Муборак Рамазон ҳайити арафасида Президентимиз "Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида"ги Фармонни имзолади.

Бу билан мамлакатимизда илк маротаба қутлуғ байрам муносабати билан ҳамда Ўзбекистон Республикаси Конститутициясининг 93-моддаси 23-бандига асосан адашиб жиноят содир этиб, озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўтаётган, ҳозирда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ҳамда тузалиш йўлига қатъий ўтган 226 нафар фуқаро афв этилди.

Президентимизнинг ушбу Фармони кенг жамоатчилик томонидан юксак инсонийлик, меҳр - мурувват, олижаноблик ва бағрикенгликнинг ёрқин ифодаси сифатида баҳоланмоқда.

Мухтабар ҲУСАНОВА,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати:

-Бугунги ислоҳотлар жараёнида инсонпарварлик тамойили устувор аҳамият касб этмоқда. Шу маънода, мазкур ҳужжат юртимизда бағрикенглик, олижаноблик ва меҳр-мурувват кўрсатиш каби  эзгу амаллар юксак намоён бўлаётганининг ёрқин ифодаси, дейиш мумкин.

Ўз навбатида, авф қилинган шахсларни оиласи ҳамда яқинлари бағрига қайтариш, ижтимоий ҳаётга мослашиб, фойдали меҳнат билан шуғулланишлари, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиш, жамиятда муносиб ўрин топишлари учун уларга  ҳар томонлама кўмак берилади. Бу нафақат яхшилик кўрсатиш, балки жамиятда инсон ҳуқуқларини таъминлаш, хатоларидан муносиб хулоса чиқарган ҳар бир одам шахс сифатида ҳаётда ўз ўрнини топишга ҳаққи бор эканлигини намоён этиш нуқтаи назаридан ҳам муҳимдир.

Сайёра БАРАТОВА,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси:

-Афв -ишонч, демакдир. Президентимиз томонидан имзоланган ушбу Фармон билан озодликдан маҳрум қилинган бир гуруҳ фуқаролар афв этилиб, уларга ишонч билдирилди.

Бугунги кунда Ўзбекистон яқин қўшни давлатлар ва ривожланган мамлакатлар билан дўстлик муносабатларини янада яхшиламоқда. Очиқ, дўстона сиёсат юритяпти. Шу маънода, Фармон билан чет эл фуқароларининг авф қилиниши юртимизда олиб борилаётган инсонпарварлик сиёсатининг амалдаги бир кўринишидир. Бу ҳам келгусида хорижий мамлакатлар билан дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши, шубҳасиз.

Омонжон АРАБОВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяси:

-Инсон ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ҳамда бошқа ажралмас ҳуқуқларини олий қадрият, деб тан олиш каби умуминсоний ва конституциявий принципларнинг амалда таъминланиши юртимиздаги барча ислоҳот ҳамда янгиланишларнинг асосини ташкил этади.

Фармонга мувофиқ,, ўз қилмишининг ҳуқуққа хилофлигини англаган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган фуқаролар Президентимиз томонидан афв қилиниб, ушбу  шахсларга жамият ҳамда ўз оиласи даврасига қайтиш имконининг берилгани халқимизнинг кечиримлилик, раҳмдиллик ҳамда бағрикенглик каби азалий қадриятлари намоёнидир. Ушбу тадбир жуда катта тарбиявий аҳамиятга ҳам эга. Зеро, жиноятчиликнинг олдини олиш, унга қарши курашиш самарадорлиги жазонинг оғирлиги ёки енгиллигига қараб эмас, балки қонунни бузган шахс жазонинг муқаррарлигини нечоғли англашига боғлиқ.

Ишонамизки, мазкур муқаддас ойда авф этилган фуқаролар билдирилган ишончни оқлаб, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга муносиб ҳисса қўшишади.

Муҳаммадхон Акрамов, халқ депутатлари туман Кенгаши депутати:

-Билиб - билмай қилган ножўя қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлганларни кечириш, адашганга тўғри йўл кўрсатиш халқимизга хос фазилат.

Шу маънода муҳтарам Президентимизнинг муқаддас Рамазон ҳайити арафасида эълон қилинган "Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган, қилмишига  чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни авф этиш тўғрисида"ги Фармони юртимизда халқпарварлик, адолатпарварлик барча нарсадан устун қўйилаётганидан далолатдир.

Хабарингиз бор, жорий йилнинг 8 май куни Президентимиз томонидан "Ўзбекистон Республикасида афв этишни амалга ошириш тартиби тўғрисида низомни тасдиқлаш ҳақида"ги Фармон имзоланди. Бу билан 2009 йил 13 мартда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасида афв этишни амалга ошириш тартиби тўғрисида"ги низом ўз кучини йўқотди.

Янги таҳрирда қабул қилинган низом аввалгисидан бирмунча фарқ қилади. Унда афв этиш ҳақидаги илтимосномани киритиш ҳуқуқига эга бўлган субъект-лар рўйхати бирмунча аниқлаштирилди. Жумладан, эски низомда афв этиш ҳақидаги илтимоснома, қоида тариқасида, судланган шахс томонидан ёзма шаклда Президент номига берилиши белгиланган эди. Янги низомда ушбу илтимоснома судланган ёки жазони ўтаб чиққан шахс, шунингдек, қонун томонидан илтимоснома киритиш ҳуқуқига эга бўлган бошқа шахс (орган) томонидан киритилиши мумкин эканлиги келтирилган.

Янги низомда, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги афв этиш масалалари бўйича комиссия таркибига Олий суд, Бош прокуратура, Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги, шунингдек, Ёшлар иттифоқи, Хотин-қизлар қўмитаси, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши ҳамда "Нуроний" жамғармаси вакиллари киритилиши аниқ белгилаб қўйилди.

Умуман олганда, авф этиш жиноят содир этган фуқароларни кечириш бўйича муҳим мехнизмлардан бири бўлиб, бу куч адолатда, деган фикрнинг яққол исботидир.

Наимахон Камолова,

туман ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси:

-Президентимиз Фармонига асосан адашиб ҳуқуқбузарлик йўлига кирган ва содир этган қилмишидан чин дилдан пушаймон бўлган кишиларга яна бир бор имкон берилди. Энди кечирилган шахс ўзига билдирилган ишончни оқлаб, юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда фаол қатнашиб, жамиятда ўз ўрнини топиши керак. Бунга кенг жамоатчилик, маҳалла-кўй, қолаверса, ҳар биримиз масъулмиз.Президентимиз Фармонига асосан, афв этилиб, жазони ўташ муассасаларидан оиласи бағрига қайтганлар билан яқиндан суҳбатлар ўтказиб, оилавий аҳволини ўрганиш, уларга моддий ёрдам кўрсатиш, саломатлигини тиклаш, ишга жойлаштириш масаласида туман ҳокимлиги, хотин-қизлар қўмитаси, ҳуқуқни муҳофаза этувчи идоралар, меҳнат, ижтимоий таъминот, тиббиёт бирлашмаси ва бошқа жамоат ташкилотлари ҳамкорликда иш олиб бориши муҳимдир.

Бу вазифалар айни вақтда зиммамизга катта масъулият юклайди. Қолаверса, хотин-қизлар ўртасида жиноят содир этилишининг олдини олиш ҳам долзарб вазифамиздир.

Бунда давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликни янада кучайтириш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилишга эътиборни янада оширишимиз керак. Ҳеч ким, ҳеч қачон эътиборимиздан четда қолмайди.

Ёқубжон Эшматов,

"Нуроний" жамғармаси туман бўлими раиси:

-Ўзбекистон - бағрикенг диёр. Жаннатмакон  юртимизда инсон шаъни, қадр-қиммати улуғ. Президентимизнинг ушбу Фармони замирида ҳам инсонни улуғлаш, уни қадрлашдек савобли ва улуғвор мақсад мужассам. Муборак Рамазон ҳайити арафасида эълон қилинган бу муҳим ҳужжат қанчадан қанча оилаларга қувонч олиб кирди.

Эндиги вазифа -Президентимиз Фармонига асосан афв этилиб, жазони ўташ муассасаларидан оиласи бағрига қайтганлар билан яқиндан суҳбатлар ўтказиб, оилавий аҳволини ўрганиб, баҳолу қудрат уларга ёрдам қўлини чўзишимиз керак.

Бизнинг юртда ҳеч ким жамиятдан ўзини ҳоли ҳис қилмайди.

Зеро, йиқилганни суяш, адашганга тўғри йўл кўрсатиш халқимизга хос фазилатдир.

Шерзод Жўраев,

туман ҳокимлиги қошидаги ижтимоий кўникма маркази раҳбари:

- Президентимиз томонидан имзоланган ушбу Фармонга мувофиқ шу кунгача вилоятимиздан озодликдан маҳрум қилинган 31 нафардан ортиқ фуқаро оилалари бағрига қайтди. Улар сафида туманимиз фуқаролари ҳам бор. Улар Президентимизнинг билдирган ишончларидан беҳад мамнун. Бу ишонч ва эътибор адашганларга ғамхўрликдир. Буни қадрига етишиш керак.

Абдусаттор МаматҚулов, Узунқишлоқ МФЙ раиси:

-Кечиримли бўлган инсоннинг йўли ҳамиша порлоқ бўлади. Юртимизда Президентимиз раҳнамолигида адашиб жиноят йўлига кирган ёки содир этган қилмишидан чин дилдан пушаймон бўлганларни афв этиш институти жорий этилиши таҳсинга лойиқдир. Бу амалиёт муборак Рамазон ҳайити  арафасида илк маротаба қўлланиши. Бу азалий қадриятларимизга хос инсонпарварлик сиёсатининг амалдаги намунасидир.

Юртимизда фуқароларнинг тинч ва фаровон ҳаёт кечиришини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш борасида кенг кўламли ишлар амалга ошириляпти. Президентимиз топшириғига асосан маҳаллаларни жиноятчиликдан ҳоли ҳудудга айлантириш, бунда бефарқлик, лоқайдлик ҳолатларига барҳам бериш каби вазифаларга эътиборни янада кучайтирамиз.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.