Бутун мамлакатимизда бўлгани каби туманимизда ҳам муҳим сиёсий тадбир - Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига қизғин ҳозирлик кўрилди ва бугунги кунга келиб сайловни демократик тамойиллар асосида ўтказишга ҳамма нарса тайёр қилинди. Хусусан, фуқароларнинг ўз конституцион ҳуқуқларидан фойдаланиб, ўз хоҳиш - иродаларини эркин билдиришлари учун кенг имкониятлар яратилди. Буни туманда ташкил этилган 48 та сайлов участкаси мисолида кўришимиз мумкин. Бу энг аввало, участка сайлов комиссиялари учун қулай бинолар танланиб, сайловчилар, сайлов комиссиялари ҳамда кузатувчиларга зарур қулайликлар яратилганида, айни чоғда улар зарур жиҳозлар, ахборот-коммуникация воситалари билан тўлиқ таъмин этилганида кўзга ташланади. Шулар қаторида сайловчилар овоз бериш вақти ва жойи тўғрисида хабардор қилинди.

-Сайлов участкамизда сайловнинг тенглик, ошкоралик ва демократик тамойиллар асосида ўтишини таъминлаш учун бара шароитлар яратилди,-дейди 157 - участка сайлов комиссияси раиси А. Алибоев. - Участкада 2626 нафар сайловчи рўйхатга олинган бўлиб, шундан 127 нафарини биринчи марта овоз берадиган ёшлар ташкил этади ва барча сайловчилар рўйхати осиб қўйилди. Участка компюьтер, алоқа техникалари билан жиҳозланди. Бундан ташқари она ва бола, тиббиёт хоналари ташкил этилди. Овоз бериш хоналари, қутилар, кўчма қутилар тахт қилиб қўйилди. Сайловга оид қонун-йўриқнома, қўлланма, зарур адабиётлар, номзодларни таништирувчи плакатлар билан таъминланди.

Участкамизда ногиронларнинг овоз беришлари учун етарли шарт-шароит муҳайё этилди. Пандуслар, алоҳида овоз бериш кабиналари тахт қилиб қўйилди.

Мазкур сиёсий тадбирда биринчи  марта қатнашадиган ёшлар ўртасида тушинтириш ишлари олиб боришга алоҳида эътибор қаратилди.

-Мустақиллик йилларида Биринчи Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимизнинг демократик тамойилларга тўлиқ жавоб берадиган, халқаро стандартларга мос миллий сайлов тизими ва қонунчилиги яратилди,-дейди «Обод» МФЙ раиси, туман Кенгаши     депутати Муҳаммадшокирхон Носиров. - Бу жараёнда аҳолининг фаоллиги ортиб бораётгани эътиборга моликдир. Бунга 4 декабрда бўладиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига кўрилган тайёргарлик жараёни ёрқин мисол бўла олади. Ўтган қисқа вақт ичида сайлов ўтказиладиган участкаларда, хусусан, маҳалламиз ҳудудига  49-мактабда ташкил  этилган 165- сайлов участкасида сайловчилар учун барча қулайликлар яратилган, фуқаролар тайёргарлик жараёнининг боришидан тўла хабардор қилиб борилаётир. Бу ишларни ташкил этишда маҳалланинг ўрни салмоқли бўлмоқда.

«Фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги Қонуннинг 11-моддасида участка сайлов комиссиялари аъзолигига Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган, маҳаллада доимий рўйхатда турувчи, ҳурмат-эътиборга сазовор, сайлов қонунчилиги билан яқиндан таниш бўлган фуқаролардан номзодлар тавсия этиш белгиланган.

Бу ваколатдан самарали фойдаланиб, вакиллар йиғилиши ўтказиб, участка сайлов комиссияси таркибига муносиб номзодлар тавсия этдик. Хусусан, 165-участка сайлов комиссияси раисининг ўринбосари вазифасини маҳалла фуқаролар йиғини котиби Абдувоҳид Азизов самарали олиб бормоқда. Комиссия аъзолари сафида маҳалла фаолларидан Аълохон Азизов, Мастура Тошхонова кабиларнинг фаолиятлари ибратга лойиқдир.

Умуман олганда, маҳалламизда 4 декабрь куни бўлиб  ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига миллий қонунчилик, демократик тамойиллар асосида пухта ҳозирлик кўрилди.

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.