Ўтган йил давомида жами 3725 нафар фуқаро қабул қилиниб, шундан 1054 нафари ёзма равишда мурожаат қилди. Ушбу мурожаатларнинг 912 таси ариза, 140 таси шикоят, 1 таси табрик ва 1 таси таклифдан иборат.

1054 та мурожаатлардан 658 таси ҳудуддаги ташкилотларга, 209 таси юқори ташкилотларга юборилган бўлиб, 187 та мурожаат туман Халқ қабулхонасининг ўзида кўриб чиқилиб, ижобий ҳал этилди.

Жумладан, Соҳибкор МФЙ фуқароси Раъно Исмоилова ўзи ва қизи 2-гуруҳ ногирони эканликлари, шунингдек, Баҳористон МФЙ фуқароси 2-гуруҳ ногирони Исломхон Валиевлар яшаш шароитлари оғир бўлишига қарамай, МФЙ томонидан уй-жой қуриш учун ер майдони ажратиб берилмаётганлиги юзасидан туман Халқ қабулхонасига қилган мурожаатлари ўрганилиб, МФЙда кам таъминланган оиалалар учун ким ошди савдоси орқали бериладиган 0,2 сотихли уй-жой қуриш учун имтиёзли рўйхатга киритилиб, тўловлар амалга оширилиб, Тошқўрғон массивидан уй-жой қуриш учун ер майдони ажратилиб берилди.

Қолаверса, Булоқбоши МФЙдан З.Қосимовнинг яшаш ҳудудида кичкинтойларга шароит яратиш мақсадида болалар боғчасини ташкил этиш, Олмазор МФЙдан Д.Нуриддинованинг иш жойидан иш ҳақи ололмаётганлиги, Шайхон МФЙдан, 10-МТМ хўжалик мудири А.Халилов муассасанинг сувдан бўлган қарздорлиги туфайли "Сувоқава" туман филиали томонидан тизим муҳрланиб, сув муаммоси юзага келгани ҳақидаги мурожаатлари ижобий ҳал этилишига эришилди. 43 нафар фуқароларнинг ёзма мурожаатлари ўрганилиб чиқилиб, газ баллонлари билан таъминланди.

Мурожаатларда қайд этилган энг долзарб муаммолар соҳалар бўйича таҳлил қилинганда, 124 та газ, электр энергияси, ичимлик ва оқава сув таъминоти масалаларида, 114 таси алимент билан боғлиқ, 92 таси соғлиқни сақлаш, 66 таси иш билан таъминлаш, 61 таси моддий ёрдам соҳасидаги масалаларни ташкил этди.

Таъкидлаш жоизки, ҳудуд ҳамда юқори ташкилотлар ва Халқ қабулхонаси томонидан кўриб чиқилган мурожаатларнинг ижобий ҳал этилганлиги юзасидан фуқаролар томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти номига 200 га яқин миннатдорчилик ва ташаккурномалар ёзилган. 

Аҳолининг, айниқса, чекка қишлоқ ва маҳаллалардаги мурожаатларини тинглашда сайёр қабулларнинг ўтказишга катта эътибор қаратилмоқда. Ўтган даврда туманда жами 118 маротаба сайёр қабул ўтказилди. Уларда жами 3065 нафар фуқароларнинг иштироки таъминланди. Сайёр қабулларда ариза ва шикоят билан 407 нафар фуқаро иштирок этган бўлиб, 199 та мурожаат ўз ўрнида тегишли корхона, ташкилот раҳбарлари билан ижобий ҳал этилди. 208 та мурожаатга тушунтиришлар берилди.  

Бундан ташқари, бир неча маротаба туман ҳокимлигининг ҳокимлик соатларида иштирок этиб, юридик ва жисмоний шахсларнинг мурожаатларни ҳал этишда йўл қўйган камчиликлари муҳокама қилиб борилди.

Қолаверса, туман Халқ қабулхонасида сектор раҳбарлари, жумладан, туман прокурори томонидан 107 нафар ҳамда ИИБ бошлиғи томонидан 43 нафар ва бошқа давлат органлари раҳбарлари томонидан 163 нафар фуқаролар қабул қилинди. Ўтган даврда мурожаатларни кўриб чиқишда муддатини бузиш ҳолатларига йўл қўйган корхона, ташкилот раҳбарлари ҳамда МФЙ раисларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖТКнинг 43-моддаси тартибида тегишли маъмурий чора кўришлик масаласини ҳал этишлик учун туман прокуратурасига 17 та тақдимномалар юборилди. Тақдимномага асосан, 12 та масъул ходимга нисбатан маъмурий жазо, 15 та ходимга нисбатан интизомий жазо қўлланилди.

Халқ қабулхонаси ҳамкорликда турли байрам ва саналарда эл ардоғидаги фахрийларни рағбатлантиришда, кам таъминланган оилалар, ногиронларга ҳомийлик совғаларини беришда ҳам фаол иштирок этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Аҳоли билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш чора тадбирлари тўғрисида"ги Фармони ижросини таъминлаш асосий мақсадимизга айланди.

Т.Мўйдинова, Ўзбекистон Республикаси Президентининг

тумандаги Халқ қабулхонаси мудири.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.