Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ишлаб чиқилган  “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича, Ҳаракатлар стратегияси” асосида иш ташкил этиш Ўзбекистон «Адолат» СДП Косонсой туман кенгаши, халқ депутатлари туман Кенгашидаги депутатлар гуруҳи аъзолари, БПТ етакчилари ва фаолларининг муҳим вазифасига айланган. Ўтган ҳафтадан бошлаб  Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг 2017 йил февраль-март ойлари учун белгиланган тадбирлар тақвим-режасига биноан жойларда сайловчилар билан яккама-якка, бевосита мулоқот ўтказиш йўлга қўйилди.

– Мазкур тадбирни ўтказиш ҳар ҳафтанинг чоршанба кунига белгиланган. Биз бунга аввалдан пухта тайёргарлик кўрдик, - дейди партиянинг туман кенгаши раиси М. Жалилов. -Биринчи навбатда фаоллардан иборат ишчи гуруҳини шакллантирдик. Унинг аъзоларига вазифани обдон тушунтирдик.

Дастлаб ишчи гуруҳ Чиндовул қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудига ташриф буюришни режалаштирди. Бу бежиз эмас эди, албатта. Чунки Чиндовул тумандаги йирик аҳоли пунктларидан ҳисобланади. Бу ерда   аҳоли турмуш  даражасини ошириш,  кундалик ҳаётда учрайдиган муаммоларни ҳал этишга, инсон манфаатларини таъминлашдек устувор  вазифаларни бажаришга жиддий эътибор берилаётгани аён.

Бу, аҳоли вакиллари билан бевосита мулоқот жараёнида яққол кўзга ташланди.  Масалан, “Ширинбулоқ” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Камолиддин Туропов пластик карталар билан боғлиқ муаммони ўртага қўйди. Ишчи гуруҳи аъзолари “Халқ сўзи”да босилган Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендияларни тўлаш механизмини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг мазмун-моҳиятини тушунтиришди. Фуқаро ўз фикрини қуйидагича ифодалади:

 - Ростини айтсам, мен ушбу қарор тўғрисида оз-моз эшитгандим. Лекин тўла мазмунини англаб етмагандим. Ҳозир ҳаммасини тушуниб олдим. Президентимизнинг мазкур қарори билан барча ҳудудларда аҳоли харид қиладиган товар ва хизматлар учун тўловларни тўсиқларсиз амалга ошириш учун қулай шарт-шароитлар яратилишига ишонч ҳосил қилдим. 

Ҳудуддаги «Деҳқонобод» қишлоқ врачлик пункти мудири Мўйдинжон Мажидов эса аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш билан боғлиқ муаммони баён этди. У соғлиқни сақлаш тизимида ўтказилаётган мақбуллаштириш дастури доирасида ҚВПни қисқартириш режалаштирилганлигини билдирди. Лекин аҳоли бундан норози экан. Ушбу фикрни бошқа фуқаролар ҳам қўллаб-қувватлашди. Шунинг учун ишчи гуруҳ аъзолари масалани туман тиббиёт бирлашмаси ва вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбарлари эътиборига ҳавола этишга қарор қилдилар. Ўз навбатида муаммо ишчи гуруҳи томонидан назоратга ҳам олинди.

Бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин. “Ширинбулоқ” маҳалласида яшовчи Асатилла Қорабоев ишчи гуруҳи аъзоларидан паррандачилик фермаси ташкил этишда ёрдам сўради. Унга тегишли банк муассасасига мурожаат этиш ва бунда қандай ҳужжатлар тайёрлаш лозимлиги ҳақида йўл-йўриқ берилди. Унинг маҳалладоши Комил Саидов қишлоқда аҳоли зичлигини, ёшлар ўртасида ишсизлик мавжудлигини ҳисобга олиб, йирикроқ саноат корхонаси қуриш лозимлиги ҳақида таклиф билдирди. Бу масала туман ҳокимлиги олдига қўйиладиган бўлди. Фуқаро Адҳам Турсунов эса ўғлини ишга жойлаштиришда ёрдам сўради. Бу муаммони туман бандлик маркази билан биргаликда ҳал этишга қарор қилинди.

 Фақат бугина эмас. Шу куни ишчи гуруҳ аъзолари Чиндовулдаги 22 та хонадонда, 42-умумтаълим мактабида, қишлоқ врачлик пунктида бўлдилар.  Жами 200 нафарга яқин фуқаро  билан мулоқот ўтказилди. Аҳоли томонидан кўтарилган 10 та муаммонинг 4 таси ўз жойида ҳал этилди, 4 таси назоратга олинди ва 2 таси бўйича тушунтиришлар берилди. 60 дан ортиқ фуқарога кичик бизнес ва тадбиркорлик билан шуғулланиш, банклардан имтиёзли кредитлар олиб, иссиқхоналар қуриш, парранда боқиш, лимон ва ёнғоқ дарахт-ларини экиш орқали қўшимча даромадга эга бўлиш юзасидан қўшимча тушунтириш-тарғибот ишлари амалга оширилди.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ.

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.