Ўзбекистоннинг  ҳар бир жабҳасида юз бераётган  янгилик ва ўзгаришларнинг замирида энг аввало инсон ва унинг ҳуқуқ ҳамда манфаатлари ётади. Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида халқ билан мулоқотнинг янгича механизмига ўтилгани эса юртимизда демократик ислоҳотларни жадал суратларда  давом эттирилаётгани ва инсон омилига эътибор барча нарсадан устун эканлигини  яна бир карра ифода  этади.

Бинобарин, Ўзбекистон Республикаси Президентининг барча вилоят, шаҳар ва туманларда “Халқ қабулхонаси”ни ташкил этишдан  кўзланган асосий мақсад давлат ва халқ ўртасидаги ўзаро ишончни мустаҳкамлашга,  ривожланиш, фаровонлик, одамларни   хуқуқ  ва манфаатлари химояси йўлидаги ҳар қандай бюрократик тўсиқларни олиб ташлаб, муаммоларни ўз вақтида ҳал этилишини таъминлашга хизмат қилиш назарда тутилган.  Ҳўш,  жойлардаги ана шу қабулхоналар қандай иш олиб боряпти унинг  хизматидан халқ мамнунми?

Ушбу саволга туманимиздаги “Халқ қабулхонаси” фаолияти мисолида жавоб топишга ҳаракат қилдик.

Тўғриси, 1 мартдан ишга киришган  Ўзбекистон  Республикаси Президентининг “Халқ қабулхонаси”ни фаолиятини ўрганишдан қониқиш баробарида ибратли  жиҳатларни бошқаларга ҳам  етказишни лозим топдик. Сабаби бу ердаги қайд  этиш дафтарида фуқаролар томонидан ёзиб қолдирилган ташаккурномалардан маълум бўлиб турибдики, мурожаатларнинг 65-70  фоизи  ижобий ҳал  этилган. 

Аниқроғи    31 майгача  мазкур Халқ қабулхонага  жаъми 763 та мурожаат тушган. Шундан 198 таси ёзма, 565 таси оғзаки ва биттаси электрон шаклдаги мурожаатлардир. Май ойини таҳлил қилинса,жаъми 96 та мурожаатдан 91таси ёзма, қолгани оғзаки. Мурожаатчиларнинг 53 нафари хотин-қизлар бўлиб, уларни аксарияти оилавий келишмовчилик, алимент ундириш,  яшаш учун уй-жой билан таъминлаш, моддий ёрдам, саломатлик, бандлик ва ишга тиклаш каби масалалардан иборат. Эътиборлиси, деярли барча  мурожаатлар ортида турган фуқароларни муаммолари қониқарли  ечим топган.

Жумладан,  5 май куни “Сойча” мфй фуқароси  Зуҳра Абдуллаева  ишга жойлашишда ёрдам сўраган ва Халқ қабулхонаси кўмагида Косонсой сиҳатгоҳига  ишга қабул қилинган.   А. Дадахонов  номли мфйда яшовчи   Муҳлиса Жўрабоевани  эса  хақ- ҳуқуқи тикланиб, ҳозирги кунда  ўзи ишлаган касб-ҳунар коллежида  фаолиятини давом эттирмоқда. Шунингдек, Халқ қабулхонаси аралашуви билан штат қисқартириш пайтида оилавий шароити бошқаларга нисбатан оғирлиги  инобатга олинмасдан бўшатилганлигидан норози бўлиб мурожаат этган қўқимбойлик Нигора Турсуновани  ўз жамоасига қайтарилди.  “Булоқбоши” мфй фуқароси Т. Турсунов 2015 йил августда тадбиркорлик қилиш мақсадида  ер сўраб туман ҳокимлигига ариза берган. Ариза ижобий ҳал этилган, ҳоким қарори чиққан. Шу пайтгача унинг ижро этилмаётганидан тоқати-тоқ    бўлажак тадбиркор мурожаатидан натижа чиқиб, “Халқ қабулхонаси” аралашуви билан қарор асосида унга тадбиркорлик учун ер ажратилди. Бундан ташқари  мурожаатчи Мамажон Саидовнинг “Кушон Глобал” МЧЖ корхонасидан 6 ойдан буён  берилиши пайсалга солиб келинаётган иш ҳақи тўлиқ ундириб берилди. Уч нафар фарзанди билан боқувчисини йўқотган Зулфия  Абдуллажонова  Халқ қабулхонасига  мурожаат орқали бир  эмас бир нечта муаммолари  ҳал этилганидан миннатдор.  Аввало оғир хасталикка чалинган аёлга бир марталик моддий ёрдам  пули ажратилди. Малакали мутахассислар кўригидан  ўтказилиб, уларни тавсияси билан  махсус шифохонада даволанишга юборилди. Тиббиёт коллежини тамомлаб, ишга жойлашолмаётган қизи  Хилола Мелибоевани тумандаги “Сафора фарм савдо” МЧЖ раҳбари  Жаҳонгир Умаров   кўмагида  бандлиги таъминланди.

- Муҳтарам Президентимизнинг «Инсонларнинг дарду ташвишларини ўйлаб яшаш - одамийликнинг энг олий меъзонидир», деган сўзлари замирида инсон манфаатларини ҳар нарсадан устун қўйишдек эзгу  ғоя  мужассам, - дейди Халқ қабулхонаси  мудири малакали ҳуқуқшунос Тоҳирахон Мўйдинова.

Шаҳзода АКБАРОВА.

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.