Халқимизнинг турмуш фаровонлигини янада ошириш, аҳолини меҳнат қилиши ва яхши яшаши учун зарур қулайликлар яратиш, ҳолидан хабар олиш, фикрини эшитиш, мавжуд муаммоларни ўрнида ҳал этишда одамлар билан очиқ мулоқотларнинг таъсирчан ва самарали усулларидан кенг фойдаланиш муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ҳудудларга бириктирилган раҳбарлар, улар бошчилигидаги ишчи гуруҳлари томонидан маҳаллаларда олиб борилаётган ўрганишларда ҳудуд ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг барча қирраси қамраб олинмоқда. Айниқса, аҳоли билан очиқ мулоқотларда тилга олинган муаммоларга эътибор қаратилиб, зарур амалий чоралар кўрилмоқда.

Туман  ҳокими в.б. Ж.Юлдашевнинг «Чорбоғ», «Ўрикзор» маҳаллалари аҳли билан мулоқоти ҳам ҳар қандай расмиятчиликдан холи, самимий, дилдан суҳбат тусини олди.

Аввало, шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, ҳоким раҳбарлигида ишчи гуруҳнинг хонадонма-хонадон юриши асносида кўпчиликнинг оғирини енгил, мушкулини осон қилиш, мақсади мужассам бўлди. Одамлар ўзларини ўйлантираётган муаммони эмин-эркин билдириш имкониятига эга бўлганлиги ҳам инсон манфаатига эътиборнинг яна бир намунасидир.

- Ҳудудимиздаги алоқа, транспорт касб-ҳунар коллежида ҳар икки маҳалла фуқаролари билан мулоқотда туманимиз раҳбари аҳолини қийнаб келаётган, одамларнинг ҳақли эътирозига, сарсону оворагарчиликларига сабаб бўлаётган муаммо ва камчиликларга барҳам бериш бўйича аниқ ва равшан фикрлар билдирибгина қолмай, турмушимизда мавжуд айрим қусурлар ҳақида ҳам тўхталиб ўтди. Жумладан, тўйларимиз ва бошқа маросимлардаги дабдабабозликка барҳам бериш, бир – биримизга бўлган меҳр-оқибат ришталарини янада мустаҳкамлаш, маҳалла, туман, шу муқаддас юрт равнақи ва ривожига дахлдорлик ҳисси билан яшаб, муносиб ҳисса қўшиш  каби масалалар дилдан қилинган суҳбат мавзусига айланди.

Раҳбар ва мансабдор шахсларнинг халқ ичига кириб, ўй- ташвишларимиз билан қизиқаётгани мени янада қувонтирди,-дейди меҳнат фахрийси У.Исахонов.

М.Акрамов.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.