Бугун истиқлол туфайли ҳар биримизнинг қалбимизда шукроналик, оилаларимизда осо-йишталик, тинчлик ва хотиржамлик ҳукм  сурмоқда. Мамлакатимиз Президентининг "Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма етти йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида"ги қарорида ҳам шу маънода мамлакатимизда истиқлолни, у билан боғлиқ тарихий сана ва воқеа - ҳодисаларнинг моҳиятини чуқур англаш ва қадрлаш ҳар томонлама муносиб нишонлаш ижтимоий-сиёсий ва маънавий ҳаётимизда муҳим ўрин тутади, деб алоҳида эътироф этилган. Жонажон юртимизда инсонга, айниқса, ёши улуғ қариялар, жисмоний имконияти чекланган, ногиронлиги бор шахсларга ҳурмат-эҳтиром, меҳр-оқибат кўрсатиш маънавий ҳаётимиз ва қадриятларимизнинг ажралмас қисмига айланмоқда.

Мен ҳам ўтган йили уч нафар дугонам қатори Президентимиз, ҳукуматимиз ғамхўрлигидан баҳраманд бўлдим. Бизнинг ҳам яшаш шароитимиз пухта ўрганилиб, уй-жойга муҳтожлигимизни ҳисобга олиб, Гўрмирон массивидан намунали лойиҳа асосида қурилган уй-жойлардан беришди. Бу ғамхўрликдан бошимиз кўкка етди. Президентимизга чин қалбимиздан раҳмат айтамиз.

Бу йил ҳам биз каби ногиронлиги бор, уй-жойга эҳтиёжли 20 нафардан ортиқ шахсга бундай уй-жойлар берилиши, кўпчиликнинг касаначилик асосида иш билан таъминлашга эътибор ошаётганлиги юртимизда инсон манфаати барча нарсадан устун эканлигидан далолатдир.

Ю. Дониёрова, Гўрмирон МФЙ.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.