Жорий йилнинг 10-11 октябрь кунлари Россиянинг Сочи шаҳрида МДҲ давлат раҳбарлари Кенгаши мажлиси бўлиб ўтди. Унда мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев сўзга чиқиб, мажлис кун тартибидаги масалалар юзасидан таклифлар билдирди. Уларда, нафақат,  юртимизда, балки ҳамдўстликка аъзо мамлакатларда ҳам янги ишчи ўринлари яратиш, иқтисодиётни ривожлантириш, халқ турмуши фаровонлигини ошириш, тинчлик ва хотиржамликни асраш каби улуғ мақсадлар мужассам бўлди.

Президентимизнинг, айниқса, илмий-амалий техник ҳамкорлик ва таълим соҳасидаги  алмашинувни кенгайтириш, туризм соҳасининг истиқболлари, бу соҳадаги ҳамкорликнинг 2020 йилга қадар ривожлантириш стратегияси, ана шу мақсадларга хизмат қилувчи ҳамдўстликнинг туризм бўйича кенгашининг навбатдаги мажлисларидан бирини Самарқандда ўтказиш, ҳар қандай давлат ва жамиятнинг асосини ташкил этадиган асл ва фундаментал қадриятлардан бири Оила институти ва оилавий қадриятларни қўллаб-қувватлаш, ушбу муҳим соҳада тажриба алмашиш мақсадида Ўзбекистон келгуси йилда "Оилани мустаҳкамлаш ва ўсиб келаётган ёш авлодни тарбиялашда ўзини ўзи бошқариш органларининг роли" мавзуида халқаро конференция ўтказиш кабилар шулар жумласидандир.

Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, илмий техник ҳамкорлик ва таълим соҳасидаги алмашинувни кенгайтириш, малакали кадрлаш тайёрлаш бўйича қўшма дастурлар, юқори технологиялар соҳасидаги лойиҳалар, ҳамкорликда илмий тадқиқотлар олиб бориш каби таклифлар Ҳамдўстлик давлатлари ўртасида, энг аввало, илм-фан тараққиёти йўлида ҳамкорликни янада кенгайтиришга хизмат қилади. Президентимиз ўз нутқида бежиз  туризм соҳасида катта истиқболлар мавжудлигига эътибор қаратмади. МДҲ давлатларининг туризм со-ҳасидаги салоҳияти ҳалигача тўлиқ ишга солинмаганини ҳисобга олиб,  Ҳамдўстликнинг туризм бўйича кенгашининг навбатдаги мажлисидан бирини юртимизда ўтказиш бўйича таклиф замирида катта маъно ва мақсад мужассамдир. Бу билан мамлакатимизнинг туризм салоҳиятини намо-йиш этиш имконияти пайдо бўлибгина қолмай, бу соҳадаги ҳамкорликни кенгайтириш бўйича имкониятлар очилади. Табиийки, бундан Ҳамдўстлик давлатларининг ҳар бири манфаатдор бўлади.

МДҲ Давлат раҳбарлари Кенгаши Мажлисида Ҳамдўстликда 2019 йилни "китоб йили", деб эълон қилиш ҳақида қарор қабул қилинди.

Бугунги глобаллашув шароитида маънавий-маърифий бойлик бўлган китоб мутолаасига эътибор берилиши ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди.

Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимизда китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини такомиллаштириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини оширишга жиддий эътибор каратилмоқда.

Ана шу мақсадларга хизмат қилувчи қарорлар қабул қилиниб, ҳаётга изчил татбиқ этилмоқда. Албатта, бизнинг мамлакатимизда амалга оширилаётган ишлар  бошқаларнинг ҳам қизиқишига, ўрганишига сабаб бўлаётгани қувонарлидир. Бу китобга бўлган муносабатнинг ўзгараётгани, маънавият ва маърифатга  бўлган эътибор ошаётганининг далилидир.

Кенг жамоатчилик Ҳамдўстлик мамлакатларида 2019 йил "китоб йили", деб эълон қилинганини Ўзбекистонда бошланган эзгу ишларнинг мантиқий давоми сифатида эътироф этмоқда.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.