Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал демократик партияси дастурида аҳолини тадбиркорликка жалб этиш орқали уларнинг турмуш шароитини янада яхшилаш, мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг улушини оширишга йўналтирилган вазифалар белгиланган. Партиянинг Сиёсий кенгаши ижроия қўмитаси, ҳудудий, туман (шаҳар) ташкилотлари ҳамда «ХХI аср» ижтимоий-сиёсий газетаси ташкилотчилигида ишлаб чиқилган «O’zLiDeP бошланғич ташкилотлари ўз томорқасида фаолият бошлаганларга кўмакдош» лойиҳаси ҳам ана шу мақсадларга хизмат қилмоқда.

Лойиҳа давомида ҳар бир бошланғич партия  ташкилоти халқ депутатлари туман Кенгашидаги партия депутатлари билан ҳамкорликда ўз томорқасида шахсий тадбиркорликни бошламоқчи бўлган ёки бу ишни бошлаб, айрим муаммоларга дуч келаётган оилаларни оталиққа олган ҳолда, уларга томорқа хўжаликлари тўлақонли юриб кетгунча яқиндан ёрдам кўрсатиш,  ушбу оилаларнинг моддий фаровонлигини ошириш ҳамда маънавий ва ҳуқуқий саводхонлигини оширишга йўналтирилган тарғибот – ташвиқот ишларини олиб боради.

Ана шу мақсадда илк марта тадбиркорлик фаолиятини бошламоқчи бўлган камида 5 та оилани оталиққа олиб, уларга етарли шарт-шароит яратиб, бу борада зарур чора-тадбирларни кўришда ёрдам кўрсатади.

Туманимизда ҳам мазкур лойиҳа ҳаётга изчил татбиқ этилмоқда. Жумладан, «Тахтакўприк» маҳалла бошланғич партия ташкилоти етакчиси Каримжон Нурматов, халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Исломжон Ҳусенов билан ҳамкорликда ҳудуддаги томорқасида шахсий тадбиркорликни бошлаш ниятида бўлган ва бу фаолият билан шуғулланаётган оилаларни оталиққа олишди.

-Томорқамиз катта. Унинг 2,5 сотихида иссиқхона ташкил қилганмиз,-дейди «Тахтакўприк» МФЙда яшовчи М. Ҳабибуллаев.- Партиядан бириктирилган вакиллар ва туман Кенгаши депутати И. Ҳусенов хонадонимизда бўлиб, амалга оширилаётган ишимиз билан яқиндан танишдилар. Ишимизни янада ривожлантиришимиз учун банкдан имтиёзли кредит олишимизни тақозо этади. Бу масалада улар ўз ёрдамларини аямасликларини айтишди. Бундан хурсандмиз.

«Баҳористон» МФЙ бошланғич партия ташкилоти раиси Турдихон Меҳмонов ҳам лойиҳани ҳаётга татбиқ этишда фаоллик кўрсатмоқда. Айниқса, боғ эгалари, балиқчилик билан шуғулланаётган оилаларнинг тадбиркорлик фаолиятларини янада жонлантиришда партиянинг мададини ҳис қила бошлашди.

–Оиламиз билан олти ярим сотих ерда балиқчилик ҳавзаси ташкил этишни бошлаганимизга кўп вақт бўлгани йўқ,-дейди шу маҳалла фуқароси О. Ҳакимов. -Қисқа вақт ичида ишимиз юришиб кетди. Бунда тадбиркорлар ва ишбилармонларнинг яқин кўмакчисига айланган Ўзбекистон Либерал демократик партиясининг ҳам ҳиссаси катта. Партиянинг маҳалламиздаги бошланғич ташкилоти раҳбари ҳар бир ишда бош-қош бўлаётгани эътиборлидир.

Икромжон  Ангуров, ЎзЛиДеП туман

кенгаши аппарат раҳбари.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.