Мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида сайлов қонунчилиги муҳим ўрин тутади. Айниқса, сайловларга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнида қонунчиликнинг аҳамияти беқиёс. Шу боис ҳам Президентимиз ўтган йилнинг 22 декабрида Олий Мажлисга Мурожаатномасида Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш вазифасини қўйганлиги бежиз эмас.

2017-2021 йилларда мамлакатимизни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини "Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили"да амалга оширишга оид давлат Дастури ижросини таъминлаш, Давлатимиз раҳбарининг Парламентга Мурожаатида белгиланган вазифалардан келиб чиққан ҳолда сайлов қонунчилиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш бўйича юртимизда кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Ана шу мақсадни кўзлаб депутатлар, сенаторлар, фуқаролар, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти, адлия вазирлиги, сиёсий партиялар, Президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ҳамда Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти, Тошкент Давлат юридик университети вакиллари, марказий сайлов комиссияси аъзолари ва котибиятининг масъул ходимлари, шунингдек, сайлов ҳуқуқи соҳасидаги тажрибали мутахассислар, экспертлар, олимлар ва амалиётчилардан иборат ишчи гуруҳи тузилиб, ўтган даврда Сайлов кодексининг лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, лойиҳани тайёрлаш жараёнида Сайловларни кузатиш бўйича Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги, Бутун жаҳон сайлов органлари ассоциацияси, Ислом ҳамкорлик ташкилоти каби халқаро ташкилотлар миссияларининг таклиф ва тавсиялари ҳам инобатга олинди.

Ушбу лойиҳа юзасидан жойларда давра суҳбатлари, муҳокамалар ўтказилиб, Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси ло-йиҳасига таклифлар билдирилди.

Ана шундай тадбирлардан бири туман ҳокимлиги мажлислар залида бўлиб ўтди.

Унда халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари, туман сайлов комиссияси аъзолари, сиёсий партиялар, ўқув муассасалари, маҳалла фуқаролар йиғинлари вакиллари қатнашдилар.

Давра суҳбатини туман ҳокимининг ўринбосари И. Султонов очди ва олиб борди.

Дастлаб Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси лойиҳасининг мазмун ва моҳияти ҳақида батафсил тушунча берилди.

Вилоят сайлов комиссияси аъзоси О. Алимқулов, туман адлия бўлими бошлиғи Қ. Авезматов, Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партияси туман кенгаши раиси А. Қаҳҳоров, Ширинбулоқ, Узунқишлоқ МФЙлар раислари Д. Аҳмаджонова, А. Маматқулов сўзга чиқиб, сайлов лойиҳасини маъқуллаган ҳолда ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдириб ўтдилар.

М. Акрамов, туман Кенгаши депутати.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.