Бу йил картошкадан мўл ҳосил олган Валижоннинг хурсандчилиги узоққа чўзилмади. Сараланган ва омборга жойланган жамғармани оралаб юрган турмуш ўртоғи нохуш хабарни айтди: "Дадаси, буни қаранг қурт ебди". Эр-хотин яшиқларга жойланган картошкаларнинг бир нечасини кесиб кўришди. Бутуни кам. Мутахассислардан маслаҳат сўрашганди, омбордаги ҳосилни картошка куяси яроқсиз ҳолатга келтирганини айтишди. Валижон 2 тонна картошкани сотиб, каттагина даромад кўришни ният қилганди. Энди боши қотган...

Ҳурматли ҳамюртлар, сизлар ҳам шундай вазиятга тушиб қолмаслик учун экинни зараркунандалардан асрашда эътиборли бўлинг. Картошка куяси республикамизга четдан кириб келган ҳашарот.

У бақлажон, помидор ва бошқа итузумдошларга қирон келтириши билан хавфли. Бир мавсумда 5-6 та авлодгача кўпаядиган куянинг яна бир ёмон томони, омборхонада ҳам яшаб, ҳосилнинг 80-100 фоизига зарар етказади. Шу сабабли ҳосил ичкарига олиб кирилишидан аввал омборхоналар дезинфекция қилиниши лозим.

Даладаги куяни аниқлашда махсус ферамон тутқичларидан фойдаланилади. Кимёвий курашда эса "Караген", "БИ-58" "Имполла", "Корал" препаратлари яхши самара беради.

Уруғликка танланган картошка нави кузда "Селектоп", "Денис", "Циперметрин" дорилари эритмаси билан ишлов берилиши ва қуритилгач, сақлашга қўйилиши керак. Устига ялпиз солинса, янада яхши сақланади.

Ўсимликлардаги шубҳали ҳолатлар, ҳашарот ва турли касалликларга дуч келсангиз, зудлик билан бизнинг инспекцияга мурожаат қилинг. Зарур маслаҳатлар берамиз. Тезкор чоралар кўрилиб, зараркунандалар тарқалишининг олди олинади. 

Р. ХОЛМИРЗАЕВ, Ф. САМАТОВ,

вилоят ўсимликлар карантини инспекторлари.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.