Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак. Президентимизнинг ушбу даъватлари халқимизнинг қалбидан чуқур жой олди. Давлатимиз раҳбарининг топшириғига асосан Юртимизнинг ҳар бир гўшаси, жумладан, туманимизда ҳам бир қатор давлат бошқаруви идоралари раҳбарлари, масъул ходимлар очиқ мулоқотлар, сайёр қабуллар ўтказаётгани аҳолини ўйлантираётган кўплаб масалаларга ойдинлик киритилишига ва муаммоларнинг ечимини топишга хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви раиси ўринбосари Шерзод Ҳожизодаев, «Туронбанк» бошқаруви раиси Чори Мирзаев ва бошқа масъул шахсларнинг туманимиз фуқаролари билан ўтказган сайёр қабулида кўплаб муаммолар жойида ҳал қилинди.

-Маҳалла гузари қуриш учун саккиз ойдан буён 150,0 млн сўм кредит маблағи ололмай келаётгандим, -дейди тадбиркор М. Муҳаммадиев,-Миллий банкнинг туман филиалида бўлиб ўтган сайёр қабулда бу муаммо ҳал бўлди. Ўз маблағим ҳисобидан қурилаётган, қурилиши тугалланмаган 3-қаватли бинони гаровга  қўйиш шарти билан менга кредит ажратиладиган бўлди.

Мамлакатимизнинг чекка-чекка ҳудудларида раҳбарларнинг аҳоли билан мулоқот қилиб, уларнинг дарду ташвишларини тинглашга, муаммоларини ҳал қилишга ундаб келаётган Президентимиздан миннатдорман.

-Президентимизнинг топшириғига асосан бундай сайёр қабуллар ўтказилишини изчил йўлга қўйилаётгани халқимизга бўлаётган  эътибор ва ғамхўрликнинг ёрқин намунасидир,-дейди «Жаҳонгир алоқа» ХК раҳбари М. Ҳабибуллаев. – Сайёр қабулда жамият фаолияти учун автотранспорт сотиб олишга 100.0 млн сўм кредит олиш масаласида Марказий банк раҳбариятига мурожаат қилгандим. Бу масалани уч кун ичида ҳал қилишни «Халқ банки» раҳбария-ти ўз зиммасига олди.

Шу куни ўтказилган сайёр қабулда ўнлаб юридик ва жисмоний шахслар томонидан кўтарилган масалаларга ойдинлик киритилди, муаммолар ечимини топди. Хусусан, кўп вақтдан буён кредит олиш масаласида сарсон бўлиб келаётган Х. Дадажонов, Б. Абдуллаев, Ш. Тўхтамирзаев, Ш. Ҳамдамов, Л. Дадажонов кабиларнинг бу борадаги мурожаатларини қисқа муддатларда ҳал қилиш бўйича масъул шахсларга топшириқлар берилди.

О. Омонов.

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.