Савол: -Президентиимизнинг жорий йил 2 сентябрдаги «Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони шубҳасиз миллий валютамиз барқарорлигини таъминлашга хизмат қилади. Ушбу ҳужжатга асосан юридик ва жисмоний шахслар қандай кафолатга эга бўлишади?    

Саволга Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг туман бўлими суриштирувчиси О.Садритдинов жавоб беради:

-Мазкур Фармон билан юридик ва жисмоний шахслар томонидан чет эл валютаси жорий халқаро валюта операцияларини амалга ошириш учун банкларда эркин сотиб олиниши ва сотилиши кафолатланади.

Хусусан, юридик шахслар ўз маблағларини банкларда жорий халқаро валюта операцияларини, шу жумладан, товар, иш ва хизматлар импорти, фойдани репатриация қилиш, кредитларни қайтариш, хизмат сафари харажатларини тўлаш ва бошқа савдо характерига эга бўлмаган операцияларни амалга ошириш учун чет эл валютасига чекловларсиз эркин конвертация қилишлари мумкин.

Таъкидлаш жоизки, жорий халқаро операциялар бўйича тўловларни банклардаги ҳисобварақлар орқали амалга оширишда хўжалик юритувчи субъектлар томонидан бозор курсида чет эл валютасини сотиб олиш имкониятининг яратилиши “яширин” иқтисодиётнинг қисқаришига ва пул маблағларини банк айланмасига жалб қилишга хизмат қилади.

Жисмоний шахслар ҳам тижорат банкларининг конверсион бўлимларида чет эл валютасини эркин сотиб олиши, сотиб олинган маблағларни халқаро тўлов карталарига ўтказиб, улардан хорижда ҳеч қандай чекловларсиз, шу жумладан, банк ҳисобварақлари орқали хорижда ўқиш, даволаниш ва бошқа мақсадлардаги тўловлар учун фойдаланиши мумкин.

Халқ истеъмоли товарларини импорт қилиш билан шуғулланувчи якка тартибдаги тадбиркорлар банклардаги ҳисобварақларида савдо тушумини ва бошқа даромадларини жамғариб борган ҳолда, кейинчалик уни жисмоний шахслар учун ўрнатилган тартибда, яъни сотиб олинган валюта маблағларини халқаро тўлов карталарига ўтказиш ва чет элда чекловларсиз, шу жумладан, товарларни импорт қилиш учун ишлатиши мумкин.

Аҳолидан нақд чет эл валютасини сотиб олиш тижорат банкларининг барча филиал ва минибанклари томонидан чекланмаган миқдорда ва сарсонгарчиликсиз амалга оширилади.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.