Косонсой тумани яна бир номдор фарзанди билан фахрланадиган бўлди. Наманган Давлат университети магистранти Сардор Рустамовнинг Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат стипендиясига муносиб топилгани ҳақидаги хушхабар яшин тезлигида тар-қалди.

Сардор Рустамов 1991 йилда Косонсой шаҳрининг Ўртакўча маҳалласида яшовчи рус тили ўқитувчиси Муйдинхон Рустамов ва Қундузхон Сотиболдиевалар оиласида дунёга келди. Истиқлолга тенгдош кенжа ўғил тумандаги 6-мактабни тамомлаб, Косонсой педагогика коллежининг жисмоний тарбия йўналишида ўқишни давом эттирди. Сўнгра 2011 йилда НамДУнинг шу йўналиш бўйича талабаси бўлди. Орадан тўрт йил ўтди. Ўтган давр мобайнида у порлоқ келажаги учун мустаҳкам пойдевор қура олди. Тинимсиз ўқиди, устозлар эътиборини қозонди, илмий раҳбар танлади, аниқ мақсад сари олға интилди. Шу билан бирга кафедра профессор-ўқитувчилари ва курс-дошлари ўртасида ҳурмат топди. Нафақат мутахассислик фанларини чуқур эгаллади. Бошқа фанлардан ҳам аъло баҳоларга ўқиши натижасида ҳамда ўзининг хулқи ва одоби билан намунали талаба даражасига кўтарилди. Шу каби  ютуқлари муносабати билан 2015 йили университетнинг «Жисмоний тарбия ва спорт назарияси ва методикаси» мутахассислиги бўйича магистратура босқичига ўқишга имтиёзли қабул қилинди.

Стипендиатимиз илмий иш ва таҳсил билан бир вақтда қўл тўпи ва айкидо спорт турлари билан шуғулланади. «Умид ниҳоллари», «Баркамол авлод» ҳамда «Универсиада» спорт мусобақаларининг барчасида фаол иштирок этиб тобланган Сардор ёшлар ўртасида Ўзбекистон чемпиони, қатор турнирлар ғолиби, спорт усталигига номзод ҳамдир.

У халқаро ва республика доирасидаги илмий журнал ҳамда анжуманларда 50 дан зиёд мақола ва тезислари билан қатнашган. Спорт ва таълимда эгаллаган муваффақиятлари кўплаб диплом, сертификат, фахрий ёрлиқ ва ташаккурномаларда акс этиб турибди.

Изланишлар жараёнида янгиликларга қўл уриб, кўплаб муваффақиятларни қўлга киритди. Илмий фаолияти юксак баҳоланди. «Юрт келажаги - 2014» иқтидорли ёшлар танловининг республика босқичи ғолиби, 2014 йилда Навоий номидаги Давлат стипендияси, 2015 йили «Ўзбекистон белгиси» кўкрак нишони соҳиби бўлди.

Ёш тадқиқотчининг «Имконияти чекланган болаларнинг камол топишида коррекцион ишларнинг ўзига хос хусусиятлари»  монографияси, «Имконияти чекланган болаларни ижтимоий ҳимоя қилишнинг меъёрий-ҳуқуқий асослари» тўплами, «Соғлом турмуш тарзини шакллантиришнинг илмий-тиббий педагогик асослари»  рисоласи ва «Жисмоний маданият назарияси ва услубиёти  тушунчаларининг қисқача изоҳли луғати»нинг муаллифидир.

Сардор Рустамов ёш авлодни жисмонан соғлом ва маънан етук қилиб тарбиялашда ўзининг катта ҳиссасини қўшаётганлардан бири. У айни пайтда Аъзамжон Ҳусанов илмий раҳбарлигида имконияти чекланган болаларнинг жамиятда тутган ўрнини янада оширишни кўзлаб «Имконияти чекланган болаларни реаблитация қилиш ва инклюзив таълим тизимида ўқитишнинг педагогик асослари» мавзуидаги изланишлар билан машғул.

Нега ва айнан шу мавзуни танлагани сабабини сўраганимизда у шундай жавоб берди:

-Университетга ўқишга кирганимнинг иккинчи йили эди. Ҳозирги илмий раҳбарим бизни Наманган шаҳридаги имконияти чекланган болалар мактаб-интернатига амалиётга олиб борди. Тўғриси, у ердаги манзара, яъни ногирон болаларни кўриб, уларга таълим бераётган педагогларнинг машаққатли меҳнатини кузатиб, бир хулосага келдим. Курс иши ва кейинчалик илмий ишим учун асос, ғоя пайдо бўлди. Ўша куннинг ўзида мана шундай болаларга таълим беришнинг самарали усуллари устида изланишга қарор қилдим. Уларга сифатли таълим-тарбия бериш, кўнг-лини кўтариш, жамиятнинг фаол аъзосига айланишига ҳисса қўшишни олдимга катта мақсад қилиб қўйдим...

Сардор анъанавий «ХХI аср - интеллектуал авлод асри» шиори остидаги илмий - амалий конференциянинг кетма-кет - 2014 ҳамда 2015 йиллардаги ижтимоий-гуманитар фанлар йўналиши бўйича республика босқичи ғолиби бўлди. Ўтган йили илк маротаба ташкил этилган «Эртанги кун бизники, марра бизники!» иқтидорли талабалар илмий маърузалар танловининг соғлиқни сақлаш йўналиши бўйича Фарғона водийси бўйича ғолиби сифатида республика босқичида фаол иштирок этди.

Номдор талаба инглиз тилида эркин сўзлаша олади. Ўтган йили Британиянинг Ўзбекистондаги элчихонасида «IELNS» (Internetional english lanquaqe testinq system) талабалари бўйича инг-лиз тилидан «В2-CEFR» талабини бажариб, халқаро даражадаги сертификатга эга бўлди.

-Университетимизда иқтидорли талабаларни аниқлаш, уларни илмий тад-қиқот ишларига йўналтириш ишлари яхши йўлга қўйилган. Ҳозирги кунда 136 нафар талаба режа асосида илмий иш олиб бормоқда. Шунингдек, илмий-ижодий ишга жалб қилинган бакалавр ва магистрантларнинг сони 325 нафарни ташкил этади,-дейди илмий ишлар бўйича НамДУ проректори Муродхон Қодирхонов.-Уларнинг орасида магистр Сардор Рустамовнинг Президент стипендиясига сазовор бўлгани бизни ғоят хурсанд этди. Унинг илмий фаолияти билан яқиндан танишман. Изланувчан, серғайрат йигит. Яқинда у университетнинг «Ёш олимлар кенгаши» раиси этиб сайланди. Қолаверса, олий таълим даргоҳимизда кўп йиллардан бери бундай нуфузли стипендия соҳиби йўқ эди. Сардор Рустамов магистратура мутахассисликлари бўйича бизнинг фахримиз.

Орифжон Жўраев.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.