Мамлакатни янада ривожлантириш бўйича истиқболли вазифалар белгилаб берилган Ҳаракатлар Стратегиясида, аввало, инсон ва унинг манфаатлари устуворлигини кафолатлашдек олижаноб мақсад ўз ифодасини топган. «Халқ рози бўлса, ишимизда унум ва барака бўлади», дея Президентимиз халқ билан мулоқот, одамларнинг ичига кириш, уларнинг дарду ташвишлари билан яшаш энг устувор вазифа эканлигини алоҳида қайд этди.

Бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларда айни шу тамойил устувор аҳамият касб этмоқда. Бунга Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари фаолияти мисолида ҳам кўриш мумкин.

Хусусан, давлатимиз раҳбарининг «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони ижросини таъминлаш мақсадида туманимизда ҳам ташкил этилган Халқ қабулхонаси қисқа вақт ичида аҳолининг муаммоларига ечим топаётган, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қиладиган ишончли манзилга айланди.

-Одамларимизнинг кўнглига қулоқ тутиш, шу орқали ижтимоий-иқтисодий соҳаларда кузатилаётган камчиликларни қонунчилигимиз ва унинг ижро механизмидаги бўшлиқларни аниқлаб, барчасининг ечимини топиш муҳим вазифаларимиздан ҳисобланади,-дейди Ўзбекистон Республикаси Президентининг Косонсой туманидаги Халқ қабулхонаси мудири Тоҳирахон Муйдинова.

Шаҳримизнинг «Гулобод» маҳалласида жойлашган Халқ қабулхонаси фаолияти билан яқиндан танишар эканмиз, бу ерда мурожаат этувчилар учун шароитлар яратилганига гувоҳ бўлдик. Фуқароларни қабул қилиш, мурожаатларни кўриб чиқишда замонавий ахборот технологияларидан кенг фойдаланилмоқда. Тиббиёт, она ва бола, мутахассислар хоналари, кутиш заллари халқ хизматида. Шунингдек, ногиронлар учун ҳам махсус йўлак-пандус ўрнатилган. Муҳими, фуқароларнинг турли шаклдаги мурожаатлари қабул қилиниб, уларда кўтарилаётган масалалар ўз вақтида ҳал этилишига эътибор кучайтирилмоқда.

-Президентимиз халқни ичига кириб, унинг дарду ташвишларини тинглаш, оғирини енгил қилиш, одамларга муносиб турмуш шароити яратиб бериш барча бўғиндаги раҳбар ва мансабдор шахсларнинг асосий вазифаси бўлиши керак, деб қайта - қайта уқтирмоқдалар,-дейди Т. Муйдинова.- Жорий йилнинг «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили», деб эълон қилиниши замирида ҳам ана шу мақсадлар мужассам.

Фуқароларнинг ўйлантираётган муаммоларни ўз вақтида ва жойида бартараф этилиши учун ҳудудларда сайёр қабуллар ташкил этиш, мутасадди ташкилотлар раҳбарлари ва мансабдор шахслар жалб қилинган ҳокимлик йиғилишларида бу борада қилиниши зарур бўлган ишлар юзасидан кенг  кўламда тушунтириш ишлари олиб боришга эътиборни кучайтирмоқдамиз.

Халқ қабулхонаси мудири Тоҳирахон Муйдинованинг эътироф этишича, Халқ қабулхонасига келган мурожаатлар сони 31 март кунига қадар 138 та бўлиб, уларнинг 68 таси ҳудудий, 37 тасига атрофлича тушунтириш берилгани, 30 таси эса шу жойнинг ўзида ҳал этилгани, 3 таси юқори ташкилотларга юборилгани, мурожаатларнинг кўп қисмини уй-жой ва ер билан таъминлаш, ишсизлик, алимент, моддий ёрдамга оид масалалар ташкил этган.

 

 

 

 

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.