Бугун мамлакатимиз, халқимиз ҳаётида муҳим кун. Сайлов участкаларига овоз бериш учун келган сайловчиларнинг юз-кўзида хурсандчилик, кўтаринки кайфиятни илғаш қийин эмас.

Косонсой туманидаги 48та сайлов участкасида муҳим сиёсий тадбирга пухта ҳозирлик кўрилганлиги сайловчиларнинг эмин-эркин овоз беришига, сайлов жараёнининг юқори савияда ўтишига замин бўлмоқда.

Тумандаги 144-сайлов участкасида сайловчи учун барча қулайликлар яратилгани яққол кўзга ташланади. Дид билан жиҳозланган она ва бола хонаси, тиббий хизмат хонаси ҳар қандай кишининг эътиборини тортади. Сайлов участкасида ногиронларнинг овоз беришлари учун алоҳида қулайликлар яратилгани, улар учун махсус кабиналар ва пандуслар ташкил этилгани юртимизда инсон омилига эътиборнинг ёрқин намунасидир. Участка сайлов комиссияси аъзоларининг ўз ишини катта масъулият билан бажараётгани, айниқса, таҳсинга муносиб.

- Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови миллий қонунчилик ва умум эътироф этилган қоидалар асосида юксак уюшқоқлик билан ўтаётганига гувоҳ бўлиб турибмиз, -дейди мазкур сайлов участкасида рўйхатга олинган «Аҳмадхон ҳожи Косоний» фермер хўжалиги раҳбари Анвархон Абдуллаев. - Мамлакатимизда сайловга тайёргарлик жараёни миллий қонунчилик, халқаро сайлов стандартларига тўла мувофиқ ҳолда ташкил этилганлиги, кўриб турганингиздек, овоз бериш жараёни юқори савияда, уюшқоқлик билан ўтишига хизмат қилмоқда. Фуқароларнинг фаоллиги эса уларнинг юртимиз келажагига масъулият билан ёндашишларидан дарак беради. Мен ҳам умум эътироф этилган демократик тамойилларга мос равишда яратилган очиқ-ошкора овоз бериш имкониятидан фойдаланиб, мақсадларимиз рўёби ва Ватан равнақи учун энг муносиб номзодга овоз бердим. Мен танлаган номзод жонажон Ўзбекистонимизни янада баланд чўққиларга олиб чиқишига ишонаман.

Туманнинг қишлоқ ва маҳаллаларини кезиб, сайлов участкаларида овоз бериш жараёнини кузатар эканмиз, энг аввало, фуқароларимизнинг юксак сиёсий фаоллигини қалбан ҳис этдик. Сайлов барча ҳудудларда миллий қонунчилик, халқаро меъёрлар асосида юксак уюшқоқлик билан ўтмоқда, дейишга барча асосларимиз бор. Овоз бериш жараёни давом этмоқда…      

Анорбой ОЛИМОВ, Муҳаммадхон АКРАМОВ.

 

 

 

 

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.