Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси халқимизнинг хоҳиш – иродаси, инсон ҳуқуқ ва манфаатлари, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган меъёрларини мужассамлаштирган ҳуқуқий ҳужжатдир. Бош қомусимизда ҳар бир инсоннинг ҳуқуқ ва манфаатлари, жумладан, ёшларнинг таълим олиш, касб-ҳунар эгаллашига доир ҳуқуқлари кафолатланган.

Айни кунларда Конституциямизнинг йигирма беш йиллиги муносабати билан турли жамоат ташкилотлари, таълим муассасаларида маданий – маърифий тадбирлар, учрашув ҳамда давра суҳбатлари ўтказилмоқда.

Туман ҳокимлиги мажлислар залида ўтказилган тадбир ҳам Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси қабул қилинганлигининг 25 йиллигига бағишланди.

Тадбирни туман ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Д. Валиева очди ва олиб борди.

Туман прокурорининг ўринбосари Ш.Қаҳҳоров Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг аҳамияти ва мамлакатимизда қабул қилинган айрим қонун ҳужжатларининг мазмун ва моҳияти ҳақида маъруза қилди.

У ўз сўзида Бош қомусимиз юртимизда инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, тинчлик ва осойишталикни мустаҳкамлаш, иқтисодиётимизни барқарор ривожлантириш ва аҳоли фаровонлигини юксалтириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлигини оширишда муҳим ҳуқуқий асос эканлигини таъкидлади.

Шунингдек, йиғилишда туман ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари Ҳ. Дедахонов ва бошқалар сўзга чиқиб, 1992 йилнинг 8 декабрида умумэътироф этган халқаро ҳуқуқ нормалари, андозалари ва талабларига жавоб берадиган Конституциянинг қабул қилиниши билан Ўзбекистон демократик ҳуқуқий давлат ва эркин фуқаролик жамияти сари биринчи ва қатъий қадам қўйганлигини алоҳида эътироф этдилар.

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.