Косонсой туман сайлов комиссиясида комиссиянинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва фаолиятини услубий таъминлаш масалаларига бағишланган семинар-йиғилиши бўлиб ўтди. Унда вилоят сайлов комиссияси аъзолари, Чортоқ ва Янгиқўрғон туманлари сайлов комиссиялари раислари, Косонсой туман сайлов комиссияси аъзолари иштирок этдилар.

Семинар-йиғилишни Халқ депутатлари Косонсой туман Кенгашига сайлов ўтказувчи туман сайлов комиссияси раиси Қодирхон Иномов олиб борди.

Семинарда туман сайлов комиссияси фаолиятида сайлов қонунчилиги нормаларининг аниқ ва бир хилда қўлланилишини таъминлаш ҳамда сайлов тизимидаги ўзгариш ва янгиликлар мазмун-моҳиятига эътибор қаратилди.

Вилоят сайлов комиссиясининг доимий асосда ишловчи котиби Бобир Камолов иштирокчиларни жорий йилнинг 27 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясида бўлиб ўтган давра суҳбати тафсилотлари ва Марказий сайлов комиссиясининг 2017 йил давомида қабул қилган қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2018 йил 4 майдаги "Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига 2019 йил декабрь ойида бўлиб ўтадиган сайловларга тайёргарлик кўриш бўйича тадбирлар Дастури тўғрисида"ги 874-сонли қарори мазмун-моҳияти билан таништириб ўтди.

Косонсой тумани ҳокимлигининг ташкилий-назорат гуруҳи раҳбари Алишер Шералиев туман ҳокимининг тегишли қарорига асосан, туман сайлов комиссиясига 4-сонли болалар мусиқа ва санъат мактаби биносининг 1-қаватидан доимий фойдаланишга ижара бадалисиз ажратиб берилган 3 та хонада фаолият юритиш учун зарур шарт-шароитлар яратилгани, жумладан, мебел тўпламлари ва оргтехника воситалари билан тўлиқ жиҳозлангани ҳақида тўхталиб ўтди. Сайлов комиссияси ва партиялар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, бунда сайлов комиссиялари таркибига партияга аъзолар кириб қолмаслиги, округ ва участка сайлов комиссиялари таркибига ҳозирдан камида 2 нафардан номзодларни танлаш ва уларни ҳуқуқий саводхонлигини оширишга эътибор қаратиш ҳамда сайлов участ-каларини инвентаризациядан ўтказиш лозимлигини таъкид-лади.

Семинар-йиғилишда вилоят сайлов комиссияси аъзоси Иброҳимжон Бойматов, Чортоқ туман сайлов комиссияси котиби Абдулазиз Оқбаев, Косонсой туман сайлов комиссияси котиби Шарофиддин Болтабоев ва комиссия аъзоси Баҳромжон Қосимов ҳамда "Косонсойнома" газетаси муҳаррири Анорбой Олимовлар ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар. 

 

Расулбек УММАТОВ.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.