Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг бешинчи йўналишида - хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, чуқур уйланган, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсий соҳасидаги устувор йўналишлар ўз аксини топган.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев давлатлар ўртасидаги алоқаларни аҳил-иноқ, дўстона руҳда, ўзаро манфаатли тарзда ривожлантиришга жуда катта эътибор қаратмоқдаки, бунинг самарасини нафақат минтақа халқлари, балки бутун дунё аҳли бугун дилдан ҳис қилмоқда.

Дарҳақиқат, бугун Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бири иқтисодий-ижтимоий, маданий-гуманитар, транспорт-коммуникация инфратузилмаларини ривожлантириш каби соҳаларда стратегик аҳамиятга эга лойиҳаларни амалга оширишдан иборатдир.

Ўзбекистон ва Россия азал-азалдан стратегик ҳамкор мамлакатлардир. Бугунги кунга келиб бу ҳамкорлик сифат жиҳатидан янги, янада юксак босқичга кўтарилди. Айниқса, кейинги пайтларда ҳудудлар ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Россиянинг етакчи компания ва банклари билан биргаликда йирик инвестиция лойиҳалари амалга  оширилмоқда.

Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг мамлакатимизга ташрифи, икки томонлама муносабатлар тарихида илк бор "Ўзбекистон - Россия" ҳудудлараро ҳамкорлик форумини ташкил этилиши ўзаро муносабатларнинг узоқ муддатли истиқбол ва муҳим йўналишига замин яратмоқда.

Икки давлат Президентлари учрашувида ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва уни ҳар томонлама ривожлантириш, турли соҳаларда янги қўшма лойиҳа ва дастурларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди, мамлакатларимизнинг  долзарб минтақавий ва халқаро масалаларга доир ёндашувлари мос ёки яқин экани таъкидланди.

Россия Федерацияси билан ҳамкорликнинг янги стратегик йўналиши - атом энергетикасини ривожлантиришдир. Ушбу лойиҳа мамлакатимиз иқтисодиётида янги тармоқни вужудга келтиради. Бу саноат салоҳиятини янада ривожлантириш ва иқтисодиётимизнинг турли тармоқларида янги иш ўринлари яратишга  хизмат қилади, деди Президентимиз "Ўзбекистон-Россия" ҳудудлараро ҳамкорлик форуми доирасида "Ўзэкспомарказ"да мамлакатимиздаги биринчи атом электр станцияси қурилиши лойиҳасини очилишига бағишланган тантанали маросимда.

"Гап мамлакат иқтисодиётида янги тармоқ яратиш ҳақида кетяпти. АЭСнинг иккита энергоблоки нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари учун арзон ва тоза энергия ишлаб чиқариб беради. АЭС қурилишида энг илғор технологиялар қўлланилади, у энг қатъий хавфсизлик стандартлари ва экологик талабларга мос бўлади", дея қайд этди Владимир Путин.

- Атом электр станциясининг қурилиши мамлакатимизнинг иқтисодий ривожлантиришга жуда катта ҳисса қўшишини юракдан ҳис этиб турибмиз. У энергетика тизимидаги кўп муаммоларни бартараф этади, бу эса ўз навбатида халқимизнинг турмуш фаровонлиги ошади, деганидир. Шунингдек, жуда кўплаб кишиларни янги иш ўринлари билан таъминлайди, албатта, -дейди меҳнат фахрийси Турдали ота Ҳусанов.

Икки давлат раҳбарлари рамзий тугмани босиб, ушбу йирик лойиҳага старт берди.

Музокаларда маданий - гуманитар, айниқса, фан, таълим, соғлиқни сақлаш ва туризм соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, товар айирбошлаш ҳажмини ошириш ва номенкулатурасини диверсификация қилиш, ишлаб чиқариш корхоналари ўртасидаги кооперацияни ривожлантириш, транспорт ва энергетика соҳаларида ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.

2019-2024 йилларда иқтисодий ҳамкорлик дастури, 2019-2021 йилларда маданий гуманитар соҳаларда ҳамкорлик дастури, "Суффа" халқаро радиоастраномик обсерваториясини ташкил этиш бўйича "йўл харитаси", Ўзбекистонда Россиянинг етакчи олий таълим муассасалари филиалларини ташкил этиш ва фаолиятини таъминлаш тўғрисидаги битим, тўқимачилик санъатида ҳамкорлик тўғрисидаги битим ўзаро алмашилди.

Ташриф доирасида ўтказилган биринчи ҳудудлараро ҳамкорлик форумида аниқ мақсадли қўшма лойиҳаларни рўёбга чиқариш таклифлари берилди.

Келишувларга кўра, вилоятимиз ҳокимлиги ва Челябинск области ўртасидаги савдо-иқтисодий, илмий-техник келишувларга эришилди.

Умуман, давлат ташрифи доирасида умумий қиймати 25 миллиард АҚШ долларилик савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳужжатлар имзоланди.

Натижада: 79 та Ўзбекистон - Россия  қўшма корхонаси, 23 та янги савдо уйи, 20 та улгуржи ва чакана савдо маркази ташкил этилишига асос яратилди.

Учрашувда иттифоқчилик ва статегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш мақсади акс этган қўшма баёнот имзоланди.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.