Истиқлол йилларида миллий армиямиз чин маънода ёшларни жисмонан чиниқтирувчи, уларнинг ҳарбий билим ва дунёқарашини бойитувчи, иродасини тоблаб, маънавиятини, Ватанга садоқатини юксалтирувчи камолот мактабига айланди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош қўмондони Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида бу соҳани ислоҳ қилишнинг янги босқичида, энг аввало, миллий армиямиз мудофаа қудратини, жанговар салоҳиятини юксалтириш, ҳар қандай хавф-хатарни чуқур таҳлил этишга қодир, тезкор ва тўғри қарор қабул қила оладиган, замонавий билим ва юксак маънавий-ахлоқий фазилатларга эга ҳарбий хизматчиларни тайёрлашга, уларнинг яшаш шароитларини яхшилашга эътибор кучайтирилмоқда.

Ҳарбий хизматни намунали ўтаган ёшларнинг олий ўқув юрт-ларига кириш имтиёзларидаги ўзгартириш ҳам ғамхўрликнинг амалдаги исботи бўлди. Илгари кириш имтиҳонларида тўпланган баллнинг 27 фоизи қўшиб берилган бўлса, бугунги кунда бу имтиёз 50 фоизни ташкил этмоқда.

Ҳарбий хизматчиларнинг уй-жой, ипотека кредитлари билан таъминлаш ҳам ҳамиша давлатимиз раҳбарининг эътибо-рида .

Армиямиз сафларида хизмат қилаётган йигитларимизнинг алп қоматини кўриб, ҳавасингиз келади. Ҳар томонлама соғлом, бақувват, чуқур билимли йигитларни ҳарбий хизматга жўнатишда саралаш, тест синовларининг аҳамияти катта бўлаяпти. Хусусан, туманимиздан чегара ва бошқа жанговар қўшинларда хизмат қилаётган йигитларнинг сони йилдан йилга ортиб бормоқда.

Биргина ўтган йили Ватан олдидаги йигитлик бурчини шараф билан ўтаётган йигитларимизнинг ота-оналари номига ҳарбий қисм раҳбарлари номидан 28 тадан ортиқ миннатдорчилик мактублари келди.

Мамлакатимизда соғлом, муддатли ҳарбий хизматни кечиктириш ҳуқуқига эга бўлмаган ёшлар учун сафарбарлик чақируви резерви хизмати жорий қилинган. Бу хизматни ўтаганлар муддатли ҳарбий хизмат қилган фуқаролар билан тенг ҳуқуқга эга. Бу хизмат ҳам ҳар қандай вазиятда Ватан ҳимояси учун тайёр тура оладиган авлодни вояга етишишига замин яратмоқда.

Ёшларнинг ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялашда туман ҳокимлиги, Ёшлар ташкилоти, маҳалла фуқаролар йиғинлари, МК «Ватанпарвар» ташкилоти, мактаб ва коллежлар билан ҳамкорликда маънавий-маърифий тадбирлар, турли спорт мусобақалари ўтказишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунинг самараси ўлароқ, олий ҳарбий билим юртлари, академик лицейларда ўқиш истагида бўлган ёшларимиз сони йилдан йилга ортиб бормоқда. Бугунги кунларда туманимиз ёшларидан 20 нафардан зиёди олий ҳарбий билим юртларида таҳсил олаётган бўлса, ҳарбийлашган академик лицейлар курсантлари сафида уларнинг сони 40 тадан ошди.

Мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталик ва фаровон ҳаётнинг аҳамиятини туну кун Ватан олдидаги фарзандлик бурчини сидқидилдан адо этаётган аскарларимиз жуда яхши билишади. Зеро, Ватан ягона, уни ҳимоя қилиш, бойликларини асраб-авайлаш шарафли бурч.

 

Содиқжон Жабборов, туман Мудофаа ишлари бўйича бўлим бошлиғи.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.