Асосий Қомусимизда халқимизга хос урф-одат, имон-эътиқод, инсоф ва диёнат, ор-номус, меҳр-оқибат каби самимий инсоний фазилатлар ўз аксини топган. Диёримизнинг барча ҳудудларида яшовчи фуқаролар, хусусан, мўмин-мусулмонлар ҳам ушбу Қомусда белгилаб қўйилган барча ҳақ-ҳуқуқлар ва эркинликлардан фойдаланмоқдалар.

Яратганимиз инсон наслини шарафлади, унга беҳисоб неъматлар, яхшиликлар ато этди, бошқа мавжудотларга бермаган фазилатларни айнан одамга хослаб:

«Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ва денгизга (от-улов ва кемаларга) миндириб қўйдик ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик ва уларни ўзимиз яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик», деб марҳамат қилди.

Бу ҳолат Бош Қонунимизда ҳам ўз аксини топган. Унда инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари билан бир қаторда виждон эркинлиги кафолатланган. «Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динига эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбурий сингдиришга йўл қўйилмайди» (31-модда).

Конститутциямизда давлат барча фуқароларга меҳнат қилиш, илм олиш, ўзлари хоҳлаган касб-ҳунур эгаллаши, билим савиясини ошириши учун зарур шарт-шароитларни яратиб бериш кафолати ўз ифодасини топган.

Биз ниманидир ўз олдимизга мақсад қилиб қўймайлик, қандай буюк ишларни амалга оширишга интилмайлик, барча олижаноб ҳаракатларимизнинг негизида, барча эзгу ниятларимизнинг замирида фарзандларимизни ҳам жисмонан, ҳам маънавий жиҳатдан соғлом қилиб ўстириш, уларнинг бахт-саодати, фаровон келажагини қуриш, дунёда ҳеч кимдан кам бўлмайдиган авлодни тарбиялаш орзуси мужассам. Чиндан ҳам, Асосий Қонунимиз ана шу улуғвор мақсад ва интилишларимизнинг мустаҳкам ҳуқуқий асосидир.

Бош Қонунимизнинг яна бир жиҳати, унинг бағрикенглик тамойилларини ўзида тўла акс эттирганлигидир. Маълумки, мамлакатимиз тарихан кўп миллатли ўлка бўлганлиги туфайли бу заминда кўплаб дин вакилларининг эмин-эркин яшашлари учун барча шароитлар яратилган. Юртимизда бошқа ташкилотлар қатори диний жамоалар ҳам жамият тараққиётида тобора фаол иштирок этиб, халқимизнинг маънавияти ва қадриятини тиклаш, ўзлигимизни англаш, энг асосийси, мустақиллигимизнинг мустаҳкам ва боқий бўлишига ҳиссаларини қўшмоқдалар. Юртимиз мусулмонлари бошқа динларнинг вакиллари билан биргаликда ягона мақ- сад - Ватанимизнинг янада гуллаб-яшнаши йўлида ҳаракат қилмоқдалар.

Барчамизга яхши маълумки, 2016 йил 4 декабрь - Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови куни. Асосий Қомусимизда барчамизга Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида қатнашиб, овоз бериш имконияти берилган. Бу ҳуқуқ, бу имкониятдан фойдаланиб, эл-юрт тинчлиги ва халқ фаровонлигини янада яхшилаш йўлида хизмат қиладиган муносиб номзодга овоз берайлик.

Яратганнинг ўзидан азиз Ватанимиз ва унинг меҳнатсевар, илмли ва ихлосли халқини тинчлик, омонликда бўлишини сўраб дуолар қиламиз.

М.Абдусамиев,

Ўзбекистон мусулмонлар идорасининг тумандаги вакили.

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.