Ўзбекистон -кўпмиллатли мамлакат. Халқимизнинг тинч-тотув, баҳамжиҳат ва аҳил яшаб меҳнат қилаётгани-бизнинг улкан бойлигимиз.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг бешинчи йўналишида хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсат соҳасидаги устувор йўналишлар ўз ифодасини топган. Куни кеча эълон қилинган мамлакатимиз Президентининг «Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони Ҳаракатлар стратегиясида белгилаб берилган давлатимиз мустақиллиги ва суверенитетини мустаҳкамлаш, хавфсизлик, барқарорлик ва яқин қўшничилик муҳитини яратишга қаратилган ўзаро манфаатли ва амалий сиёсатни юритиш, аҳоли, айниқса, ёшлар онгида инсонпарварлик қадриятларини, турли миллат вакиллари ўртасида ўзаро ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлаш, бу борада амалга оширилаётган ишларни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришда муҳим қадам бўлди. Фармонда жамиятда барқарорлик, тинчлик ва тотувликни таъминлаш, фуқаролар онгида катта, кўп миллатли ягона оилага мансублик туйғусини мустаҳкамлаш каби ишларни янада кенгайтириш бўйича долзарб вазифалар белгилаб берилди.

Хусусан, Республика байналмилал маданият маркази ва Ўзбекистон хорижий мамлакатлар билан дўстлик ва маданий -маърифий алоқалар жамиятлари  кенгаши негизида Ўзбекистон Республикаси Ваазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасининг ташкил этилиши ҳам миллатлараро тотувлик ва бағрикенгликни таъминлаш, тинчликсевар сиёсатни, қўлга киритилаётган ютуқларимизни кенг тарғибот қилиш кабиларга доир давлат сиёсатини изчил амалга оширишда муҳим аҳамият касб этади.

Мазкур қўмитага миллатлараро тотувлик, дўстлик ва ҳамжиҳатлик тамойилларини қарор топтириш, миллатлараро муносабатлар маданиятини ривожлантиришга қаратилган ижтимоий ташаббусларни қўллаб-қувватлаш, мувофиқлаштириш ва рағбатлантиришга доир чора-тадбирларни амалга ошириш сингари вазифалар юкланади. Шунингдек, миллий маданий марказларга амалий ва услубий ёрдам кўрсатиш, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, миллати, ирқи ва диний эътиқодидан қатъи назар, фуқаролар онгида кўп миллатли ягона оила туйғусини мустаҳкамлаш, «Ўзбекистон-умумий уйимиз» тамойилини амалга ошириш кабилар ҳам қўмитанинг муҳим вазифаларига айланади.

Бугун жаннатмакон Ўзбекистонимизнинг бир бўлаги бўлган туманимизда 15 дан ортиқ миллат вакиллари яшамоқда. Улар барча соҳаларда фидокорона меҳнат қилиб, туманимизни янада равнақ топишига муносиб ҳисса қўшмоқдалар. Мактаблар, коллеж ва лицейларда таълим жараёнида, ўтказилаётган маънавий-маърифий тадбирларда, аввало, ёшларни бағрикенглик, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат, тарих, маданият, миллий анъана ва урф-одатларни асраб-авайлаш руҳида тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилмоқда ва бу ишларни янада кучайтириш муҳим вазифамизга айланади. Чунки, бу миллатчилик ва экстремизм ақидаларига қарши мафкуравий иммунитетга эга, мустақиллик ғояларига содиқ, Ўзбекистон миллий манфаатларини ҳимоя қиладиган ва илгари сурадиган маънавий баркамол авлодни шакллантириш имконини беради.

Фармон қоидаларининг ҳаётга татбиқ этилиши она -Ватанимиз - Ўзбекистоннинг янада гуллаб - яшнашига хизмат қилади. Зеро, миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик-тараққиёт омили.

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.