Одамлар орасига янада чуқурроқ кириб бориш, халқнинг дарду ташвишини изчил ўрганиш ва муаммоларини жойида, ўз вақтида ҳал этиш бугунги куннинг асосий талабларидан бирига айланган. Мана шу мақсадда маҳаллаларда оммавий сайёр қабуллар ўтказилмоқда.

Шу йилнинг ўтган даври мобайнида ҳам барча секторлар кесимида Қабулхонамиз томонидан тасдиқланган жадвалларга кўра сайёр қабуллар ташкилланди. Уларда одамларни қийнаётган энг долзарб масалалардан тортиб, кундалик маиший муаммолар ҳам ўртага ташланди. Масалан, боғишамоллик Ҳ. Раҳмонов онаси учун ногиронлик аравачаси зарурлигини билдирган. Ширинбулоқ маҳалласида яшовчи М. Мақсудова ипак қурти боққани учун тўланиши лозим бўлган иш ҳақини олишда амалий ёрдам беришларини сўраган.

«Наврўз» ва «Гулобод» маҳаллаларида яшовчилар А. Абдураҳмонов, Т. Аҳмадалиева имтиёзли кредит асосида музлаткич, тикув машинаси ва пишириқ печи олишни сўраб мурожаат қилишган. Яна бир фуқаро М. Устамирзаев эса ишга жойлашишда кўмак беришларини сўраган. Юқоридаги фуқароларнинг мурожаатлари ўз ўрнида ижобий ҳал этилди.

Сайёр қабуллар давомида барча мурожаатлар мутахассисларни жалб қилган ҳолда атрофлича ўрганилмоқда. Қувонарлиси, кўпи ўз ечимини топаяпти. Айрим мурожаат эгаларига эса ҳуқуқий жиҳатдан тушунтиришлар берилмоқда.

Мақсадимиз, фуқароларнинг мурожаатлари давомида аниқланган камчиликларни тўла бартараф этишдир.

Т. МУЙДИНОВА, Ўзбекистон Республикаси Президентининг

тумандаги Халқ қабулхонаси мудири.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.