Президентимизнинг Конституциямиз қабул қилинганлигининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида бугунги тез ўзгараётган дунё инсоният олдида, ёшлар олдида янги-янги, буюк имкониятлар очаётгани, шу билан бирга, уларни илгари кўрилмаган турли ёвуз хавф-хатарларга ҳам тўқнаш келаётганлиги, ғаразли кучлар содда,  ғўр болаларни ўз ота-онасига, ўз юртига қарши қайраб, уларнинг ҳаётига, умрига зомин бўлаётганлиги ҳақида огоҳлантириб, бу масалада ҳар биримиз ҳушёрликни янада оширишимизни огоҳ этдилар.

Косонсой мактабгача таълим ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежида ўтказилган «Биз ёшлар терроризмга қаршимиз» мавзусидаги илмий-амалий анжуманда бу даъватлар яна бир бора ёдга олиниб, теран фикрлар ва мушоҳадалар билдирилди.

Аввало шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, коллежнинг ижтимоий-гуманитар фанлар кафедраси ва «Камолот» ЁИҲ бошланғич ташкилоти ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирга кафедранинг тажрибали ўқитувчиси, таниқли сиёсатшунос  Ҳамидулла ака Абдуллаев бош-қош бўлдилар. Фидойи устоз Ҳ. Абдуллаев ташаббуси билан ўтказилган илмий-амалий анжуманда 154,156-гуруҳлар талабалари фаоллик кўрсатдилар. Анжуман қатнашчилари ўқувчилар маърузаларини тинглар экан, юртимизда давлатнинг дин ва диний ташкилотлар билан муносабати, ислом динининг Марказий Осий минтақасида тутган ўрни ва аҳамияти, диний экстремизм ва терроризмнинг жамият барқарорлигига таҳдиди, бу салбий иллатларга қарши курашнинг халқаро сиёсий, ҳуқуқий асослари каби масалаларда янада кўпроқ маълумотга эга бўлишди.

Мухлиса Маликова, Дилшода Узоқхонова, Дилҳаёт Абдураҳмонова, Дилшода Неъматуллаева, Машҳура Аҳмаджонова, Шаҳноза Жаҳонгирова, Мадина  Абдуллаҳаева, Одина Абдуллахонова, Раҳбарой Ҳамидхонова, Мухлиса Узоқхонова, Хуршида Рашидова, Иқбола Давлатбоева сингари ўқувчиларнинг мавзу доирасидаги маърузалари алоҳида эътироф  этилди.

Коллеж директори И. Муродов, «Косонсойнома» газетаси масъул ходими, туман Кенгаши депутати М. Акрамов сўз олиб, мазкур тадбирнинг аҳамияти, ёшларнинг бундай хавф-хатарлардан огоҳ бўлишга чақирдилар.

Коллежнинг ёш ижодкорлари ва туман маданият ва спорт ишлари бўлимининг М. Оғлонов раҳбарлигидаги гуруҳи томонидан «Ватан ашъори» адабий композиция намойиш этилди.

Шоира Набиева, коллеж ижтимоий

фанлар ўқитувчиси.

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.