Юртимизда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, бюрократизм ва сансоларликка йўл қўймаслик, мурожаатларни кўриб чиқишда давлат органлари, ташкилотлар ва мансабдор шахслар фаолиятининг шаффофлигини таъминлашнинг қонуний асослари яратилган. Хусусан, янги таҳрирдаги "Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида"ги (2017 йил 11 сентябрда қабул қилинган) Қонун бу борада муҳим дастуруламал бўлиб хизмат қилмоқда.

Олдинги, 2014 йил 29 октябрда қабул қилинган қонун 5 та боб, 31 та моддадан иборат бўлиб бўлган. Янги таҳрирдаги "Жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари тўғрисида"ги қонун 6 та боб, 38 та моддадан иборат.

Янги таҳрирдаги қонуннинг 1-моддасининг ўзидаёқ мансабдор шахсларнинг мурожаатчи олдидаги масъулияти белгилаб қўйилганлиги эътиборга моликдир.

Аввалги қонуннинг 8-моддасида жисмоний ва юридик шахсларнинг қабули ҳақида қисқача  таъриф берилган бўлса, янги таҳрирдаги қонунда эса ушбу модда мазмун жиҳатидан кенгайтирилиб, янги, 9 - модда киритилган. Унда асосан, жисмоний ва юридик шахсларнинг қабул қилиш тартиби белгиланган. Ушбу норма олдинги қонунда мавжуд эмас.

Янги таҳрирдаги қонуннинг 2-боби Халқ қабулхоналари ва виртуал қабулхоналарга бағишланган. Жумладан, 10 - моддада Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари ва Виртуал қабулхонаси, 11- моддада Ўзбекистон Республикаси Президенти Халқ қабулхоналарининг ва Виртуал қабулхонасининг асосий вазифалари, 12-моддада Ўзбекистон Республикаси Президенти Халқ қабулхоналарининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, 13-моддасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси томонидан мурожаатларга доир масалалар бўйича реал вақт режимида маслаҳатлар бериш, 14-моддасида эса Давлат органларининг, ташкилотларнинг ва улар мансабдор шахсларининг виртуал қабулхоналарини ташкил этиш белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг тумандаги Халқ қабулхонаси ушбу қонун талабларидан келиб чиқиб, биргина жорий йилнинг ўтган даврида 3672 нафар фуқарони қабул қилиб, 1052 та ёзма аризани ўз вақтида кўриб чиқиб, мурожаатларнинг 70 фоизини ижобий ҳал этишга эришди. Бу давлат органлари билан фуқаролар ўртасидаги очиқлик, мурожаатга нисбатан масъулият ва эътибор ошганлигини кўрсатади.

Т. Муйдинова, Ўзбекистон Республикаси

Президентининг тумандаги Халқ қабулхонаси мудири.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.