Гўрмирон маҳалласи ҳудудида қурилиб, фойдаланишга топширилган янги уй биноси ўз кўрки билан бутун бир маҳаллани яшнатиб юборди. Шунинг учун ҳам гўрмиронликлар намунавий лойиҳа асосидаги бинони "Президент уйи" деб аташади.

Ана шу уйлардан бири, тадбиркор қиз Юлдузой Дониёровага совға қилинди. 7 март санаси Юлдузхон учун унутилмас айёмлардан бири бўлиб қолди. Чунки, у шу санада ўзининг икки сотихли томорқаси бўлган шинам хонадонига кўчиб кирди.

Бошланғич тўловини шахсан Президентимизнинг ўзи давлат ҳисобидан тўлаб бериш бўйича Фармон берганликлари уйга эҳтиёжманду эҳтиёжи йўқларни ҳам бирдай қувонтирди. Чунки, ҳамма замону ҳамма маконда ҳам инсонпарварлик, муҳтожга ёрдам кўрсатиш улуғ иш сифатида шарафланади.

Мустақиллик тенгдоши Юлдузойнинг қисматида туғма ногиронлик бор экан. Ота-онаси ҳали гўдаклигидаёқ вафот этиб кетишди. Қизалоқ беш фарзандли тоғаси Ҳасанбой Мавлоновнинг қарамоғида қолди.

Гўрмирон қишлоғидаги 35-умумтаълим мактабида ўқиб юрган кезларини эсларкан, устозларини мамнуният билан тилга олади. Айниқса, Санобар Отамирзаева, Дилдора Ҳолиқоваларнинг фазилатларини санайди.

Қўқимбой маиший хизмат касб-ҳунар коллежида тикувчилик, ишлаб чиқариш технология мутахассисислиги бўйича таҳсил олган йилларида Санобар ая Маҳкамова энг меҳрибон ва сирдош устоз сифатида уни моддий-маънавий қўллаб-қувватлаганини энтикиш билан эслайди:

-Менинг руҳим болалигимданоқ тетик ва бардам бўлган, -дейди Юлдузой биз билан суҳбатда. - Чунки, менга тоғам шундай тарбия берганлар. Ўшанда ҳам маҳалладошларим "Иродали қиз", дейишарди мени. Бунга сабаб мустақиллик билан тенгдош эканлигиммикин, деб ҳам ўйлайман. Ногиронлигимдан уялиб, ҳеч қачон бўйнимни қисмадим. Аксинча, тенгдошларимга нисбатан шахдлироқ бўлишга интилдим.

Коллежни тамомлаганимдан сўнг маҳалла-кўйнинг майда-чуйда чокларини тикиб бериб, оз-оз даромад қила бошладим.

"Юлдузхон" номидаги хусусий корхона очиб, қонуний тартибда рўйхатдан ўтган ҳолда тадбиркорлик фаолиятимни йўлга қўйганман. Гўрмирон маҳалла фуқаролар йиғини раиси Зокиржон ака Абдуқодировнинг қўллаб-қувватлаши ва таклифи билан хусусий корхонага қўни-қўшниларимиздан ўн беш нафар аёл-қизни танлаб олиб, иш билан таъминладим.

2017 йил ҳаётим саҳифаларига орзуларим ушалган йил сифатида муҳрланди. Наманган муҳандислик-қурилиш институтининг машинасозлик технологияси факультетига ҳужжат топшириб, тест синовларидан муваффақиятли ўтдим ва талабаликка қабул қилиндим.

Овози ўктам, шижоати баланд, ғайратли синглимиз  "Пахтасаноат" акциядорлик жамиятининг вилоят бирлашмасидан "Чайка-142" русумли тикув машинаси билан сийланганлигини ҳам алоҳида ютуқ сифатида тилга олади.

"Пахтасаноат" АЖ билан тузилган шартномага мувофиқ, касаначилик асосида пахта терувчиларга этак тикиб беради. Ойлик иш ҳақи ўртача 700 000 сўмданни ташкил этаркан.

Қишлоқдаги фойдаланилмаётган эски масжид биносини якка тартибдаги тадбиркор сифатида тасарруф қилаётган Юлдузхон қўл остидаги ишловчиларнинг ўртача ойлик иш ҳақини камида  бир миллион сўмдан кўтариш билан боғлиқ режа  асосида янги буюрт-малар чиқариш ҳаракатида.

-Келгусида "Қишлоққурилишбанк" билан ҳамкорликда эски бинони янги икки қаватли кўркам қиёфада қайта қуриб, трикотаж маҳсулотлари тикиб, экспортга йўл топмоқчиман. Қўшимча хизмат турларини жорий қилиш йўли билан ҳамқишлоқларимнинг оғирини енгил қилиш-мақсадим.

Юлдузхон Дониёрова билан унинг янги хонадонида суҳбатлашдик. Ошхонаси ҳам қўшиб айтишса тўрт хонали, шинам ва чароғон уй. Жиҳозлари кўркам, ярашимли.

Меҳмонхонасидаги диван суянчиғида алоҳида рамкага солинган ёрлиқ турибди.

-Мана бу Президентимиз Шавкат Миромоновичдан табрик. Уни вилоятимиз ҳокими Хайрулло Бозоров шахсан келиб тақдим этдилар, - дейди Юлдузой фахр билан. - Табрик, тилак ва катта ишонч. Мен Президент ишончини, маҳалладошларим тимсолидаги халқимиз ишончини оқлашим, катта марраларга эришмоғим керак!

Носиржон ДеҳҚонов.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.