиқилган ва 2016 йилнинг манзилли дастурига киритилган экан. Демак, бу муаммо ўз ечимини топади ва фермер хўжаликлари далаларини сув билан таъминлаш яхшила-нади.  

“Шоҳ Нафис Косоний” фермер хўжалигида ердан унумли фойдаланиш чоралари кўрилган, лекин фермер хўжалиги экин ер майдонларига сув етказиб беришдаги узилишлар бир қатор муаммоларни юзага келтирмоқда. Пахта, ғалладан ташқари  картошка, помидор каби полиз экинлари ҳам экилган. 30-40 та парранда ва 4 бош қорамол боқилмоқда.

Тумандаги қолоқ фермер хўжаликлари вакиллари билан бўлган мулоқотлар, уларнинг шароитлари билан яқиндан танишувлар ва албатта, муаммоларнинг ечими юзасидан берилган таклиф ва тавсиялар ўз самарасини беришига ишонамиз.

К.ФАЙЗИЕВ, O’zLiDeP вилоят кенгаши

матбуот хизмати.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.