Президентимизнинг жорий йил 29 майдаги «Электр энергияси ва табиий газ етказиб бериш ҳамда истеъмол қилиш соҳасида тўлов интизомини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, ижро иши юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ижроси юзасидан туманда бир қатор ишлар амалга оширилди.

Энг аввало, 2017 йил 1 июндаги «Республикада турар ва нотурар жой фондини инвентаризациядан ўтказишга оид ташкилий тадбирларни белгилаш бўйича» Қўшма фармойишнинг туманда ижросига эътибор кучайтириляпти. Ҳудудий ишчи гуруҳлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи штаб ҳамда ҳудудларда 16 та ишчи гуруҳлари тузилди. Улар  асосан тумандаги турар ва нотурар жой фондини инвентаризациядан ўтказиш, солиқ базаларининг ҳақиқий ҳисобини юритиш, тўлов интизомини мустаҳкамлаш ҳамда аҳолининг бу борадаги ҳуқуқий маданиятини янада оширишга эътибор қаратишди.

Хусусан, ўтган даврда туман бўйича 10.570 та турар ва нотурар жой бинолари инвентаризациядан ўтказилди.

Бу жараёнда 375 та турар ва нотурар жойларда кадастр ҳужжатлари мавжуд эмаслиги, энергия ресурсларидан фойдаланганлик юзасидан истеъмолчилар ҳисобига 31,2 млн. (электр-4.7 млн. газ – 26,5 млн.) сўмлик нореал қарздорлик асоссиз қўйилганлиги аниқланди.

Шунингдек, тадбир жараёнида истеъмолчилардан 1222 млн. (электр-552.5 млн. табиий газ-349.5 млн., ичимлик суви – 3.5 млн, солиқ тўлови – 316.5 млн.) сўм миқдорида қарздорлик ундирилди.

Қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан 44 нафар шахсга нисбатан маъмурий жавобгарликка оид иш қўзғатилди ҳамда энергия ресурс-лари учун тўланган маблағларни ўзлаштириш ваа талон-тарож қилиш ҳолати юзасидан тегишли ташкилотларга тақдимнома ва ахборотлар юборилди.

Бундан ташқари, хатлов жараёнида аниқланган қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этишда жамоат таъсир чорасини кўриш ҳақида жойларга 7 та тақдимнома ва 37 та мажбурий кўрсатмалар берилди ҳамда 1175 та ҳолатда бюро ходимлари ҳисобга олиш ускуналарини пломбалашда иштирок этишди.

Қарздор истеъмолчиларга 10.533 та 1,8 млрд. сўмлик, иш берувчиларга эса 2988 та 313,9 млн. сўмлик талабномалар юборилди. 365 та 1,312 млрд. сўмлик инкасса топшириқномалари берилди, ҳисоб-китобларни ўз вақтида амалга оширмаган ва ноқонуний уланган 141 нафар истеъмолчи тармоқдан узилди, 44 нафар ҳуқуқбузарга нисбатан маъмурий жавобгарлик тўғрисида иш қўзғатилди.

Қўшма фармойиш ижроси юзасидан туманда турар ва нотурар жой фондини инвентаризациядан ўтказиш алоҳида назоратга олинган ҳамда энергия ресурслари учун тўловларнинг ўз вақтида ва тўлиқ ундирилиш, электр ва газ тақсимлаш тармоқларига ноқонуний уланиш ҳамда талон-тарож қилиш ҳолатларини аниқлаш, бартараф этиш ва олдини олиш, бу борада  белгиланган вазифаларни изчиллик билан амалга ошириш учун барча зарурий чоралар кўрилмоқда.

Фаолиятимизда суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларининг сўзсиз ижросини таъминлаш, ижро ҳужжатлари ҳамда ундирилган маблағларнинг ҳаққоний ҳисобини юритиш, ижро иши юритишда сансоларлик ва суиистеъмолчилик ҳолатларининг олдини олиш муҳим аҳамият касб этмоқда.

И. Раҳмонов, Ўзбекистон Республикаси Бош

Прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро

бюроси туман бўлими бошлиғи.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.