Саволларга ФЖШМҚМИ Наманган вилояти ҳудудий бўлими  раҳбари  Зафаржон Худойбердиев жавоб беради.

Савол: Кимлар Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар кўрсатиш ҳуқуқига эга?

Жавоб: Аввало, шуни таъкидлаш лозимки, давлат бошқарувида, қонунларни ишлаб чиқилишида, мамлакат тақдири билан боғлиқ муҳим масалалар борасида қарорлар қабул қилинишида фуқароларнинг бевосита ва билвосита, яъни сайлаш ва сайланиш орқали иштирок этиши демократиянинг асосий тамойиллари сифатида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва унга асосан қабул қилинган сайлов қонунчилигида белгилаб қўйилган.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 7-моддасида “Халқ давлат ҳокимиятининг бирдан бир манбаидир”, дейилган бўлса, 10-моддасида “Ўзбекистон халқи номидан фақат у сайлаган Республика Олий Мажлиси ва Президенти иш олиб бориши мумкин”, деб белгиланган.

Энди бевосита саволга келадиган бўлсак, “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 24-моддасига асосан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод кўрса­тиш ҳуқуқига сиёсий пар-тиялар эгадирлар.

Сиёсий партия сайлов кампанияси бошланганлиги эълон қилинган кундан камида олти ой олдин Ўзбекистон Республи­каси Адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олинган такдирдагина Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод кўрсатиши мумкин.

Ҳозирги кунда мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган тўртта сиёсий партия - ТИҲ-ЎзЛиДеп, Ўзбекистон “Адолат” СДП, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” ДП, Ўзбекистон Халқ демократик партияси қонунчиликка асосан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига ўз номзодларини кўрсатдилар.

Савол: Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод нечтагача ишонч-ли вакилларга эга бўлиши мумкин? Ишончли вакилларнинг вазифаси нималардан иборат?

Жавоб: "Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 29-моддасига кўра:

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод 15 нафарга қадар ишончли вакилларга эга бўлишга ҳақли. Ишончли вакиллар номзодга сайлов кампаниясини ўтказишда ёрдам берадилар, уни Ўзбекистон Республикасининг Президенти этиб сайлаш учун тарғибот олиб борадилар. Давлат ва жамоат ташкилотлари, сайлов комиссиялари билан бўладиган муносабатларда номзоднинг манфаатини ҳимоя қиладилар. Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзоднинг тақдимномасига кўра, ишончли вакилларни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси рўйхатга олади.

Савол: Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодни рўйхатга олиш қандай тартибда амалга оширилади?

Жавоб: “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 25- моддасига кўра:

Марказий сайлов комиссияси номзодларни қонунда бел­гиланган (юқорида айтиб ўтилган) ҳужжатлар асосида рўйхатга олади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод этиб рўйхатга олинган шахс-га қонунга мувофик, рўйхатга олинганлик гувоҳномаси берилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларни рўйхатга олиш сайловга 35 кун қолганида тугалланади.

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар рўйхатга олинганидан кейин 5 кунлик муддат ичида Мар­казий сайлов комиссияси рўйхатга олинганлик тўғрисидаги хабарни Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод­нинг фамилиясини, исми ва отасининг исмини, туғилган йилини, партияга мансублигини, эгаллаб турган лавозимини, иш ва яшаш жойини, шунингдек уни номзод этиб кўрсат­ган сиёсий партияни кўрсатган ҳолда эълон қилади.

Савол: Кимлар Ўзбекистон Республикаси Президентлигига ном­зод этиб рўйхатга олиниши мумкин?

Жавоб:  “Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг  4-моддасига асосан  35 ёшдан кичик бўлмаган, давлат тилини яхши биладиган ҳамда бевосита сайловгача камида 10 йил Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муқим яшаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароси Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига сайланиш ҳуқуқига эга.

“Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Қонуннинг 25-моддасига кўра:

қуйидагилар:

–         қасддан содир этилган жинояти учун илгари судланган фуқаролар;

–         ўзларига нисбатан жиноий иш қўзғатилганлиги муносабати билан қонун томонидан таъқиб этилаётган фуқаролар;

 диний ташкилотлар ва бирлашмаларнинг профессионал хизматчилари Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод этиб рўйхатга олинмайдилар.

Савол: "Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида"ги Қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик ҳам белгиланганми?

Жавоб: "Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 7-моддасига кўра:

           Сайловни ўтказишнинг қонунда назарда тутилган қоидалари ҳамда тартибини бузувчи шахслар, Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг Ўзбекистон Республикаси Президентини сайлаш ва Президентликка сайланиш, сайловолди ташвиқоти олиб бориш ҳуқуқларини эркин равишда амалга оширишига зўравонлик, алдаш, таҳдид қилиш ёки бошқа йўл билан қаршилик кўрсатувчи шахслар, шунингдек сохта сайлов ҳужжатлари тузган, овозларни атайин нотўғри санаб чиққан, овоз бериш яширинлигини бузган ёки "Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида"ги Қонунни бошқача тарзда бузилишига йўл қўйган сайлов комиссияларининг аъзолари, давлат ва жамоат органларининг мансабдор шахслари қонунда белгиланган йўсинда жавобгар бўладилар. Номзодларнинг шаъни ва қадр-қимматига доғ туширадиган сохта маълумотларни эълон қилган ёки бошқа йўсинда тарқатган, сайлов комиссиялари аъзоларига нисбатан ҳақоратомуз муносабатга йўл қўйган шахслар ҳам жавобгарликка тортиладилар.

Шунингдек, овоз бериш кунига қадар қолган беш кун ичида, шунингдек овоз бериш куни жамоат фикри сўровлари натижаларини, сайлов натижалари прогнозларини ва ўтказилаётган сайлов билан боғлиқ бошқа тадқиқотларни нашр этиш (эълон қилиш), шунингдек уларни умумий фойдаланишдаги ахборот-телекоммуникация тармоқларига (шу жумладан Интернет тармоғига) жойлаштириш тақиқланади.

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.