Мустақиллик йилларида мамлакатимизда фармацевтика соҳасини янада ривожлантириш, янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш, жаҳон бозорида рақобатбардош тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмларини ва унинг турларини кенгайтиришга эътибор кучайтирилмоқда.

Хусусан, мамлакатимиз Президентининг жорий йил 3 майдаги «Нукус-фарм», «Замин-фарм», «Косонсой фарм», «Сирдарё-фарм», «Бойсун-фарм», «Бўстонлиқ-фарм» ва «Паркент-фарм» эркин иқтисодий зоналарини ташкил этиш тўғрисида»ги Фармони бу борадаги ишларни янада авж олдирилишига замин яратмоқда.

Мазкур фармонга мувофиқ туманимизда «Косонсой-фарм» эркин иқтисодий зонаси ташкил этилиши бежиз эмас. Чунки туманда халқаро тиббиёт амалиётида фойдаланилаётган 350 турдаги доривор ўсимликларнинг аксариятини етиштириш учун  қулай иқлим шароити мавжуд. Туманнинг бетакрор табиатида ҳам жуда кўплаб доривор гиёҳларни учратиш мумкин. Қолаверса, тоза об-ҳаво, зилол сувимиз янги плантацияларда сифатли доривор ўсимликларни  етиштириш имконини беради.

Ана шу омиллар назарда тутилган ҳолда мазкур фармонга асосан туманимизда фармацевтика тармоғини ривожлантиришга қаратилган эркин иқтисодий зона ташкил этишга киришилмоқда. Айни пайтда ана шу мақсадга йўналтирилган истиқболи лойиҳалар устида иш олиб борилмоқда.

Бугунги кунда «Намуна» массивидан дори-дармон воситалари ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга ошириш учун 32,0 гектар, доривор ўсимликлар етиштириладиган плантациялар учун «Бухоро» массивидан 100.0 гектар ер майдони ажратилди.

«Косонсой - фарм» эркин иқтисодий зонасида 5 та йирик инвестицион лойиҳа шакллантирилиб, уларнинг умумий қиймати 35,7 млн. долларни (тижорат банклари томонидан 8,7 млн. хорижий инвестициялардан 22,0 млн., ва ташаббускорларнинг ўз маблағлари ҳисобидан 5,0 млн. доллар)  ташкил этмоқда.

Ушбу лойиҳалар эвазига 440 та янги иш ўринлари яратиш кўзда тутилмоқда.

Маълумотларга кўра, «Саломатлик Диёр келажак сари» МЧЖда 8,0 млн. долларлик, «Даво» ХКда 2,0 млн. «Муҳаммадюсуф фарм савдо» МЧЖ да 3.5 млн., «Косонсой Англ Глуф» қўшма корхонасида 12,7 млн. ва «Косонсой Биофарм» корхонасида 9,5 млн. долларлик инвестициялар киритилиши ҳисобига кўплаб турдаги дори-дармон воситалари ишлаб чиқариш лойиҳалари амалга оширилади.

Ташкил этилаётган эркин иқтисодий зоналарнинг фаолият муддати кейинчалик узайтириш имкони билан 30 йил этиб белгиланган, ушбу ҳудудларда алоҳида солиқ, божхона ва валюта тартиблари амал қилади.

Жумладан, эркин иқтисодий зоналар иштирокчилари томонидан тегишли инвестициялар киритилганда, улар: ер солиғи, даромад солиғи, юридик шахслар мулк солиғи, ободонлаштириш ва ижтимоий ин-фратузилмани ривожлантириш солиғи, микрофирмалар ва кичик корхоналар учун ягона солиқ тўлови, четдан келтириладиган технологик асбоб-ускуналар, хомашё ҳамда бутловчи буюмларни олиб киришда божхона тўловларидан озод этилади.

Ушбу истиқболли лойиҳалар биринчи навбатда, ички бозорни кенг турдаги ҳаммабоп, сифатли дори-дармон воситалари ҳамда тиббиёт буюмлари билан янада тўлиқ тўлдиришга имконият яратибгина қолмай, туманнинг саноат салоҳиятини ривожлантиришга замин яратади.

 

М. Акрамов.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.