Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 25 йиллиги муносабати билан туман ҳокимлигида тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирни туман ҳокими в.б. Ж. Юлдашев очди. Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси янгради. -Озод ва ҳур диёримизда, жумладан, туманимизда эришган барча ютуқ ва марраларимииз Конституциямизнинг ҳаётбахш қудратини, унда мужассам бўлган қоида ва нормаларнинг нақадар чуқур ўйлангани, ҳар томонлама мустаҳкам асосга эга эканини ҳаётнинг ўзи тасдиқлаб турибди,-деди Ж. Юлдашев.

Мамлакатимиз Президентининг шу йил 26 августдаги «Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг йигирма олти йиллиги муносабати билан давлат хизматчилари ҳамда ишлаб чиқариш ва ижтимоий-иқтисодий соҳалар ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида»ги Фармонига асосан «Нуроний» жамғармаси туман бўлинмаси раиси Ёқубжон Эшматов «Шуҳрат» медали билан мукофотланган эди. Юксак мукофот Ё. Эшматовга тантанали равишда топширилди.

-Бугунги кунда Конституция бахтимиз қомуси бўлиб хизмат қилмоқда. «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили»да мамлакатимизда фуқароларнинг ҳуқуқ ҳамда эркинликларини қатъий таъминлашга қаратилган кенг кўламли ишлар изчиллик билан амалга ошириляпти. Юртимизда  бу борада 400 дан ортиқ қонунлар, Президентимизнинг сўнгги бир йил ичида қатор Фармон ва қарорлари қабул қилинганлигини алоҳида эътироф этди жиноят ишлари бўйича туман судининг раиси Э. Тожибоев.

Мамлакатимизда ўтган давр мобайнида амалга оширилган барча ислоҳотлар замирида Конституциямизда белгилаб берилган қоида ва тамойиллар устуворлик касб этади. Айни пайтда ҳаётга изчиллик билан татбиқ этилаётган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳам Конституциямиз тамойилларига асосланган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 10 октябрдаги Фармони билан таъсис этилган «Ўзбекистон Конституциясига 25 йил» эсдалик нишонини топшириш маросими ҳам катта тантанага айланди.

-Конституциямиз қа-бул қилинганининг 25 йиллик тарихий санаси муносабати билан таъсис этилган ушбу эсдалик нишонига сазовор бўлиш катта шараф,-дейди туман кенгаши депутати Ш. Носиров. -Бу Конститу-циямизда белгиланган қоидаларнинг ижросини таъминлаш, жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтиришда зиммамизга улкан масъулият юклайди.

Туманимиз санъаткорларининг дилрабо куй ва қўшиқлари  тадбирга янада файз киритди.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.