"Обод қишлоқ" дастури асосида оддий қишлоқ фуқароларининг ижтимоий-иқтисодий аҳволини яхшилаш, дунёқараши ва ҳаётга бўлган муносабатини ўзгартириш, янги иш ўринлари ташкил этиш орқали уларнинг фаровон яшашини таъминлаш каби эзгу саъй-ҳаракатлар мустақил юртимиз тарихида янги саҳифалар очилаётганига ёрқин мисол, десак, асло муболаға қилмаган бўламиз. Бундай хайрли бунёдкорликлар инсонларнинг эртанги кунга бўлган ишончини янада мустаҳкамламоқда.

Ушбу дастур доирасида бутун мамлакатимизда бўлгани каби туманимизда ҳам бир мунча ишлар амалга оширилди.

Жорий йилда учта ҳудудда кенг кўламли қурилиш - ободонлаштириш ишларини бажариш режалаштирилган.

-Жорий йилда Ширинбулоқ, Қорасув ва Гулистон-2 маҳаллалари дастурга киритилган,- дейди туман ҳокимлиги бош мутахассиси Комилжон Мамажонов.- Ширинбулоқда 4362, Қорасувда 5836, Гулистон-2 МФЙда 3900 нафар аҳоли истиқомат қилади. Бу маҳаллаларда дастур асосида амалга оширилиши зарур бўлган муҳим вазифалар белгилаб олинган. Унда кўп хонадонли уй-жойларнинг умумфойдаланиш қисмини, томини таъмирлаш, маиший инфратузилма объектларини жойлаштириш, атроф ҳудудини тартибга келтириш бўйича намунавий талабларни ишлаб чиқиб, ишни шу асосда ташкил этиш, барча ҳудудларда қурилишларга арзон ва сифатли материалларни ўз вақтида етказиб бериш, ободончилик ва кўкаламзорлаштириш ишларини амалга ошириш кабилар шулар жумласидандир.

Аҳолининг газ таъминоти масаласи чуқур ўрганиб чиқилганда Ширинбулоқ маҳалласидаги 292 та, Қорасувда 139 та, Гулистон-2 да 150 та хонадоннинг маиший газ баллонга эҳтиёжи борлиги аниқланди ва қисқа муддатда бу талаб тўлақонли қондирилди.

Қорасув маҳалласида 150 метр масофадаги Д-76 м табиий газ тармоғи ер остига демонтаж қилинди.

Электр таъминотини яхшилаш мақсадида Ширинбулоқ МФЙ ҳудудига 1 та трансформатор пункти ва 1.5 км ҳаво тармоғи янги қурилди. Шунингдек, ҳудуддаги 4 та ТП ва 1,8 км электр тармоғи таъмирланди. Қорасув МФЙ ҳудудида 1 дона трансформатор пункти ва 1.5 км узунликдаги тармоқни янги қуриш белгиланган бўлиб, амалда 1 та ТП ва 1.6 км тармоқ қурилди. Шунингдек, 5 дона трансфор-матор пункти, 1.6 км тармоқлар мукаммал таъмирдан чиқа-    рилди.

Гулистон-2 МФЙ ҳудудига 3 та трансформатор пункти ўрнатилди, 3 та ТП ва 3 км тармоқ янги қурилди. "Қорасув" қабристони атрофидаги 150 метр темир тўсиқ ҳамда яроқсиз ҳолатга келиб қолган девор бузиб ташланди ва ҳозирда замонавий кўриниш-даги 422 метрли девор барпо этилди.

Қорасув МФЙ кўчаларига маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 136 та тежамкор лампа, Ширинбулоқда тунги ёритиш чироқлари учун 56 та таянчлар ва 108 та электр тежамкор электр лампалар ўрнатилди.

Бу каби ишлар Гулистон-2 маҳалласида ҳам амалга  оширилади. Маҳаллага 36 та тунги ёритиш чироқлари учун таянчлар ва 72 дона электр тежамкор лампалар ўрнатиш белгиланган. 

"Фозилбек пласт сервис" х/к  томонидан 32-мактабгача таълим муассасаси биносида жами 1 млрд. 357 млн. сўм маблағ ҳисобига мукаммал таъмирлаш ишлари бажарилди.

Шунингдек, ушбу корхона томонидан 25-мактаб биноси жорий таъмирдан чиқарилди. Ширинбулоқдаги 6-мактабгача таълим муассасаси биносини таъмирлашда "Озод" МЧЖ қурувчилари ғайрат кўрсатиб ишламоқда. 42-мактаб биносини таъмирлаш ишлари поёнига етди. Ҳозирда Гулистон-2 даги 16-мактабгача таълим муассасасида  мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда. Бу иш "Исмоилхон Косоний" хусусий корхонаси зиммасига юкланган.

Шунингдек, Universal ideal stroy МЧЖ томонидан 1 млрд 320 млн. сўм маблағ ҳисобига 3-мактаб биносини мукаммал таъмирлаш белгиланган бўлиб, бугунги кунда қурилиш-монтаж ишлари бир маромда давом эттирилмоқда.

Дастурга асосан аҳоли хонадонларини тоза ичимлик суви билан таъминлаш муҳим вазифага айланган.

Ширинбулоқ МФЙга 19.8 км ичимлик сув тармоғи  тортиш ишлари дастурга киритилган бўлиб, ҳозирда 6.6 км масофада ишлар поёнига етди.

Қорасувда эса бугунги кунда 9.8 км.масофага тармоқ тортилиб, юзлаб хонадонларнинг ичимлик сувга бўлган талаби қондирилди. Гулистон-2 да ҳам 6 км.масофага тармоқ тортиш ишлари амалга оширилди.

Ширинбулоқ МФЙда 11 км, Қорасувда 9,7 км, Гулистон-2да 7 км. йўлга шағал ётқизилди.

"Агар биз қишлоқларни обод қилсак, у ердаги халқнинг кайфияти ўзгаради, ўз ҳаётини янада яхшилашга интилиш пайдо бўлади, қишлоқлар иқтисодий юксалади. Буларнинг бари Ватанимизнинг ободлиги ва иқтисодий юксалиши учун яна бир муҳим туртки бўлади", деган эди Президентимиз бу улуғвор дастурни илгари сураркан.

Албатта, "Обод қишлоқ" дастурини ҳаётга татбиқ этилиши, аҳолини, айниқса, қишлоқ аҳолисининг кайфиятига кўтаринкилик бағишлаб, турмуш даражаси, дунёқараши ва ҳаётга муносабати ўзгариб, уларда эртанги кунга мустаҳкам ишонч пайдо қилди.

Лекин бугун "бизга шу ҳам бўлаверади", деган фикрда яшаш - бу эътиборсизлик, лоқайдликнинг белгисидир.

Ҳар уччала маҳаллада дастур бўйича қизғин ишлар бошлаб юборилган кезларда гўёки барча оёққа тургандек бўлди. Аммо кўча йўлаги, ҳовлиси атрофи, гулхоналари ажириқ босган хонадон эгаларининг томошабин бўлиб турган ҳолатларни ҳам кузатдик. Айрим жойларда замонавий меъморчиликка амал қилмаган ҳолда, тартибсиз ва ўзбошимчалик билан қуриб олинган иморатлар бузиб ташланди. Аммо уларнинг ўрнига янгисини барпо этиш, ҳудудни обдонлаштириш ишлари  эътибордан четда қолиб кетмоқда.

Барча жойда Ёшлар иттифоқи туман кенгашлари ташаббуси билан "Обод қишлоқ" дастурида фаол иштирок этиш учун уюшмаган ёшлардан иборат "Фидойи ёшлар" отрядлари тузилиб, улар томонидан улкан ишлар амалга оширилаётгани ҳақидаги хабарларни ижтимоий тармоқларда ўқияпмиз.

Хўш, бизда-чи? Ана шундай фидоий ёшлар бошини қовуштириш бўйича қандай ишлар амалга оширилмоқда?

Бугун давлат ҳисобидан кимгадир иш ҳақи тўлаб, одамларнинг уйи атрофи, кўчаси, маҳалласини тозалаб бериш мумкин, аммо эртага-чи? "Обод қишлоқ"ни ким қуриб беради?

 Ўзимиз! Қишлоқнинг ҳар бир фуқароси ўз уйи, хонадони, томорқаси, кўча ва маҳалласини обод қилса, бу обод қишлоқ, дегани.

Агар қишлоқнинг ҳар бир хонадони соҳиби мавжуд биноларининг ташқи ва ички қисмини замонавий талаблар асосида таъмирлаб, жиҳозласа, атрофида ободонлаштириш ишларини амалга оширса, бу улуғвор ишга ҳисса қўшган бўларди.

Юртбошимиз Дўстлик туманидаги "Манас" қишлоғида амалга оширилган ишлардан хурсанд бўлиб, шундай деганди: "Обод қишлоқ" дастурини беҳудага Дўстлик туманидаги "Манас"дан бошлаганимиз йўқ. Бу ерда олижаноб халқ яшайди. Жуда катта меҳнаткаш аҳоли яшайди".

Бундай эътирофга бизлар ҳам сазовор бўлишимиз керак.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.