Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг якунлари ва 2017 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузаларида тан-қидий таҳлил, қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик ҳар бир раҳбарнинг – бу Бош вазир ёки унинг ўринбосарлари бўладими, Ҳукумат аъзоси ёки ҳудудлар ҳокими бўладими, улар фаолиятининг кундалик қоидаси бўлиши керак, деган қатъий талабни қўйдилар.

Демакки, биз бугунги ҳисоботга айнан ана шу талаблардан келиб чиққан ҳолда ёндашишимиз керак.

2016 йилда туманимизда иқтисодиётни ва унинг етакчи тармоқларини модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан янгилашни жадаллаштириш ва кўламларини кенгайтириш, ишлаб чиқаришни диверсификациялаш, йўл-транспорт ва коммуникация инфратузилмасини жадал ривожлантириш, фаол инвестиция сиёсатини амалга ошириш ва хорижий инвестицияларни жалб этиш, зарур ишбилармонлик муҳитини яратиш, аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифати изчил оширилишини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилди.

2016 йилда 59 та янги кичик бизнес субъектлари ташкил этилиб, уларнинг сони туман бўйича 895 тага етказилди. Кичик бизнеснинг улуши  саноатда 83,4  фоизни,  қишлоқ  хўжалиги соҳасида 98,1 фоизни, қурилишда 98,8  фоизни,  чакана  савдо  айланмасида 99,6 фоизни ва аҳоли бандлигида 92.8 фоизни ташкил этди.

Бандлик дастурига асосан ҳисобот даврида 5632 та янги иш ўринлари яратилди, шундан, 4980 та ёки 80,1 фоизи тумандаги қишлоқ ҳудудлари ҳиссасига тўғри келади.

2016 йилнинг 1 январь ҳолатига 2906 нафар битирувчидан 2572 (88,5%) нафарининг бандлиги таъминланди. Йил давомида битирувчиларнинг 51 нафарига ўз фаолиятини йўлга қўйиш учун тижорат банклари томонидан 246 млн сўм кредит маблағлари ажратилди.

“Туманни 2016-2018 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш Дастури”га асосан 2016 йил давомида 28 194 млн. сўм миқдорида маблағларни ўзлаштириш ҳисобига 140 та лойиҳа (саноат соҳасида 24 та, хизмат кўрсатиш соҳасида 72 та, қишлоқ хўжалиги соҳасида 44 та) ишга туширилиб, 930 та янги иш ўрни яратиш кўзда тутилган.

Жорий йил якуни билан 140 та лойиҳалар (режага нисбатан 100,0%) амалга оширилди. Ушбу мақсадлар учун 28,1 млрд.сўм маблағлар (шундан, 21,7 млрд сўми ташаббускорларнинг ўз маблағлари, 6,4 млрд.сўм  банк  кредити) сарфланди. Натижада 930 та янги иш ўринлари барпо этилди.

Шунингдек, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида туманда 2 та 1450 тонна сиғимга эга замонавий музлатгичли омборхона қуриб битказилди ва фойдаланишга топширилди .

 2016 йил якуни бўйича маҳаллий бюджет даромадлар режаси 31,3 млрд. сўмга ёки 99,3 фоизни ташкил этди, харажатлар ижроси 91,5 млрд.сўмга ёки 98,3 фоизга бажарилиши таъминланди.

Тасдиқланган субвенция дастури бўйича 2016 йил давомида жами 140 та янги ташкил этилган объект-лар ҳисобига 226,25 млн.сўм бюджетга қўшимча даромад туширишга эришилди.

Натижада, йил якуни билан (63,9%) 2015 йилга (64,2%) нисбатан жами харажатлардаги субвенция улушини 0.3 пунктга камайтиришга эришилди.

Лекин туманимизда бу борада камчилик ва муаммолар сақланиб қолмоқда, яъни, маҳаллий бюджет харажатларининг 63,9 фоизи мақсадли субвенциялар ҳисобига қопланмоқда ёки республика бюджетидан 57.5 млрд сўм  субвенция олиниши ва республика бюджетига боғлиқлик юқори даражада сақланиб қолмоқда

Мавжуд муаммони бартараф этиш мақсадида: жорий йилда ҳам субвенцияларни камайтириш юзасидан ишларни давом эттириб, йил якунига қадар бюджетда режалаштирилган 63,9  ўрнига 60 фоизга ижро этиш ёки 3.5 фоизга ( 3.9 млрд.сўмга) камайтириш юзасидан қуйидаги чораларни кўришимиз шарт:

янги ташкил этиладиган кичик корхоналар ҳисобига 194 млн.сўм, хизмат кўрсатиш, сервис корхоналар ҳисобига 103.6 млн.сўм, корхоналарни соғломлаштириш, модернизация ва қайта қуроллантириш ҳисобига 57.3 млн.сўм, саноат соҳасида корхоналарни ташкил этилиши ҳисобига 204.1 млн.сўм, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва уларни қайта ишлаш соҳаси ҳисобига 259,4 млн.сўм,  солиқ тўловларини имтиёз муддати тугаши ҳисобига 196,7 млн.сўм ҳамда солиқлар йиғувчанлигини ошириш ҳисобига 326,9 млн.сўм, бошқа қўшимча манбалар ҳисобига 2596,3 млн.сўм жами 3938,3 млн. сўм қўшимча даромадлар туширишимиз талаб этилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 24 ноябрдаги «2016-2019 йилларда Наманган вилоятининг саноат салоҳиятини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-2439-сонли қарори билан тасдиқланган Дастурда белгиланган 14 та қиймати 4,7 млрд.сўмлик лойиҳалар ҳамда 252 та янги иш ўринлари яратилиши ҳисобига бюджетга қўшимча равишда 450 млн.сўм даромадлар туширишимиз лозим бўлади.

Бундан ташқари, маҳаллий бюджетдан маблағ олувчиларни етарли меъёрий хуқуқий асоси мавжуд бўлмаган муассасалари фаолиятини қисқартириш ҳамда бюджет харажатларини мақбуллаштиришнинг қатъий чораларини кўришимиз керак.

Ижтимоий нафақалар учун ажратилган маблағларнинг ҳақиқий талабини чуқур таҳлил қилиш ҳисобига уларни тайинлашни манзиллилигини янада ошириш асосида харажатларни мақбуллаштириш ва субвенцияга боғлиқлик даражасини камайтириш чораларини кўрамиз.

Туманда 2016 йил давомида 13 млн 934 минг доллар миқдорида экспорт режаси белгиланган. Шундан 700 минг доллар саноат маҳсулотлари экспортини, 13 млн 234 минг доллари эса мева-сабзавот маҳсулотларини ташкил қилади.

Йил давомида туманда 758, 3 минг доллар миқдорида маҳсулот экспорт қилинган холос, бу атиги 5.4 фоизни ташкил этади. Шундан, 710, 2 минг доллар саноат маҳсулотлари (101,5 %) мева-сабзовот маҳсулотлари эса 48.1 минг долларни ташкил этди.

Шунингдек, “Косонсой тўқимачи” корхонаси Хитой Халқ Республикасининг инвесторларига сотилиб, улар томонидан пахта хом ашёсини қайта ишлаб газлама, сочиқ  маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Мазкур лойиҳа тўлиқ амалга оширилса, туманнинг 2 минг нафар аҳолисини иш билан таъминланиши кўзда тутилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 29 декабрдаги “2016-2020 йилларда қишлоқ хўжалигини янада ислоҳ қилиш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-2460-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида белгиланган чора-тадбирлар Дастури доирасида туманда 2017 йилда пахта экиладиган майдонлардан 370 гектар ва ғалла экиладиган майдондан 100 гектар, жами 470 гектар майдонни қисқартириш белгиланган.

Шундан келиб чиққан ҳолда, 2017 йил ҳосили учун тасдиқланган қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштириш режасида мазкур ер майдонлари пахта ва ғалладан қисқартирилиб, мазкур ер майдонларида  мева-сабзавотчилик ва чорвачилик йўналишидаги янги фермер хўжаликларини ташкил этиш чоралари кўрилмоқда.

Жумладан, пахта ва ғалладан қисқартирилган ер майдонларида жами 88 та, шу жумладан сабзавотчилик йўналишида 34 та  172 гектар, картошкачилик йўналишида 30 та 154 гектар, мойли экин етиштириш бўйича 3 та 16 гектар, чорвачилик йўналишида 4 та 36 гектар, паррандачилик йўналишида 1 та 8 гектар, қуёнчилик йўналишида 1 та 8 гектар, боғдорчилик йўналишида 12 та 62 гектар, узумчилик йўналишида 3 та 16 гектар майдонга лойиҳалар ишлаб чиқилиб, янги фермер хўжаликлари ташкил этиш бўйича танловлар эълон қилинди.

Шунингдек, ердан самарали фойдаланмаётган, шартнома режаларини бажара олмаётган, моддий-техника воситалари ҳамда молиявий ҳолати яхши бўлмаган бир қатор фермер хўжаликлари билан ер ижара шартномалари бекор қилиниб, улар ўрнида деҳ-қончилик тажрибасига эга бўлган кишиларга берилиб, янги фермер хўжаликлари ташкил қилинди.

Бугунги кунда туманимизда фермер хўжаликларининг умумий сони 632 тага етди.

Жумладан, пахта ва ғаллачилик йўналишида 331 та фермер хўжалиги бўлиб, уларнинг   ўртача ер майдони 47 гектардан, сабзавотчилик ва полизчилик йўналишида 43 та - ўртача ер майдони 9 гектардан, боғ ва узумчилик йўналишида 178 та - ўртача ер майдони 7,3 гектардан, чорвачилик йўналишида 22 та - ўртача ер майдони 37 гектар ҳамда бошқа йўналишда 55 та фермер хўжалигига ўртача 8,9 гектардан ер майдони ажратиб берилди.

Натижада 3,5 мингта янги иш ўринлари яратилди.

324 та фермер хўжалиги билан 22,6 минг тонна бошоқли дон сотиш юзасидан ҳамда 327 та фермер хўжалиги билан
13,2 минг тонна пахта хом-ашёси сотиш бўйича контрактация шартномалари тузилиб, тумандаги таъминотчи ва хизмат кўрсатувчи ташкилотлар томонидан шартнома асосида моддий ресурслар таъминоти тизимли амалга оширилмоқда.

Бу соҳада янада самаралироқ натижаларга эришиш мақсадида, энг аввало, фермер хўжаликлари томонидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмларини кўпайтириш, белгиланган шартномавий режалар ижросини таъминлаш билан бир қаторда фермер хўжалиги ва ишловчиларни даромадларини ошириш, бунинг учун агротехник тадбирларни юқори савияда амалга оширилишини таъминлаш чораларини кўришимиз керак.

Буюртмачи корхоналар ва ташкилотлар ҳамда пудрат ташкилотлари ўртасида пудрат шартномалари тузиш, объектларни белгиланган муддатларда сўзсиз ишга тушириш бўйича:

2016 йилда 5,47 млрд.сўмлик марказлашган бюджет маблағлари ҳисобидан жами 4 та объект, шундан 2 та умумтаълим мактаби, 2 та болалар спорти объектлари фойдаланишга топширилди.

Ҳисобот йилида туманнинг 2 та массивида жами 64 та намунавий лойиҳа асосида уй-жойлар қурилиб, ушбу массивларга 1,94 км сув тармоқлари, 2,1 км электр тармоқлари, 1,5 км газ тармоқлари тортилди.

Жорий йилда Инвестиция дастури доирасида марказлашган бюджет маблағлари ҳисобидан қиймати 1,71 млрд. сўмлик 345 койкага мўлжалланган марказий шифохонани мукаммал таъмирлаш ишларини ҳамда 2017 йилдаги Гўрмирон массивида қурилиши режалаштирилган  жами 80 та намунавий уй-жойларни қуриш ва ўз муддатида фойдаланишга топшириш чоралари кўрилмоқда.

Ҳисобот даврида  1 та туман, 1 та шаҳар, 6 та қишлоқ маданият уйлари негизида янги типдаги маданият ва аҳоли дам олиш марказлари қайта қурилиб, фойдаланишга топширилди.

Маҳдуми Аъзам номли маданият ва истирохат боғига 5 та  янги турли аттракцион ўйинлар ўрнатилиб, фарзандларимизни мароқли дам олишлари  учун шароитлар яратилди.

Бундан ташқари, аҳолига қўшимча қулайлик яратиш мақсадида боғ худудида вақтинчалик автомобиллар турар жойи, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари ишга туширилди.

Айни кунда боғ ҳудуди кенгайтирилиб, қўшимча равишда аҳолига маданий, маиший хизмат кўрсатиш шахобчаларини ташкил этиш ишлари олиб борилмоқда. 

Коммунал тўловдаги  қарз-дорлик ҳамон долзарблигича қолмоқда.

“Тумангаз” корхонасида 2017 йил 1 январь  ҳолатига жами  19 млрд 785 млн.сўм дебиторлик қарздорлик мавжуд.

Қарздорлик 2016 йил бошига нисбатан жами 1 млрд. 477 млн.сўмга  кўпайганлиги ачинарли ҳол, албатта.

Худди шунингдек, туман электр тармоқлари корхонасида 2017 йил 1 январъ  ҳолатига  жами  4 млрд., 644 млн.сўм,  2016 йил бошига  нисбатан қарздорлик  жами 1 млрд. 199 млн. сўмга ошган.

Коллеж битирувчиларини иш билан таъминлаш долзарб масалалардан биридир. Таҳлилларга кўра, ўтган йилда тумандаги касб-ҳунар коллежларини битирган  2970 нафар битирувчидан 2801 нафарининг (94.3 фоиз) бандлиги таъминланди. Шулардан ишга жойлашганлар сони 2751 нафарни (92.6 фоиз) ташкил этди.

Ишга жойлашган 2751 нафар битирувчилардан бириктирилган корхонага ишга жойлашганлар 1184 нафарни (567 нафари қизлар), бошқа корхоналарга 1567 нафарни (828 нафари қизлар), ўз мутахассислиги бўйича иш билан таъминланганлар 1545 нафарни  (740 нафар қизлар) ташкил этди.

Жорий йилда 2-сонли академик лицей ва 9 та касб-ҳунар коллежларидан жами 166 нафар битирувчи (55 нафари қизлар) олий ўқув юртлари талабаси бўлди.

Улардан 50 нафарини (18 нафари қизлар) касб-ҳунар коллежларини битирганлар ва 116 нафарини (37 нафари қизлар) 2-сонли  академик лицей битирувчилари ташкил этмоқда.  

Тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётганлар 60 нафарни          (31 нафари қизлар), шундан  якка тартибдаги тадбиркорлар 40  нафарни      (6 нафари қизлар) ташкил этмоқда.

2016 йилда битирувчиларга тижорат банклар томонидан 254.5 млн. сўм миқдорида кредитлар ажратилди (шундан 12 нафар қизларга 75 млн. сўм кредит берилган).

Якка тартибда тадбиркорлик фаолиятини бошлаган 40 нафар битирувчига 245.5 млн.сўм кредит ажратилди (шундан 15 нафар қизларга 64 млн.сўм кредит берилди).

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 28 апрелдаги  “Иқтисодиётда хусусий мулкнинг улуши ва аҳамиятини ошириш тўғрисида”ги 2340-сон қарори ижросини таъминлаш бўйича: туманда 23 та давлат мулки объект-ларидан келгусида самарали фойдаланиш вазифа қилиб қўйилган эди.

Жумладан:

- «Пахта    толаси» АЖда   қўшимча  акция  чиқарилиб, баҳолаш  якунланиб,  давлат улуши  белгиланган  тартибда   хўжалик   жамияти  устав  фондига  ўтказиб берилди.

- “ноль” қийматда берилиши белгиланган 3 та объект  давлат тендер   комиссияси  қарори  билан 850.0  млн. сўм  минимал инвестиция  киритиш  ва  67 та  иш ўринлари яратиш шарти билан  тадбиркорларга берилди.

- оммавий савдолар орқали хусусий мулкка сотилиши белгиланган 13  та давлат кўчмас мулк объектларининг барчаси ўз харидорини топди.

- тугатилиши белгиланган 4 та давлат корхона ва муассасаларининг барчаси тугатилиб, давлат реестридан чиқарилди;

- бузилиши белгиланган 2 та давлат объектнинг тўлиқ бузилиши таъминланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 11 февралдаги “2015-2019 йилларда тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш тўғрисида”ги ПҚ-2298-сонли қарори ижроси доирасида қабул қилинган Дастурга асосан 2016 йилда жами 3 та ҳудудий тасарруфдаги корхоналарнинг 5 та лойиҳаси бўйича таклифлар ишлаб чиқилиб вилоят ҳокимлигига тақдим қилинди.

2017 йилда туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш учун нималарга эътибор қаратиш лозимлигини тегишли мутахассислар, кўпни кўрган нуронийлар билан маслаҳатлашдим ва қуйидаги ишларни асосий вазифалар этиб белгилаб олдим:

2017 йил учун мева-сабзавот экинларини экиш, етиштирилган ҳосилни экспортга ва қайта ишлашга йўналтириш. Бир йилда етиштириладиган маҳсулотлар ҳажми бўйича туманда жами 40 минг тонна сабзавот ва 25 минг тоннадан ортиқ мева ишлаб чиқариш прогнози белгиланиб, шундан 16 минг тоннадан ортиқ мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш кузда тутилган. 2017 йилда 1902.7  минг долларлик маҳсулот экспорт қилиш режалаштирилди.

Саноат йўналишида: 2017 йилда умумий қиймати 20.3 млрд.сўмлик 12 та лойиҳани амалга ошириш ва бунинг ҳисобига 484 та янги иш ўринларини ташкил этиш режалаштирилган. Сарфланиши режалаштирилган маблағларнинг 7 млрд. сўми лойиҳа ташаббускорлари томонидан, 13,3 млрд. сўми тижорат банклари кредит маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

 (Дастур доирасида «ORIENTAL GARMENT TEXTILES» МЧЖда трикотаж махсулотлари ишлаб чиқариш, «Қурувчи Кушон» МЧЖда цемент ишлаб чиқариш каби йирик лойиҳалар фойдаланишга топширилади.)

Лойиҳаларни ишга туширилиши ҳисобига йил якуни билан саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 122,1 фоизга, истеъмол моллари ишлаб чиқариш 125,1 фоизга ўсиши режалаштирилган.

Хизмат кўрсатиш йўналишида: 2017 йил давомида 20 та лойиҳа амалга  оширилиб, бу мақсадлар учун 4,1 млрд. сўм маблағ сарфлаш ҳисобига 132 та иш ўринлари яратилади.

Қишлоқ ҳўжалиги соҳасида:  2017 йилда жами 31 та лойиҳани амалга ошириш белгиланган. Ушбу мақсадлар учун 9,6 млрд. сўм (шундан, 5,2 млрд. сўми банк кредити) миқдорида маблағ сарфланиб, 249 та янги иш ўринлари яратилади.

2017 йилда якуний иш натижалари, қаттиқ интизомга риоя қилиш ҳамда тобора ортиб бораётган замонавий талабларга мувофиқ раҳбарлар ва мансабдор шахсларнинг маъсулиятини оширишни тизимли йўлга қўямиз.

Албатта, устувор вазифалар қаторида “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастурини амалга ошириш доирасида аҳоли билан доимий мулоқотни ривожлантиришга, аҳоли турмуш даражаси ва шароитини, унинг моддий фаровонлигини оширишга қаратилган тадбирлар асосий диққат марказимизда бўлади.

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.